КЕЛАЖАК МУТАХАССИСИ БЎЛМОҚЧИМАН
Менга “Hamkor press” газетаси таҳририятидан қўнғироқ қилиб, ёш авлоднинг вакили сифатида бугунги имкониятлардан фойдаланиб, касбий ривожланиш борасида қандай изланишлар олиб бораётганим борасида қизиқишди. Шу мавзуда сўз очилган экан, унда қисқача гапириб бера қолай.
Ёшим 29 да. Айни пайтда “Hamkorbank” АТБ Қўрғонтепа УБХО чакана бизнес бўлими менежери сифатида фаолият олиб боряпман. Бу ерга ишга киришимдан аввал Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида глобал бизнес йўналиши бўйича таҳсил олдим. Кореяда ўқимоқчи бўлсангиз, энг аввал корейс тилини ўрганишингиз шарт. Таржима орқали ўрганилган билим ҳаминқадар бўлишини ўқиш жараёнида тушуниб етдим.
Корея олийгоҳларида назариядан кўра амалиётга кўпроқ эътибор берилади. Мен ҳам амалиёт дарсларида Кореядаги бир қанча дунёга машҳур компанияларда бўлдим. Банклар фаолияти ва Молия бозорини ўргандим. Жанубий Корея замонавий технологиялардан фойдаланиш борасида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан бир қадам олдинда. Айнан шу мамлакатда сунъий интеллект орқали ҳар бир соҳа, жумладан, банк соҳасида ҳам муаммоларга ечим топиш мумкинлигини билиб олдим. Кореяда ўз олдимда қўйган қатъий мақсадларимга ўз юртимда эришишни дилимга туккан эдим. “Hamkorbank” жамоаси менга бағрини очди. Билимимни қадрлаган ҳолда, ўз сафидан жой берди.
Охирги беш йилда инглиз тили ва сунъий интеллект билан жиддий шуғулланишга киришдим. Йил якунига қадар IELTSдан 8 баллни қўлга киритишни режа қилганман. Эрталаб 6:00 дан 8:00 гача инглиз тилидан махсус курсларга бораман. У ердан келиб, иш фаолиятимни бошлайман. Иш вақти тугагач, интернет орқали онлайн дарсларда қатнашиб, сунъий интеллект билан ишлашни ўрганяпман.
Истаймизми-йўқми, келажак инновацион ривожланишлар даври бўлади. Унда ҳар бир соҳада инсон омили ўрнини интеллектуал дастурлар эгаллайди. Қўл меҳнати камаяди, сунъий ақл ёрдамида роботлар иш бажаради. Иш ўринлари камаяди. Одамлар онлайн даромад топиш йўлига ўтади. Мана шу рақобатга жавоб бериш учун бугундан ҳаракатни бошлашимиз керак. Бундан кейин қўл меҳнати ва оддий рақамлар билан юқори натижаларга эришиб бўлмайди. Менинг мақсадим ҳозирдан келажак соҳаларини пухта ўрганиб боришдир. Ўз устимда мунтазам изланиб, эгаллаган билим ва салоҳиятимни ватаним ривожи учун сарфламоқчиман.
Дурбек ТУРҒУНОВ,
Қўрғонтепа УБХО чакана бизнес кредит менежери