КАССАДА КАДРЛАР ИРОДАСИ СИНАЛАДИ
Бу иборани банк ходимларининг барчаси билади. Чунки молия муассасасида иш бошлаган ҳар бир янги ходим ушбу босқичдан ўтади. Бу темир қоида.
Гулсарвар Раупова 2009 йилда Тошкент молия институтининг банк иши мутахассислиги бўйича тамомлаганидан сўнг “Hamkorbank” АТБнинг Юнусобод универсал банк хизматлари офисига келгунга қадар турли ташкилотларда иқтисодчи бўлиб ишлади. Ўрганди, тажриба орттирди. Ёш бўлсада ўз соҳасининг фидойиси даражасига етди.
У “Hamkorbank” жамоасига 2018 йилда келиб қўшилди. Дастлабки фаолиятини чакана бизнес бўлимида кассирликдан бошлади. Банкда мавжуд бу анъана унинг иродасини синовдан ўтказди. Чунки, мижозлар билан муомала қилишдек мураккаб жараёнда чархланди. Банк тизими пилапояларидан аста-аста кўтарилиб борган Гулсарвар айни пайтда бек офиснинг 1-тоифали мутахассиси. Банк ишини мукаммал ўзлаштирган қаҳрамонимиз ишга сидқидилдан ёндошиши ва топширилган вазифани ўз вақтида бажариши билан ҳамкасбларига ибрат бўлиб келмоқда. Унинг ишчанлиги ва топқирлиги мижозлар билан мулоқот жараёнида аксини топади.
Шундай инсонлар борки, ўз иқтидори билан дунёга келади. Бундайларга “қонида бор” дея таъриф берилади. Яна бир тоифа инсонларга иқтидор болаликдан сингдирилади. Улар ҳар ишда омад ва муваффақиятларга эришади. Яна бошқа тоифадагилари эса ўз меҳнатлари билан эришади муваффақиятларга. Гулсарвар Рауповага барча таърифлар мос келади. Туғма истеъдодли, болаликдан аниқ фанларни ўзлаштириб шаклланган. Ўқиб-изланиш ва меҳнатдан тўхтамайдиган ходим.
Иш, оила, фарзанд тарбияси каби масъулият юки нозик хилқат – аёлдан катта сабр-тоқатни талаб қилсада, улар буни оддий юмуш каби уддалайдилар. Гулсарвар бугун ана шуларнинг барчасига улгураётган ва замон билан ҳамнафас яшаётган хотин-қизлар тоифасига киради.
Нилуфар Йўлдошева.