ИШ ВА ТАЪЛИМНИ БИРГА ОЛИБ БОРИШ МУМКИНМИ?

Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг грант лойиҳаси асосида

Ушбу масала юзасидан Андижон вилояти адлия бошқармаси Юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича бош маслаҳатчиси Ботиржон ЙЎЛДАШЕВ билан суҳбатлашдик.

— Қонунчиликка кўра ишдан ажралмаган ҳолда ходим ҳам ишлаб, ҳам ўқиши мумкинми?

— Албатта. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 383-моддасига биноан ташкилотда ишлаётган ходим ишлаб туриб ҳам таълим олиши мумкин. Бунда иш берувчи таълим ташкилотларида ўқитилаётган, қайта тайёрлашдан ёки малака оширишдан ўтаётган, шунингдек, ишлаб чиқариш таълимини ўтаётган ходимларга иш ва ўқишни бирга олиб бориши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериши шарт.

— Ходимнинг иш ҳақи таълим олиш давомида сақланадими?

— Сақланади. Меҳнат кодексининг 383-моддасига кўра, меҳнат шартномаси асосида ишдан ажралмаган ҳолда таълим олаётган ходимларнинг ўртача иш ҳақи сақланади. Бу икки хил кўринишда амалга оширилади.

Биринчи ҳолатда иш берувчи томонидан ходимга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ўқув таътиллари берилади. Бу вақтда ходим ишламайди, аммо унинг иш жойи ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

Иккинчи ҳолатда эса иш берувчи томонидан таълим олаётган ходим учун ҳафталик иш вақти қисқартирилади ва ўртача иш ҳақи сақланади.

Ходим ишга янги қабул қилинган бўлса, унга ўқув таътили бериладими?

— Ишга янги қабул қилинган ходимлар ҳам ўқув таътилидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Меҳнат кодексининг 383-моддасига мувофиқ, агар ходим бакалавриат талабалари учун давлат аттестацияси ва битирув малака ишини ҳимоя қилиш, магистратура талабалари учун эса магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиш вақтига ўз йиллик меҳнат таътилини мослаштирмоқчи бўлса, иш берувчи унинг хоҳишига биноан бу таътилни олти ойлик иш стажи тўлгунга қадар белгилаши шарт.

Шунингдек, ишни ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимларга навбатдаги меҳнат таътиллари улар ўқув таътилларидан фойдаланганидан қатъи назар берилади.

— Жавоблар учун раҳмат.

Н. ЙЎЛДАШЕВА ёзиб олди.