ИШЧИ-ХОДИМЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада таъкидлаганларидек. энди мамлакатимизнинг меҳнат бозори мутлақо янги архитектура асосида – касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши зарур. Бу замонавий касбларни эгаллашни талаб этади. Яна шу ўринда айтиш мумкинки, иш берувчи билан ходим ўртасидаги муносабатлар қонун асосида йўлга қўйилиши, ишловчиларнинг ўз ҳуқуқларини яхши билишлари ҳам катта аҳамиятга эга.



“Hamkor press» газетаси томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грант лойиҳаси асосида Жалақудуқ туманида “Меҳнат бозори ва меҳнат муносабатлари” мавзусида ташкил этилган давра суҳбати юқоридаги вазифага бағишланди. Унда тумандаги корхоналарда ишловчи ходимлар, меҳнат муносабатларини назорат қилувчи идораларнинг вакиллари ҳамда ҳуқуқшунослар иштирок этди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Жасурбек Иброҳимов, ҳуқуқшунос Азизбек Жалилов, Жалақудуқ туман Бандликка кўмаклашиш маркази масъул ходими Райҳона Жўраевалар Мурожаатномада илгари сурилган вазифалар, янги меҳнат бозори ва амалдаги Меҳнат кодекси тўғрисида йиғилганларга тушунча берди. Иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатлар, ишловчининг ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилди.


— Ҳар бир ходим ўз ҳуқуқларини ишга киришдан бошлаб билиши мақсадга мувофиқ, — деди ҳуқуқшунос А.Жалилов. — Иш берувчи билан ходим ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаси тўла талаб даражасида бўлиши зарур. Айримлар бунга шунчаки бир ҳужжат сифатида қарайди. Йўқ, ҳар бир ходим учун бу кези келганда ҳимояланишнинг асоси бўлади. Яна рағбатлантириш. дам олиш ва имтиёзлардан фойдаланиш ҳам унда ўз ифодасини топади.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, меҳнат бозорига йилига 300 минг нафар олий маълумотли кадрларнинг кириб келиши масъулиятни янада оширади. Бу айни вақтда иш берувчи ва ишловчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш қанчалик зарурлигини ҳам кўрсатади.
Давра суҳбати якунида мавзу юзасидан иштирокчиларнинг билимларини синовдан ўтказиш мақсадида танлов ўтказилди. Энг фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.

Абдуғаффор КАРИМОВ

Ушбу материаллар Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат­ фонди томонидан молиялаштирилган “Ҳуқуқий маданият — жамият таянчи: Андижон вилояти аҳолисининг инсон ҳуқуқлари бўйича хабардорлигини ОАВ орқали ошириш” мавзусидаги грант лойиҳаси асосида тайёрланди.