ИЗЛАНГАН ИМКОН ТОПАДИ, ЭНГ МУҲИМИ — ХОҲИШ
Маъруфжон Расулов ўз ҳаётининг чорак асрини “Hamkorbank” АТБ тизимига бағишлади. У билан суҳбатимиз банкнинг илк ташкил қилинган дамлари билан бошланди.
— 1995 йилда “Андижонбанк”га ишга келганман. Илк фаолиятим қимматбаҳо қоғозлар бўлими мутахассислигидан бошланган…
М. Расулов бунга қадар анчагина чархланиб, малакали мутахассисга айланиб улгурган. Болаликдаги орзуси учувчи бўлиш мақсадида Рига авиация билим юртида таҳсил олади. 1977 йили ўқишни тамомлаб, 9 йил шу соҳада меҳнат қилади. Дастлаб Қўқон бирлашган авиаэскадрильясида, кейин Андижон аэропортида.
Андижон вилоят ички ишлар бошқармасида оператив ходим вазифасида ишлаган кезлари иродали, қатъиятли бўлиб шаклланди. Ўқиш, илм олиш, изланиш учун ҳар қачон вақт топди. Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлади.
… Банк “ҳаёти”га мослашди, иш юритишда қийналмади — тезгина киришиб кетди. Қисқа вақтда тижорат ишлаб чиқариш бўлимида етакчи мутахассис сифатида ўзини кўрсата олди. Билими ва салоҳиятининг янги қирралари кредит бўлимидаги фаолиятида мижозлар билан муомала маданиятининг юксаклигида кўринди. Бош банкда пул муомаласи, кредит бўлимларида тажриба орттиргач, Шаҳрихон филиалида кредит бўлимини бошқарди. Тартиб-интизом билан юқори самарадорликка эришиш мумкинлигини ҳамкасбларига сингдирди. Ишонч, ташкилотчилик, сифатли хизмат ташкил қилганлиги боис, кейинчалик Асака филиали бошқарувчи муовини, бошқарувчиси вазифаларига муносиб топилди.
— Асакада ишлаб юрган кезларимда чет эллик меҳмонлар билан мулоқотимиз кўп бўларди. Уларнинг эътироз ва таклифларини эшитиш, тажрибасини ўрганиш банк иқтисодий ривожланишига омил бўлишини тушундим, — дейди суҳбатдошим. — Мижозларнинг хонама-хона юриб ҳужжат тўлдиришлари, уларнинг узоқ кутиб қолишлари борасида эътирозлари қисқа вақтда барҳам топди. Сифатли хизмат асносида касб этикасига катта эътибор қаратилди.
Қўрғонтепа филиалида ҳам ўзига хос муҳит ярата олган Маъруф ака учун банк қоидаси-интизом ҳар қачон муҳим эди. Талабчанлик, ишга бўлган иштиёқ, сифатли хизмат муваффақият гарови эканлигини ҳамкасбларига тушунтира олди.
Бош банкда нақд пул берилишини мониторинг қилиш бўлимида муносиб кадрларни танлаш ва уларни иш билан таъминлашда Маъруф аканинг зийраклиги боис билимли, ғайрат-шижоатли ёшлар ишламоқда. Корпоратив бизнесни ривожлантиришда ўзига хос мактаб ярата олган Маъруфжон Расулов ички аудит хизматини ривожлантириш борасида ҳам юқори натижаларга эришди. Муаммоли кредитлар сектори етакчи мутахассиси сифатида мижозлар ва банк ўртасида чинакам адолат кўпригини ўрната олди. “Инсон ресурслари департаменти” ташкил қилинган дамларда биринчи раҳбар сифатида ходимлар хизмат вазифаларини жорий этиш ҳамда бўлим ва секторлар низомини ишлаб чиқишга катта ҳисса қўшди.
— Болаликдаги орзуим амалга ошмаган бўлсада, банк соҳасида муносиб хизмат қилдим, халқимиз турмуш фаровонлигига ҳиссамни қўшдим, деб ўйлайман ва касбимдан фахрланаман.
Маъруфжон Расуловнинг “Инсон изласа имкон топади, энг муҳими — хоҳиш” деган қарашлари фарзандларига ҳам сингган. Оилада намунали ота. Ҳаётининг мазмуни — дилбандлари даврасида шукроналик гаштини сурмоқда. Босиб ўтган умр йўллари кўпчиликка ибратдир.
Н. ЙЎЛДОШЕВА.

