КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ БИРГАЛИКДА КУРАШАМИЗ

“Hamkorbank” АТБ Бошқарув раисининг
М У Р О Ж А А Т И

Ҳурматли ходимлар, мижозлар ва жамоатчилик вакиллари!
Қонунийлик, ошкоралик, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва жавобгарлик тамо­йилларига қатъий риоя этиш “Hamkorbank” акциядорлик тижорат банки фаолиятида устувор вазифа этиб белгиланган. Банк барча операцион жараёнларни коррупциявий хавфлардан ҳоли ҳолатда ташкил этиш, комплаенс назоратини кучайтириш ва корпоратив бошқарувнинг халқаро стандартларига тўлиқ мос тизимни шакллантириш йўналишида изчил сиёсат юритиб келмоқда. Сўнгги йилларда “Коррупцияга қарши кураш” менежмент тизими стандартларини жорий этиш бўйича амалий ишлар тўлиқ якунланди. Бу Ўзбекистон Респуб­ликасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, корпоратив комплаенс­ талабларига мувофиқ амалга оширилди.
Ҳозирда банк тизимида ISO 37301:2021 — Комплаенс менежменти тизими талабларига мувофиқ халқаро сертификатлаш жараёни давом этмоқда. Ушбу тизим стандарт тузилманинг ҳуқуқий мажбуриятларга риоя этиш даражаси, коррупциявий хавфларни баҳолаш ва бартараф этиш механизмлари, ички назорат ва мониторинг тизимининг самарадорлигини аттестация қилишни назарда тутади. Сертификатлаш жараёни банкнинг масъулиятли ва шаффоф фаолият юритишга доир қатъиятини яна бир бор тасдиқлайди.
“Hamkorbank” томонидан ҳар йили коррупциявий хавфлар ва коррупцияга қарши механизмлар самарадорлигини баҳолашга қаратилган мижозлар ўртасида сўровнома ўтказиб келинмоқда. Жорий йилги таҳлил натижаларига кўра, сўровнома иштирокчиларининг 92 фоиздан ортиғи “Hamkorbank”да коррупцияга қарши кураш механизмини “аъло даражада” деб баҳолаган. Бу кўрсаткич банк томонидан амалга оширилаётган комплаенс чора-тадбирларнинг юқори даражада қабул қилинаётганидан далолатдир.
Шунингдек, молия ташкилотимиз ўз фаолиятида “ноль толерант­лик” (zero tolerance) ҳеч қандай камчиликлар, қонунбузарликлар ёки қоидабузарликларни кечирмаслик сиёсатига қатъий амал қилади ва ҳар қандай коррупциявий ҳолатларни инкор этиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, ноқонуний рағбатлантириш ва хизмат мавқеини ўзига хос мақсадларда суиистеъмол қилиш ҳолатларига кескин чек қўяди. Шу билан бирга, барча ходимлардан ички меъёрий ҳужжатлар, Корпоратив этика кодекси, комплаенс тартиб-қоидаларига сўзсиз риоя этишни талаб қилади.
Ҳар бир мижоз ва ҳамкордан шубҳали ҳолатлар юзага келганда банкнинг тегишли бўлимларига мурожаат қилиш сўралади. Унутманг, сизларнинг фаол позициянгиз ва фикр-мулоҳазаларингиз коррупциядан ҳоли корпоратив муҳитни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Банк раҳбарияти коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат механизмларини янада такомиллаштириш, ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва комплаенс маданиятни чуқур қарор топтириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишини кафолатлайди.
Ҳаммамиз биргаликда қонун устуворлиги ва ҳалоллик тамо­йилларига асосланган корпоратив муҳитни барпо этиб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшамиз.