ЖАҲОН БОЗОРИГА ЙЎЛ

Хоразмдаги “Урганч бахмал” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Шуҳрат Ҳалимов Бухородаги собиқ ип — йигирув фабрикаси (ХБК)да ишлаб юрган кезларида корхона очиб, мустақил иш юритишни мақсад қилган ва малака ошириш асносида тўқимачилик соҳасини яхши ўзлаштирган эди. Унинг орзуси 2007 йилда амалга ошди, яъни “Урганч бахмал” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этди. Аввалига ички бозорда оддий бўздан тайёрланган маҳсулотлар сотиш йўлга қўйилди. Бозорнинг пасту баландини ўрганиб, аҳоли эҳтиёжларига эътибор қаратди. Техник жиҳозлар, хомашё сифати, маҳсулотлар дизайни ва табиийлигини инобатга олди. Ёшларни ишга жалб қилди. Уларнинг ғайрат-шижоати ва янгиликларни тез илғай олиши ривожланишга йўл очди.

Таъсисчи ташкилий ишлар билан кўпроқ банд бўлгани боис корхона ишларига Умрбек Бекчанов масъуллик қила бошлади. У ишбилармон, иқтисодий билимларга эга. Икки тадбиркорнинг қарашлари, мақсадлари бир-халқимизга хизмат қилиш.
Изланишлари туфайли корхона йил сайин иқтисодий юксалиб борди, янги иш ўринлари яратилиб, ишлаб чиқариш қуввати ортди. Дастлаб қўшни респуб­ликаларга маҳсулот сотишни амалга оширган “Урганч бахмал” МЧЖ аралаш газламалар ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан бири сифатида танилди.
— Корхонамиз туркиялик мутахассислар билан биргаликда Европанинг замонавий технологияларидан фойдаланган ҳолда янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқармоқда, -дейди тадбиркор.
“Урганч Бахмал” МЧЖга қарашли пардозлаш фабрикаси пигмент ва реактив бўёқлардан фойдаланган ҳолда айланма, рақамли босма ва монохром ранг бериш имкониятига эга. Пахта ва блуза матолари, яъни аралаш ва пахтадан тайёрланган чойшаб тўпламлари, иш кийимлари (текис бўялган) ҳамда ошхона жиҳозлари учун матолар тайёрлаш борасида илғор. Махсус сингдирил­ган матолар сув ўтказмайди, ёнғинга чидамлилиги билан ажралиб туради. Корхонанинг бахмал духоба кўрпа-тўшаклари доим харидоргир.
Йигирув дастгоҳлари билан жиҳозланган 2 та тўқув фабрикада тайёрланган майин толали маҳсулотларнинг 90 фоизи экспорт­га йўналтирилган. Хитой, Туркия, Италия ва Швейцария каби давлатлардан техник жиҳозлар, эҳтиёт қисмлар “Hamkorbank” АТБ Урганч универсал банк хизматлари офиси томонидан ажратилган молиявий кўмак туфайли келтирилди. Йиллик 25 миллион долларгача айланма маблағи бўлган корхона нафақат ички бозорда, балки Россия, Белорус, Қозоғистон, Қирғизистон, Украина, Польша, Литва, Германия каби давлатларда ҳам ўз савдо уйларини ташкил қилган.
Айни пайтда 800 дан ортиқ йигит-қиз иш билан таъминланган. Маҳсулот ишлаб чиқаришда юқори натижаларга эришиш ва мижозлар ишончини оқлаш мақсадида халқаро стандарт­ларга қатъий риоя қилинади. Асосийси, жамоа доим янги лойиҳалар устида изланиш билан жаҳон бозорига чиқмоқда.

Н. Тўрақулова