«Йўқ» дейишни билмайман» бу ургутлик Иноятилло Аҳроровга хос фазилат
Ҳаётда шундай инсонлар бўлади: доимий шиори, ўз қонуни, ўз қоидасига эга. Бундайларни қайсидир маънода ўзгартириш қийин. Чунки мақсади аниқ, танлаган йўли равон. Ургутлик ёш банк ходими Иноятилло Аҳроровга ҳам ана шундай таъриф бериш ўринли.
Бундан атиги бир йил аввал Ургут банк хизматлари офисида иш бошлаган Иноятилло жамоага жуда тез қўшилди. Касса амалиётлар бўлими иш ўрганувчиси, дея ишонч билдирилганда зиммасидаги масъулият ошди. Чунки талабалик йилларида “Hamkorbank” АТБ тўғрисида кўп эшитган, тартиб ва замонавийлик доим биринчи ўринда туришини кузатган. Вақти келиб шундай жамоа сафига қўшилишига ишонмаганди. Қарангки, бугун касса амалиётлари бўлими кассири.
— Дадам хорижий давлатда ишлагани сабаб банк орқали пул юборарди, — дейди суҳбатдошим. — Пул олиш учун «Hamkorbank»га келганимда ишим битса-да, соатлаб ўтирардим. Ходимларнинг масъулият билан ишлаши, мижозларга бўлган эътибор ва яратилган қулайликлар ҳавасимни оширди. Олийгоҳни тамомлаш арафасида шу банкда ишлашни ният қилдим. Омадим келиб, танловдан ўтдим ва масъулиятли вазифага муносиб топилдим.
Доим кулиб турадиган бу йигитни бир қарашда зукко, билимлилигини англаш мумкин. Зиммасига юклатилган ҳар бир ишга жиддий қарайди. Билдирилган ишончни оқлаш, ўз устида ишлаш ва изланиш борасида талабчан. Ёшликдан йўқ дейишни билмайди. Қандай топшириқ берилмасин бажаришга одатланган. Ҳамкасблари айни шу феъл-атвори учун ҳам унга ҳурмат билан қарамоқда.
Иноятилло жамоадагиларнинг барчасини ўзига устоз деб билади. Кимдандир иш юритишни, кимдандир мижоз билан қандай муносабатда бўлишни, яна кимдандир муомала маданиятини ўрганмоқда. Ҳар бир иш кунига катта бир дарс сифатида қарайди. «Ҳамкасбларимдан куч оламан», дея улар билан кўпроқ бирга бўлишга ҳаракат қилади. Изланишларининг сабаби банк тизимида узоқ йиллар фаолият юритиш.
Тўғри, ишда ҳали сезиларли ютуқларга эришгани йўқ. Бироқ жамоадошларининг унга ишонч кўзи билан боқаётганликларидан хурсанд. Кассага энг масъулиятли жой сифатида қарамоқда. Пулга илгари шунчаки бир муомала воситаси сифатида қараган бўлса, эндиликда унинг кучини сезмоқда.
Иноятилло ютуқларни илмда, изланишда деб билади. Китоб ўқиш энг севган машғулоти. Айтишича, уйида кичик кутубхонаси ҳам бор. Бир ўқиган китобини вақт ўтиб яна қайта ўқишга одатланган. Бадиий адабиётларни ўқишдан мақсади — сўз бойлигини ошириш.
Ҳа, бугун орамизда умидли ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Яратилган имкониятлар уларни янги марралар сари бошламоқда.
А. НАСИРДИНОВ.

