ИШОНЧ КУЧ БЕРДИ

Ҳуршидбекни анчадан буён танийман. Тартибли, билимли ва интилувчан ходимлардан. Тиниб-тинчимас, янгиликларни тез илғай оладиган ва замон билан ҳамнафас иқтисодчи. У фаолиятининг илк даврини шундай эслайди:

— Гулистон давлат университетида ўқиб юрган кезларим “Hamkorbank” АТБ Ҳазорасп универсал банк хизматлари офисига бир иш билан келдим. Банкдаги шароитлар, ходимларнинг муомаласи катта таассурот уйғотди, умуман олганда банк имижи кўзимга бошқача кўринди. Шунда ўқишни битириб, шу банкда ишлаш иштиёқи пайдо бўлди. Иқтисод йўналишида таълим олганим эса ишонч берди. Жорий қилинган синовлардан ўтиш унчалик қийинчилик уйғотмадию, бироқ, ҳаяжон қийнади. Чунки, “Hamkorbank”нинг ўзига яраша салобати ва салоҳияти бор.
Ҳуршид Отажоновнинг орзулари 2016 йилда амалга ошди. Ўзи истагандек банк ходими бўлди. Дастлаб фронт офисда ассис­тент-менежер бўлиб ишлади. Сардорбек Матирзаев, Мақсудбек Рўзимов, Шоҳруҳбек Маҳмудов, Жамшид Худайназаров каби ўз ишининг устаси бўлган иқтисодчиларни устоз деб билди, касб сирларини ўрганди. Қисқа фурсатда кичик менежер сифатида агрокредит бериш амалиётини бажара бошлади. Соҳа фаолиятини жуда тез ўзлаштирган ёш ходим ўзига берил­ган ҳар бир вазифани масъулият билан, сидқидилдан бажариб, ҳурмат қозонди.
“Hamkorbank”да фаол, иқтидорли ва ташаббускор ёшлар банк ривожига ҳисса қўшишаётгани айни ҳақиқат. Ҳар бирининг фикри, қизиқишлари, янги, инновацион таклиф ва ташаббуслари тингланади, истиқболли режалари амалиётга татбиқ этилади. Бу банкда анъанага айланган. Ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўқиши, меҳнат фаолияти борасида кенг имкониятлар яратил­ган. Ёш кадрларни саралайдиган, уларнинг лаёқатига мос лавозимларни таклиф этадиган соғлом муҳит мавжуд. “Само” банк хизматлари офисида менежер, кейинчалик мана шу жамоага бошлиқ этиб тайинланган Ҳуршидбек ана шундай иқтидорли мутахассислардан. У жамоага етакчилик қилишда аввало, самимий дўстликка таянади. Бироқ, қатъий тартиб, интизом ва масъулиятни ҳаммадан талаб қилади. Аввало, бу борада ўзи намуна кўрсатади.
— Инсон учун ишончдек улуғ туйғу йўқ бўлса керак. “Бу вазифани эплай оламанми?”, деган ўй билан юрган кезларимда жамоа қўллаб-қувватлади. Устозлар ишонч билдирди. Ана ўшанда қатъий масъулият юкини ҳис қилдим, -дейди Ҳ. Отажонов.
Ўтган 2023 йилда “Hamkorbank” ҳар йилгиданда юқори ютуқларга эга бўлди. Бу соҳа ходимларининг астойдил меҳнатлари самараси, албатта. Энг фаол банк ходимлари аниқланиб, тақдирланди. Улар орасида Ҳазорасп универсал банк хизматлари офиси “Само” БХО бошлиғи Ҳуршид Отажонов ҳам бор. У “Йилнинг энг яхши БХО менежери” номинацияси ғолиби бўлди.


Н. Иброҳимова