Кредитни сўндириш

Кредит олаётганда пулни қандай сарфлаш ҳақида эмас, балки, олинган қарзни қандай тўлаш ҳақида ўйлаш керак. Яъни, кредит мажбуриятларини бюджетингизга қай даражада мос келишини аниқлашингиз лозим. Таҳририят таклифига кўра “Hamkorbank” АТБ Юксалиш универсал банк хизматлари офиси ундирув хизмати мутахассиси Баҳромжон ТОЖИМАТОВ айни шу тўғрида тушунча берди.

— Кредитни ўз вақтида ва тўғри сўндириш муҳим саналади. Кредит олганда, биринчи навбатда, қайтариш жадвалини диққат билан кўздан кечиринг ва тақвимда тўловлар санасини белгилаш орқали имкон қадар унга риоя қилинг. Даромад ва харажатларингизни тўлиқ таҳлил қилишни унутманг. Ўзингиз учун молиявий ҳисоботларни юритинг ва ҳар ойда натижаларни ёзиб боринг. Шунингдек, даромад ва харажатларнинг ҳисобини юритиш учун мобиль илова юклаб олишингиз лозим. Агар тўловларингизнинг кўпроқ қисмини банк картаси орқали амалга оширсангиз, банк ёки тўлов ташкилотининг мобиль иловаси орқали уларни тизимлаштиришингиз мумкин. Бунда сиз кераксиз харажатларни кузатиб бориш имкониятига ҳам эга бўласиз.
Маълум харажатларни камайтирмасдан, сиз кредитни сўндира олмайсиз. Чунки кредит бўйича тўловлар ҳам бюджетингизнинг мажбурий харажатлар қисмига киради. Барча даромад ва харажатларингизни таҳлил қилинг ҳамда энг муҳимларини қолдиринг (мисол учун, транспорт харажатларини).
Вақтинча нимадан воз кечишингиз мумкинлигини тартиб ва масъулият билан аниқ белгилаб олишингиз керак. Дейлик, қимматли одатлардан воз кечишни инобатга олинг. Бу сизни қарзингиздан қутилишга ёрдам берадиган вақтинчалик чоралардир.
Кредитни муддатидан олдин тўлаш ҳам ортиқча тўловни тежашга ёрдам беради. Муддатидан олдин кредитни биттада тўлаш мақсадида пул йиғиш керак эмас. Ундан кўра, ҳар ойлик тўловингизни оз-оздан кўпайтириб бориш яхшироқ.
Агар ҳар ойда кредит бўйича тўловингизни камида 10 фоизга кўпайтирсангиз, сиз кредитни муддатидан олдин, тезроқ ёпишингиз ва пулингизни тежашингиз мумкин.
Молиявий ёстиқчани шакллантириш ҳам сиз учун фойдали. Молиявий ёстиқча – бу кўзда тутилмаган вазиятлар учун ажратилган пул. Яқин келажакда нима бўлишини олдиндан айтиб бўлмайди – иш жойини йўқотиш, соғлиқ бўйича муаммолар ва бошқа форс-мажор вазиятлар.
Кредит бўйича кейинги тўловларни ўтказиб юбормаслик учун молиявий хавфсизлик ёстиқчасига эга бўлиш лозим. Бунда молиявий ёстиқча энг камида сизнинг 6 ойлик жами харажатларингиз (шу жумладан, кредит тўловларингиз) миқдорида бўлиши мақсадга мувофиқ. Бунинг учун сиз онлайн омонат очишингиз ва ҳар ой унга маълум миқдордаги пулни йўналтиришингиз мумкин.
Бундай захирага пулни харажатдан кейин эмас, балки, даромад олганда ажратиш лозим. Жамғармага доимий равишда ажратиладиган бундай пул, кам миқдорда (иш ҳақининг 10 фоизи атрофида) бўлса ҳам, вақт ўтиши билан сезиларли даражадаги пулни йиғишга ёрдам беради.
Кредитнинг ойлик тўловларига жарима ҳисобланмаслиги учун ҳар қандай ҳолатда ҳам тўловларни кечиктирманг. Тўлов ўз вақтида бажарилганлигига амин бўлиш учун кредит бўйича тўловларни белгиланган санадан бир неча кун олдинроқ амалга оширинг. Агар тўлов санаси дам олиш ёки байрам кунига тўғри келадиган бўлса, бунда ҳам тўловни олдинроқ амалга ошириш тавсия этилади.