“ИМКОН БЕРИЛСА, ЖОН ДЕБ ИШЛАР ЭДИМ”

Қаҳрамонимни илк бор фахрийлар учун уюштирилган дам олиш саёҳатида кўрдим. Хаёлимга келган биринчи савол шу бўлди: “Бу опа кексалар орасида нима қиляпти. Жуда ёш-ку…”. Яқиндан танишиб, суҳбатлашганимдан сўнг билдимки, у 58 ёшни қарши олибди. Ҳозирда уйда набиралар тарбияси билан банд . “Hamkorbank” АТБ Қўқон филиалида узоқ йил ишлаб, ҳозирда кексалик нафақасида бўлган Раъно Абдураззоқова бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:
Янги филиал учун янги ходим
Бошқа банклардаги 16 йиллик фаолиятимдан сўнг 1999 йилда “Hamkorbank”нинг янги ташкил этилган Қўқон филиалига ҳисобчи сифатида қабул қилиндим. Кейин кадрлар бўлимида, мини банкда ишладим, назоратчи бухгалтер бўлдим. 2012 йил касса бўлимига ўтказишди. 2017 йил касса мудири этиб та­йинландим. 2019 йилда шу лавозимдан нафақага чиқдим.
Филиалга келганим­да ҳамма амалиётларни ҳам билавермас эдим. “Hamkorbank”даги 20 йиллик фаолиятим менга катта тажриба мактаби вазифасини ўтади. Валюта ва ходимлар билан ишлашни, одамлар билан муомала қилишни, пул санашни ва бошқа вазифаларни мукаммал ўргандим.

Муаммолар ҳам бўлган
Биринчи иш бошлаганимизда фақат 3 та компьютер бор эди. Деярли барча банк операцияларини қўлда бажарардик. Масалан, ҳар куни эрталаб мижоз келишига “выписка”ларни қўлда ёзиб, тайёр қилиб турганмиз. Ўша пайтда Қўқон шаҳрида банклар кўп бўлгани сабабли рақобатга дош бериш ва мижозларга ёқиш учун ишга бор эътиборимизни қаратганмиз. Энди эса шароитлар умуман бошқача. Бугунги ходимлар мана шундай имкониятларнинг қадрига етиши керак. Агар ҳозир яна ишлаш имкони берилса, бажону дил рози бўлардим.

Қути ичидаги ҳамкасбим
Бу жамоа менга бир умрга ёддан чиқмайдиган хотираларни инъом этди. Ёдимда. 2000 йил режани ортиғи билан уддалаганимизда бош банкдан келиб табриклашган ва соч қуритадиган фен туҳфа қилишган. Совғани кўриб, роса қувонганман. Сабаби, у пайтларда бунақа ускуна деярли жуда кам аёлларда бўларди.
2017 йилнинг декабрь ойи ҳам ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўша йилнинг якунида жуда қаттиқ ишладик. Бошқарувчимиз ҳамма кассирларни саҳнага чиқариб, гул ва фахрий ёрлиқ билан қутлаган. Унгача касса ходимларига у қадар эътибор бўлмагани учун бу эътирофдан бошимиз кўкка етган.
55 ёшга тўлганимдаги туғилган куним ёддан чиқмайдиган тарзда нишонланган. Ўшанда жамоа йиғилиб, дил сўзларини изҳор қилганидан ке­йин, бошқарувчимиз ўртага қўйилган катта қоғоз қутига ишора қилиб, уни очишимни айтди. Қутини очсам, ичида Камрон исмли ҳамкасбимиз қўлида менга қараб гул тутиб ўтирибди. Бу воқеадан роса кулишганмиз. Камрон иш пайтида доим мени жиғибийрон қиларди. Ҳамма айбини шу билан ювди-қўйди.

Ёш кўринишим­нинг сири
“Пенсияга чиққанман”, десам кўпчилик ажабланади. “Юзингизда бир дона ҳам ажин йўқ экан”, дейишади. Аввало, соғлом ва бахтиёр эканлигимда намунали меҳнат муҳитини яратиб берган “Hamkorbank”нинг ҳиссаси катта. Қолаверса, ўзим ҳам соғлом турмуш тарзига риоя қилувчи инсон­лар тоифасига кираман. Ишхонам билан уйимнинг оралиғи 7 км. бўлиб, узоқ йиллар шу йўлнинг ярмини пиёда босиб ўтганман. Кўп миқдордаги сув истеъмоли, эрталабки машқларни канда қилмайман. Таомномамдан нонни камайтириб, меваларни кўпайтирганман. Икки нафар келиним бўлса ҳам, саҳар туриб, ҳовли супуришга ҳаракат қиламан. Уй юмушларини бажаришдан эринмайман. Шукрки, турмуш ўртоғим билан икки ўғил, келинлар ва тўрт нафар набира қуршовида бахтли ҳаёт кечиряпмиз.

Ҳурмат қилса, ҳурмат топади
Уйда ўтирган бўлсам-да, собиқ жамоам томонидан ҳеч қайси байрам ва маросимларда эсдан чиқарилганим йўқ. Тадбирларга чақириб, совға-саломлар беришади. Мен каби филиалимиз­даги яна тўрт фахрийга ҳам худди шундай илтифот кўрсатилмоқда. Биз ёши катталардан меҳрини, эътиборини аямаган банкимиз раҳбарияти, филиалимиз бошқарувчиси ва бошқа ходимларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Эътибор биз нафақадагилар учун катта мукофот, қолаверса, юрагимизга мадор, танамизга куч беради. Илоҳим, бизни йўқлаб, ҳурмат кўрсатгани учун ўзлари ҳам ҳамиша ардоқда бўлсин.

Нигора МИРОЛИМ қизи
ёзиб олди.