ЙИЛ МУВАФФАҚИЯТЛАРИ

“Биргаликда юксалиш сари!” шиори остида ривожланиш йўлидан бораётган “Hamkorbank” АТБ бугун тижорат банк­лари орасида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Якунланган йил жамоа учун янада омадли келди.
Банкнинг 2022 йилдаги фаолияти якунлари ва 2023 йилдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда бу алоҳида эътироф этилди.
Кенгайтирилган йиғилишни банк бошқа­руви раиси Бахтиёржон­ Жўраев­ кириш сўзи билан очиб, дастлаб мамлакатимизда 2022 йилдаги макроиқтисодий ҳолат, инфил­яцион жараён, молия муассасаларининг ислоҳотлардаги иштирокига қатнашчилар эътиборини қаратди. Бир қатор хорижий давлатлардаги нотинч­ликларга қарамай Ўзбекистонда қатор соҳаларда ўсиш кузатилди.


Ўз ўрнида молия тизимида амалга оширилган ишларга тўхталди. “Hamkorbank” АТБда аввалги йилдагига нисбатан ўсишга эришилди. Охирги 3 йилда банкнинг молия бозоридаги ўрни ошди. Ўтган йили Сергели ва Олмазор банк муассасаларининг очилиши ҳисобига мижозларга хизмат кўрсатиш имконияти янада кенгайди, “Ўзбекистоннинг энг ишончли 10 банки” қаторидан ўрин олди. Тизимдаги ислоҳотлар ва эришилган ютуқларда жамоанинг ҳар бир аъзосини муносиб ҳиссаси борлигини такидлади.
Шунингдек, йиғилиш қатнашчилари банкнинг 2022 йилги молиявий кўрсаткичлари ва бизнес режаларининг бажарилиши, мижозларга хизмат кўрсатиш стандартлари, кредит портфеллари билан ишлашда замонавийлик масалаларига эътибор қаратдилар.
Муаммоли кредитларни камайтириш, банк тасарруфидаги бизнес марказлар ва офислар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган маърузалар билан ҳам танишилди. Бирлашган касаба уюшма кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берилди.
2023 йилда олдинда турган устувор вазифалар ҳақида сўз борганда замонавийлик, тезкорлик ва сифат бош омилга айланиш­лиги таъкидланди. Жойлардаги филиалларни 2022 йил охирида минтақавий банк хизматлари офиси ва универсал банк хизматлари офисларига айлантирилиши масъулиятни янада оширди. Эндиликда улардан самарали натижадорлик талаб этилади.
Жамоанинг ютуғи кўп жиҳатдан бошқарувчига боғлиқ. Шу сабаб замонавий раҳбар, лидерлик қобилияти масаласи атрофлича тушунтирилди. Бу борада жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб иш ташкил этилади.


Йиғилишда сўз олган банк Кенгаши раиси Икромжон Ибрагимов кўрилган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди. Бугунги банк ходими қандай иш юритиши юзасидан ўз тажрибалари ва ривожланган банк­лар фаолиятидан келиб чиқиб, тавсияларини берди. Жумладан, иш самарадорлигини оширишда рағбатлантириш катта ўрин тутишини таъкидлаб, банк бошқаруви олдига фаол ходимларни қўллаб-қувватлаш ва моддий рағбатлантиришни янада ошириш вазифасини қўйди.
Банк ходимлари ҳар йили якуний йиғилишда йилнинг энг фаоллари эълон қилинишини қизиқиш билан кутадилар. Хўш, якунланган йилда бундай эътирофга кимлар муносиб топилди? Кенгаш раиси томонидан айтилганидек, натижалар салмоқли. Шунга мос равишда ғолиблар ҳам кўп бўлди.
Фаол жамоалар ва турли номинация ғолиблари ўқиб эшиттирилганда барча бирдек қувонди. Чунки энг муносиблар ана шундай эътиборга лойиқ топилди. Асосийси, сарҳи­соб ходимларга янги куч, ташаббускорлик берди. Бу шубҳасиз, амалдаги йил натижаларида ўз ифодасини топади.
Ўз мухбиримиз.