«ИШДА КРЕДИТ УНДИРСАМ, УЙДА КАРТОШКА ЕТИШТИРАМАН»
Чуст банк хизматлари офиси ундирув бўлими бошлиғи Шерзод Йўлдошев муаммоли кредитлар билан ишлайди. У нафақат яхши кредит ундирувчи, балки, ер билан тиллашадиган маҳоратли миришкор ҳам. Чунки деҳқончиликда бой тажрибага эга, Наманганда туғилиб вояга етган. Бу вилоятда ерни билмаслик, ундан унумли фойдаланмаслик уятдек гап.
— Чуст туманининг Ғова қишлоғиданман, — дея сўзини бошлади қаҳрамонимиз. — Қишлоғимиз аҳолиси асосан картошка етиштириш билан шуғулланади. Олди 3-4 гектар, экмадим дегани 10-15 сотих ер билан ишлайди. Биз ҳам март ойининг бошида 14 сотих ерга яхши ният билан картошка қададик. Ҳозирга келиб экинларимиз анча бош кўтариб қолди. Ҳосилни май ойининг охирида йиғиштириб оламиз. Ерга меҳр ота-онамиздан мерос. Деҳқончилик сирларини дадам ўргатган.
Ш.Йўлдошевнинг айтишича, деҳқончилик у учун қўшимча машғулот. Бир жойда ўтириб ақлий меҳнат билан шуғулланадиган одамга жисмоний ҳаракат керак, албатта. Кетмон чопганида, ерга ишлов берганида танада қон айланиши яхшиланади, кайфият кўтарилади, қолаверса, рўзғори бекаму кўст бўлади. Дам олиш кунлари ер билан тиллашадиган банк ходими 14 сотихдаги картошкадан 3-4 тоннагача ҳосил олишларини айтди. Албатта, бу катта даромад дегани эмас, лекин ҳаракат қилиш, меҳнатни севишнинг ўзи катта бойлик.
— Юқори ҳосил олишнинг сири экинни ўз вақтида экиб, ишлов бериш. Вақтида суғорилиб, юмшатилиб, ўғит солинса, самарадорлик юқори бўлаверади, — дея ўз тажрибаси билан ўртоқлашиб ўтди суҳбатдошимиз. — Қишлоғимизда ҳамма ерга бор меҳрини беради. Экинни экиб, қаровсиз ташлаб қўймайди, натижа учун меҳнат қилади. Ким ердан кўп ҳосил олса, шу инсон ҳурматда. Икки нафар фарзандим бор, турмуш ўртоғим ўқитувчи. У ҳам ишдан келиб қўли бўшаши билан томорқамиздаги экинларни парваришлайди. 7 сотихли томорқамизда 100 туп мевали дарахтларимиз бор, уларнинг орасига ҳам картошка экканмиз.
Ҳа, “Hamkorbank” ходимлари орасида Ш.Йўлдошев каби намунали мутахассис бўлиш билангина чекланмай, вақтдан унумли фойдаланиб, оиласини янада фаровон яшаши учун интилаётганлар оз эмас.
Юртимизда экин-текин мавсуми аллақачон бошланди. Хўш, сиз томорқангизга нима экдингиз, ҳурматли газетхон? Агар ҳали бу ишга қўл урмаган бўлсангиз, вақтни бой берманг.
Нигора МИРОЛИМ қизи

