ИЗЛАНУВЧАН ФОТИМА

Иқтисодчилар сулоласида камол топган Фотима Ниёзметова тиришқоқлиги билан ўз касбидан ҳурмат топди. У ўрта мактабни тугатиши билан аниқ фанлар йўналишидан боришини, келажагини ҳам ўз оила аъзолари каби кўрарди. Умуман олганда, қизиқиши банк ходими ёки бирор идорада отаси каби иқтисодчи бўлиш эди. Отаси Маъмур ака Ниязметов қизининг жуда нозик­лигидан уни мусиқачи бўлишини хоҳларди. Онаси Дилбар опа эса ўқитувчи бўлса керак, “жуда ҳушёр қизим, етакчи қизим”, дея алқарди. Бироқ Фотима ота изидан борди. Ўз фикрида қатъий турди — иқтисодчи, молиячи. Эгизак қизлар — Фотима ва Зуҳра Зомин туманидан Тошкент­га ўқишга келишди.
Дастлабки иш фаолиятини 2001 йилда “Пахтабанк” (ҳозирги “Агробанк”)да кассирликдан бошлади. Илгари барча маълумотлар қўлда ёзиларди. Тиришқоқ, ҳозиржавоб Фотима тез орада чаққон ва изланувчан ходим сифатида жамоа ҳурматини қозонади. Ҳамкасбларидан билмаганлари­ни ўрганди. 2003 йилда оила аъзолари билан пойтахтга кўчиб келгач, “Hamkorbank”нинг Тошкент филиалида фаолиятини котибаликдан бошлайди. Мазкур жамоада ҳам ҳурмат топган Фотима кассир, валюта айрибошлаш шохобчаси ва мини банк шохобчаларида кассир бўлиб ишлайди. Ва филиалда касса мудири даражасига етади. У ўзига муносиб кўрилган вазифани доим тўлақонли бажаришга интилади ва уддасидан чиқадиган ходим.
— Инсон қайси бир лавозимда ишламасин, уни шараф билан бажариши лозим, — дейди Фотима Ниёзметова. — Мен ҳаётим давомида кўп инсонлар билан танишдим. Кўпчилик билан дўстлаш­дим. Ўзимга керакли сабоқ олдим. Ҳаётда фаоллик ва танбаллик икки йўлдир. Улардан бири эл ҳурматига, иккинчиси эса нафратига дучор қилади.
Тўғри йўлдан кетиш инсоннинг ўзига боғлиқ. Эринчоқлик, лоқайдлик, сустлик муваффақият олиб келмайди. Доим курашиш, интилиш, ўрганиш, ўқиш, изланиш, ҳаракатда бўлиш келажакни белгилашини тушуниб етди.
“Hamkorbank”нинг Учтепа филиали очилгач, Уни касса амалиётлари бўлимига мудир лавозимига таклиф қилишди. Бу ерда самарали хизмат қилаётган Фотимахон ҳамкасбларига маслакдош, ёшларга мураббий.

Холида ҚОБУЛОВА.