“ИБН СИНО” МАРҲАМАТДА ИШ БОШЛАДИ

Республикамизда хусусий тиббиёт муассасалари сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Бу ўз-ўзидан аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш талабининг ортиши ҳамда нархларнинг арзонлашишига замин яратади. Шу ўринда тадбиркорларнинг аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларини алоҳида эътироф этиш ўринли.


Марҳамат туманидаги “Муборак савдо барака” хусусий корхонаси раҳбари Музаффар Қодиров айни шу ишга қўл урди. У тадбиркорликда катта тажрибага эга. Ёш бўлишига қарамай савдо ва маиший хизмат кўрсатишда ўз ўрнини топди. Маблағи ҳам ортди. Даромадини туғилиб ўсган жойи — Марҳаматни обод қилиш ва аҳолига сервис хизмат кўрсатишга сарфламоқда. Туман марказидаги ошхона ва савдо дўконларида 25 нафар йигит-қиз иш билан банд.
— Ҳамқишлоқларимдан кимдир дардга чалинса, вилоят маркази ёки пойтахтга боришга тўғри келади, — дейди тадбиркор. — Бу вақт ва маблағ талаб қилади. Мана шу оғриқ билан олдимга мақсад қўйдим. Айниқса, кейинги вақтда юрак, қон-томир касалликлари билан боғлиқ муаммолар кўпаймоқда. Шу йўналишда шифохона очиш ҳақида ўйлаб қолдим. Туман ҳокимлиги Ёрқин ҳаёт МФЙ ҳудудидан жой ажратиб берди. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 18 февралдаги “Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори менга катта куч берди.


Умумий қиймати 9,5 миллиард сўмлик лойиҳа асосида қурилиш ишлари бошланди. Замонавий бинога мос равишда энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозларни олиб келиш режалаштирилди. Албатта, бунинг учун қўшимча маблағ зарур. “Hamkorbank” АТБ нинг Асака филиали тадбиркорнинг молия­вий кўмакчиси бўлди — 3,5 миллиард сўм кредит ажратилди.
Ҳаммаси режа билан амалга оширилди. Қурувчилардан замонавийлик талаб этилди. Жуда қисқа вақт ичида кўркам бино қад ростлади. Хусусий шифохонага “Ибн Сино” номи берилди ва айни вақтда ўз фаолиятини бошлади.
150 ўринга мўлжалланган муҳташам шифохона асосан юрак, қон-томир касалликларини даволаш­га ихтисослашган. Терапевт, невропатолог, гинеколог каби йўналишларда ҳам тиббий хизмат йўлга қўйилди, малакали шифокорлар таклиф этилди. Хориждан келтирилган замонавий улътратовуш аппаратлар, фитобар, дорихона, массаж хоналари, бассейн, спорт зали ва ошхона мавжуд. Асосийси, нархи бошқа шифохоналарга нисбатан анча арзон.


Даволанувчилар учун зарур барча шароитлар яратилган. Лабораторияда турли таҳлиллар, айниқса, қон таҳлилини олиш имконияти бор. Қолаверса, ЭКГ, физиотерапия муолажалари даволанувчиларга қулайлик яратмоқда. Бу даволаш ишларининг самарали бўлишини ҳам таъминлаяпти.
Беморлар Иззатилло Халитов, Гулбаҳор Акромова ва Мафтуна Сайдаматова каби ўз касбининг фидойиларидан хурсанд. Улар учун хушмуомалалик, меҳр ва одамийлик — темир қоида.
— “Hamkorbank”ни танлаб адашмаган эканмиз, — дейди Музаффар Қодиров. — Лойиҳанинг навбатдаги босқичини амалга оширишда ҳам биргаликда ишлашни режалаштир­япмиз. Молиявий кўмакка яраша ишлаймиз.

Акбаржон НАЗАРОВ.
Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.