ИШ ҲАМ, ҚИЗИҚИШ ҲАМ ЎЗ ЎРНИДА


Бугун асосий банк операциялари чакана бўлимларда амалга оширилмоқда. Мижозларнинг доимий оқими бўлим ходимларини шошириб қўяди. Шу боис бу йўналишда ишловчи мутахассисдан тезкорлик, универсаллик ва профессионаллик талаб этилади.

Чакана бўлимни бошқариш ҳам катта масъулият. Бунинг учун ҳам ақлий салоҳият, ҳам жисмоний тетик­лик зарур. Бу талабга Каттақўрғон УБХО чакана бизнес бўлими бошлиғи Хуршид Раҳмонов ҳар томонлама жавоб бериб келмоқда. Тошкент молия институтида олган таҳсили, банк амалиётида орттирган тажрибалари уни малакали мутахассис сифатида шакллантирган бўлса, спортга доимий ошнолиги жисмоний фаоллигини кучайтирди.
Хуршид Раҳмонов бошчилик қилаётган бўлим бугунги кунда 370 омонатчи, 3060 кредитчига сифатли хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари, кунига ўртача 300 нафар мижозни қабул қилади, 5200 дан ортиқ актив халқаро карталарга эга. Энг муҳими, мана шу мижозларнинг барчаси банк хизматларидан мамнун.
Қаҳрамонимиз болалигидан ўзига билдирилган вазифа ва ишончни оқлашга одатланган. У хоҳ мактаб томонидан уйга берилган вазифа бўлсин, хоҳ ота-онаси томонидан айтил­ган бирон юмуш бўлсин. Шунданми, бўлимга масъул ходим сифатида ўзига юклатилган вазифани чуқур ҳис қилади. Унинг фикрича, мурожаат қилган ҳар бир мижоз рози бўлиб, иши битиб кетиши керак. Берилган топшириқлар ва режалар ижросини ўз вақтида таъминланиши учун доим ҳаракат ва изланишда. Ходимларни рағбатлантириш масалалари ва уларнинг кайфияти, ишга муносабатини ҳам эътибордан четда қолдирмайди.
Хуршиднинг ишдан ташқари қизиқишлари ҳам бор. “Моддий ва маънавий эҳтиёжларни тенг қондириш инсонни бирхилликдан, пессимизмдан узоқлаштиради. Кун давомида шуғулланадиган ишимиз бизга моддий эҳтиёжларимизни қондириш учун асос ҳисобланса, ишдан ташқари машғулотлар маънавий ҳордиқ олиш имконини беради, улар орқали танада янги куч пайдо бўлади”, деб ҳисоблайди. Шу боис шахмат ва футбол билан шуғулланиб туради. Бу спорт турларига қизиқиш унинг қонида бор. Эсини таниганидан дадасининг шахмат ўйнаб, футбол томоша қилишини кўриб улғайган. 4 ёшида дадаси унга ҳам шахмат ўйнашни ўргатган. Аммо фақат шу машғулот билан чегараланиб қолмаслиги, биринчи навбатдаги мақсади — яхши билим олиш бўлиши кераклигини уқтирган. Шунданми, шахмат билан футбол Хуршиднинг ҳаётида фақат ҳаваскор даражадаги спорт тури сифатида ўрин тутди.
Малакали банк мутахассиси ҳануз икки севимли машғулоти билан бўш вақтларида машғул бўлади. Шу орқали руҳий завқни туяди, оғир меҳнат кунидан толиққан асабларини тинчлантиради. Тиғиз иш кунига асосланган офисларда фаолият юритувчи ходимлар қандайдир қўшимча жисмоний ҳаракат турлари билан шуғулланмаса, саломатлигини барвақт бой бериши мумкин. Чунки камҳаракатлилик ва мунтазам танани бир хил ҳолатда тутиш соғлик билан боғлиқ турли муаммоларни юзага келтириш эҳтимоли бор. Хуршид эса ҳам ақлан, ҳам жисмонан самарадорликда ҳаёт кечиришни истайди.

Н. ТЎХТАМАТОВА