ИШТИХОН ЁҒИГА «КАТТАҚЎРҒОН»НИНГ МАБЛАҒИ МАЗА КИРИТДИ
Энг кўп истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларидан бири бу — ўсимлик ёғи. Ахир биз ёғли таомларни хуш кўрувчи халқмиз. Баъзида пиширган овқатимиздан мойи сизиб турмаса, мазза қилиб луқма егандек бўлмаймиз. Мана шу истеъмол эҳтиёжидан келиб чиққан иштихонлик Муҳаммад Бўронов ёғ ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этишни мақсад қилди ва ниятига етди.
2019 йилда ўсимлик мойи ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Muxammad best oil” МЧЖни тузди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас, фаолиятни ривожлантириш учун қўшимча маблағга зарурат сезиб, “Hamkorbank”нинг Каттақўрғон филиалига мурожаат қилди. Бу банк билан иш осон ва тез битишини кўпчиликдан эшитган эди. Филиал ходимлари тадбиркорнинг мақсадини дарҳол англаб, унга қандай ҳужжатлар кераклигини тушунтиришди. Барча ҳужжатлар тахт бўлгач, МЧЖ номига чет элдан технология сотиб олиш учун 90 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди.
Ҳозирда корхонада кунига 30 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади. Ёғлар пахта, писта ва соядан тайёрланади. Хомашё биржадан сотиб олиниб, тайёр маҳсулот ҳолига келгач, харидорга яна биржа орқали етказилади.
— Биз чиқараётган ёғларнинг чет элдан келтирилаётган ёғлар билан ҳеч қандай фарқи йўқ. Уларнинг сифати қандай бўлса, бизники ҳам худди шунақа, чунки технологияси бир хил, — дейди Муҳаммаджон.
Ундан “Хомашё ўзимиздан чиқса, нега бу турдаги маҳсулотларнинг нархи ҳамон қиммат? Рақобатни кўпайтириб, нархни туширишнинг имкони йўқми?” деб сўрадик. “Бизга қўйса, жон деб арзонлаштирган бўлардик, аммо кластер хўжаликлари хомашё нархини туширишни хоҳламаяпти”, деган жавобни берди ҳамсуҳбатимиз. Қолаверса, бу жараёнда биржаларнинг ҳам роли катта экан.
Корхона раҳбарининг айтишича, яқин орада банкдан олинган кредит тўлиқ қопланиб, соф даромад янада ортади. Айни пайтда кредитдан ташқари, 15 нафар ишчига кўнгилдагидек маош тўланмоқда. Шунинг учун тадбиркор ҳозирча топаётган даромади билан мақтана олмаслигини яширмади.
Нима бўлганда ҳам “Muxammad best oil”нинг келажаги порлоқ. Чунки ёғ маҳсулотига талаб ошса ошадики, камаймайди. Шундай экан, корхона яқин йилларда соҳанинг энг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бирига айланса, ажаб эмас.
Н.ТЎХТАМАТОВА.