ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ИШОНЧЛИ КАФОЛАТИ

Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг грант лойиҳаси асосида

Тарихда инсонларнинг ақл-заковати маҳсули сифатида тараққиётга  ҳисса қўшган ихтиролардан бири Конституциядир. Дастлаб алоҳида бир мақсад, вазифани бажариш учун вужудга келган бўлса, кейинчалик  вазифалари кенгайиб борди.

1992 йил 8 декабрь. Мустақил ватанимиз сиёсий ҳаётида муҳим қадам ташланди – Ўзбекистон ўзининг Конституциясини қабул қилди. Унинг бош ғояси юрт тинчлиги, халқимиз фаровон ҳаёти, давлатимизнинг гуллаб-яшнашига хизмат қилиши билан “Инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” каби 6 та бобида барча фуқароларнинг миллатидан қатъий назар қонун олдида тенглиги белгиланди.

Шунингдек, инсоннинг шахсий, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқлари мустаҳкамланди. Ўзбекистонда яшовчи барча миллатлар қонун олдида тенглиги эълон қилинди. Шунга қарамай, 2023 йилда янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилиш масаласи кўтарилди. Моҳиятан инсон ҳуқуқларини янада кенгайтириш, яъни унда инсон ҳуқуқларини таъминлаш механизми, давлат масъулиятини кучайтириш зарурати мавжудлиги асос қилиб олинди. Янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши алоҳида тарихий воқеа бўлди.  1992 йилдаги Конституция Олий Кенгаш депутатлари томонидан қабул қилинган бўлса, янги таҳрирдагиси бевосита халқимиз томонидан қабул қилинди.

Аввало Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди, тайёрлаш жараёнида 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин давлатлар конституциялари пухта таҳлил этилди. Моддалар амалдаги 128 тадан 155 тага кўпайиб, нормалари 275 тадан 434 тага ошди. Қомусимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгиланди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар уч ярим бараварга ортди. Таклифлар инобатга олиниб, лойиҳа янги таҳрирдаги Конституция сифатида 2023 йил 30 апрель куни референдум асосида қабул қилинди.

Даставвал олий юридик кучга эгалиги, тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат эканлиги белгиланди. Жумладан, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилаши, давлат томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши таъкидланди.

Конституциямизнинг 25-моддасида яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи, дея таъкидланади. У қонун билан муҳофазаланиши, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят эканлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасида  ўлим жазоси тақиқланиши ўз ифодасини топди. Бу жазо 2007 йилда қонун билан бекор қилиниб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган. Бу бўйича қонун бўлса-да, қонун даражасида тақиқланиши олий қадрият сифатида юртимизда инсон қадри қанчалик улуғ эканлигини кўрсатади. Ва жазосини қайта қонунчиликка киритиш учун аввало, Конституцияга ўзгартириш киритишни талаб қилади. Шу боис ҳам янги Конституция “Халқ конституцияси” дея аталди.

Шунингдек, инсон шаъни ва қадр-қиймати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки уни озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмаслиги, шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмаслиги, айбсизликка оид барча шубҳалар, уларни бартараф этиш имконияти тугаган бўлса айбланувчи, судланувчи ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши белгилаб қўйилди. Ҳар ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас. Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ва жазоланиши мумкин эмаслиги, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоидаларни ўрнатилиши давлатимизнинг  инсонпарварлик йўлидан бораётганини кўрсатади.

Жасурбек ИБРОҲИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) Андижон вилоятидаги минтақавий вакили