КЕНЖА ФИЛИАЛ КАТТА ИШЛАРНИ БОШЛАДИ
Филиал янги, лекин ходимларимиз бу тизимга бегона эмас. Ҳар бирининг “Hamkorbank”да камида 5-10 йиллик тажрибаси бор. Бош ҳисобчимиз Яккасарой, касса мудиримиз Навоий, чакана бизнес бўлими бошлиғи Бош банк, корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи Чиноз филиалидан таклиф қилинган. Менинг ўзим анча йиллар «Авиасоз»ларда ишлаб, тажриба орттирганман.
2021 йилнинг 5 октябридан расман фаолиятимизни бошлаган бўлсак, дастурларимиз ноябрнинг ўртасидан тўлиқ ишга тушди. Натижада ўтган йил ҳисобидан атиги икки ой иш олиб бордик. Шу қисқа муддат орасида портфелимиз 3 миллиард 200 миллион сўмга етди. Бу икки ой учун белгилаб берилган режани 120 фоизга бажардик, дегани.

Мақсадлар катта. Бизга ишониб топширилган янги тармоқни тез фурсатда оёққа турғазиб, йирик филиаллар қаторига қўшишимиз керак. Бунинг учун ҳозирдан Тошкент, Яккасарой каби йирик филиаллар даражасида ва улардагидек руҳият билан иш бошлашимиз зарур.
Биринчи навбатда қиладиган ишимиз нуфузли мижозларни жалб қилиш, чакана йўналишга урғу бериш. Мазкур йўналишдаги портфелимизни 20 миллиард сўмга етказмоқчимиз. Корпоратив хизматлар бўйича режамиз 36 миллиард сўм миқдорида белгиланди. Бу кўрсаткични ортиғи билан бажариш учун имкониятларимиз етарли. Насиб қилса, кенжа филиалдан катта натижаларга гувоҳ бўласиз.
Ориф ТОЛИПОВ,
“Hamkorbank” АТБ Миробод филиали бошқарувчиси.