ЖАМОА АҲИЛ БЎЛСА, МУВАФФАҚИЯТ МУҚАРРАР
Чустликлар азалдан тадбиркор ва ҳунарманд, Молия муассасалари уларнинг доимий ҳамкори. Тез ва сифатли хизмат кўрсатилгани учун ҳам кўпроқ бизнинг филиалимизга мурожаат қилишади. Бунинг боиси, филиалда ўз касбига садоқатли ва фидойи, ғайрат-шижоатли инсонлар ишлайди.
Равшанбек Турғунов ҳамкасбларимнинг энг фаоли. Унинг бир ўзи шу йилнинг 10 ойида 395 нафар мижозга 10,7 миллиард сўмлик кредитлар расмийлаштирди. “Hamkorbank” АТБда энг кўп ипотека кредит ажратувчи ходимлар қаторида туришининг ўзи биз учун фахрли. 37 нафар мижозга 3,3 миллиард сўмлик ипотека кредити ажратишга муваффақ бўлди.
Рақобат кучлилигига қарамасдан иқтисодий кўрсаткичлар йилдан йилга яхшиланиб бормоқда. Бош банк томонидан ойига 700 миллион сўм режа кўрсаткичи қўйилган. Бу ҳар доим ортиғи билан бажарилади. Ўтган йилги карантин даври ҳам кўрсаткичларимизга таъсир қилмади. Муҳими кредит портфелидаги муаммоли кредитлар деярли йўқ.
Албатта, юқоридаги муваффақиятлар ҳамкасбларимизнинг ўз ишига масъулият билан ёндашишининг натижаси. Жамоага жонкуяр, ўз соҳасининг билимдон ва изланувчан мутахассиси Саиджон Содиқов раҳбарлик қилар экан, ютуқлар салмоғи ортиб, камчиликлар бартараф этилади.
Йирик мижозларга кредитларни корпоратив хизматлар бўлими ажратади. В. Шодмонов кўмагида биргина “TRANS AG” масъулияти чекланган жамияти учун 193 минг евро миқдорида маблағ берилди. Корхонанинг 5 та асосий воситаси 8 тага етди ва қўшимча 3 та янги иш ўрни яратилди. Фаолияти янада кенгайтирилиб, қўшимча даромад манбаига эга бўлди.
Банкнинг муваффақиятлар омили шуки, чакана бизнес, корпоратив ва ундирув, касса операциялари ҳамда мидл ва бек офис бўлимлари мижозларга сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Қайси бўлимга эътибор қилманг, ўзининг доимий мижозларига эга. Айниқса, жисмоний шахсларни кредитлаш йўналишида мижозлар оқими кўпчиликни ташкил қилади. Буни рақамларда кўрадиган бўлсак, йил бошида жисмоний шахслар учун ажратилган кредит портфели қолдиғи 23,2 миллиард сўмни ташкил қилган бўлса, бугун бу кўрсаткич 42,1 миллиардни кўрсатмоқда. 10 ой давомида жами 1 минг 684 та мижоз учун 35,6 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.
Жамоамиз аҳиллиги ва бирдамлиги билан яхши натижаларга эришяпти. Шундай ишласак, муваффақиятлар ҳамиша ҳамроҳимиз бўлиши муқаррар.
Музаффар ҒАФФОРОВ,
Чуст филиали чакана бизнес бўлими бошлиғи.

