Кичик мижозлар билан катта майдонга
“Hamkorbank” кўзгуси бўлган газетамиз ижодкорлари жойларда бўлиб, газетхонлар билан учрашувлар ўтказмоқда. Жиззах филиалидаги тадбирда банк фаолияти, ходимларнинг дам олишлари қандай ташкил этилаётгани, китобхонлик ва бугунги матбуот хусусида сўз юритилди.
2014 йилда атиги 13 нафар ходим билан ўз фаолиятини бошлаган банк жамоаси учун молия бозорида ўз ўрнини топиш осон бўлмади. Мижозлар билан ишлаш ва “Hamkorbank”нинг имкониятларини уларга етказиб боришни бош мақсад сифатида белгилаб олдилар. Ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари билан бир қаторда маҳаллаларга ҳам кириб бордилар. Натижада молия муассасалари орасида ўз ўрнини жуда тез топди.

— Асосан ёш кадрлар билан иш бошладик. Шу сабаб тажрибали соҳа ходимлари томонидан ҳар куни иш бошлашдан олдин иқтисодий ўқиш ташкил этардик, — дейди филиал бошқарувчиси Дилмурод Эркабоев. — Вақт ўтиб тингловчиларнинг ўзлари мижозлар учун дарс берадиган бўлди. Банкимизга ишонч ошиб, доимий мижозларимизга эга бўлдик. Хонадонингиз учун зарур бирон буюмни сотиб олмоқчи ёки бошлаган ишингизни ривожлантиришингиз учун озгина маблағ зарур бўлиб қолди, дейлик. Бу ҳолда сизга тезкор ва ишончли банк кўмаги зарур. Кўпчиликнинг эътиборини тортишимизда микроқарзга алоҳида эътибор қаратилгани қўл келди. Бу энг қулай хизмат. Биз айни шу йўлни танладик ва кичик мижозлар билан катта майдонга чиқдик.
Филиал раҳбарининг айтганича бор. Бугун Жиззахда Акмалжон Алиев, Бегзод Толибоев, Тошпўлат Ҳамдамов ва Баҳром Исақов каби ходимларни кўпчилик яхши танийди. Айниқса, тадбиркорлар уларга суянади, янги лойиҳаларини амалга оширишда биргаликда ишлайдилар.
Молия муассасасидаги қайноқ ҳаёт мижозлар ишончини қозонганини кўрсатади. Ҳар бир иш ўз ўрнида ва тезкорлик билан амалга оширилмоқда. Шу сабаб белгиланган режалар ортиғи билан бажариляпти.
Иш унумдорлиги, муваффақиятларнинг сири нимада экан, дея қизиқишларимизга маънавият хонаси, кичик бўлсада кутубхона ва теннис майдонига бошлаган филиал раҳбари қуйидагича жавоб берди:
— Эрталабда ҳар бир ходимни қандай ҳолатда ишга келганига эътибор қаратамиз. Агар кимнидир бироз чарчаганини сезсак, маънавият хонаси ёки теннис майдончасига бошлаймиз. Имкон қадар кайфиятини яхшилашга ҳаракат қиламиз. Озгина вақт ўтгач, у, албатта, ўз вазифасини кўтаринки руҳда давом эттира бошлайди.
Ходимларнинг деярли барчаси теннис билан шуғулланади. Ҳар ойнинг охиридаги беллашувда ғолиб бўлиш истагидагилар дам олиш кунларини ҳам шу майдончада ўтказишга одатланган.

— Мен учун энг яхши ҳордиқ китоб мутолааси, — дейди Маҳфуза Муродова. — Китоб билимларимни ошириш баробарида келажакка бошлайди. Ҳар бир асар бир мактаб. Психологик, иқтисодий китобларни кўп ўқийман. Бу ишимда ҳам ёрдам беради. Кундалик газеталарни кўздан кечиришни канда қилмайман-маънавий озуқа оламан. Банк ҳаётим. Фаолиятимизга оид янгиликлар, ҳамкасбларимиз тажрибалари билан танишишда “Hamkor press” газетаси ижодкорларининг меҳнатлари катта. Шунинг учунми, бу газета энг севимли нашрим.
Оммавий дам олиш тадбирлари ва тарихий жойларга саёҳатлар ташкил этиш ҳам алоҳида эътиборда. Байрам тадбирлари доим қизиқарли ва унутилмас бўлади. Наврўзни қадимий шаҳарларда нишонлашнинг завқи ўзгача. Жамоа аъзолари бу йилги айёмни Хоразмда кутиб олдилар.
Аҳиллик, бирдамлик, яхши ҳордиқ ютуқлар гарови. Буни Жиззах филиали мисолида кўриш мумкин.
Акбаржон НАЗАРОВ,
Бекзод МУТАЛЛИБОВ.
Андижон-Жиззах-Андижон.