ЖОНЗОТЛАРГА ҲАМ ҚАРОВ КЕРАК
Бугун — Халқаро қушларни озиқлантириш куни
Қорли-қировли кунлар биз инсонларга қанчалик муаммо туғдирса, ёввойи ҳайвонлар ва паррандаларнинг яшаш шароитини ҳам шунчалик қийинлаштиради. Она табиат инъом этувчи табиий озуқалар қор остида қолади. Бизку ўз ташвишларимиз билан андармон бўлиб, ўзга оламдаги жонзотлар ҳаётини унутамиз. Аммо ёввойи табиат тақдирига бефарқ бўлмаган ташкилот ва муассасалар бу масалага жиддий ёндошади. Улар қаҳратон қиш кунларида жониворларни асраб қолиш ва ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўради.
Масалан, қиш мавсумида юртимиздаги барча муҳофаза масканлари, жумладан, “Угом-Чотқол” миллий табиат боғи, “Сурхон” давлат қўриқхонаси, “Оролқум” ва “Жанубий Устюрт”, “Марказий Қизилқум” ҳамда Зарафшон миллий табиат боғлари каби экологик ҳудудларда биотехник тадбирлар амалга оширилади. Бу ерларга қўриқхона ходимлари томонидан ёввойи ҳайвонлар ва қушларнинг озиқланиши учун арпа, кепак, туз, табиий пичан, дон маҳсулотлари ҳамда зарур ем-хашаклар қўйиб чиқилади. Биотехник тадбирлар мунтазам олиб борилиб, кунлар кескин совиб кетганида эса чоралар янада кучайтирилади.
Республикамиздаги миллий табиат масканларида ноёб ҳайвонлар ҳам истиқомат қилади. Масалан, қор қоплони, сибир тоғ эчкиси, қамиш мушуги, чўл мушуги, морхўр, туркистон силовсини, тоғ бўриси каби жониворларни учратиш мумкин. Улар жуда кам сонли бўлгани сабабли йўқолиб кетиш эҳтимоли юқори.
Кўпчиликнинг хабари бўлмаса керак, 3 февраль — Халқаро қушларни озиқлантириш куни. Ҳар йили Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан ушбу санага бағишлаб “Қишда қушларга кўмак” акцияси ўтказилади. Акция давомида белгиланган жойларга қушлар учун озуқалар қўйилади, инлар ясалади ва бошқа ташаббуслар амалга оширилади.
Ҳозирда мамлакатимизда 487 турдаги қушлар мавжуд бўлиб, уларнинг 50 тури “Қизил китоб”га киритилган. 320 турдаги (67,2 фоиз) паррандалар миграцияда иштирок этади.
Юқоридаги барча биотехник тадбирларнинг мақсади ёввойи фауна вакилларини муҳофаза қилиб, био хилма-хилликни сақлаб қолишдир. Экотизим барқарор бўлса, она табиатдаги мувозанат сақланади. Она заминнинг барҳаётлиги учун эса ҳар бир тирик жонзот яшашда давом этиши керак.
Н.ТЎХТАМАТОВА

