КРЕДИТ КЎМАК ВА МАСЪУЛИЯТДИР

Урганч УБХОда 2011-2012 йилларда шартнома асосида ишлаган эдим. 2020 йил Ҳазорасп универсал банк хизматлари офиси маъмурият бўлими етакчи ҳуқуқшуноси лавозимида фаолият бошладим. Банкда ишлашнинг масъулияти катта. Чунки бугунги кунда кредит турлари кўпайгандан кўпайяпти. Фуқаролар эҳтиёжларига қараб банк маблағларидан қандай фойдаланишни билишади. Аммо айримлар ўзларига муаммо туғдираётгани бор гап.

Автокредит олиш, микро қарз, ипотека, истеъмол қўйингки, молия муассаларидан ажратиладиган кредитлар халқимиз доимий фойдаланиб келаётган жараён – изоҳга ҳожат йўқ. Тўлов қобилияти бўлган фуқаро ёки тадбиркор борки, кредит олиш ҳуқуқига эга. Биз ҳуқуқшуносларнинг вазифамиз адолатли бўлиш. Зийраклик, жиддийлик талаб этилади. Мижоз томонидан берилган аризаларнинг ҳуқуқий томонларини кўриб чиқиш борасида кўнгилга қулоқ тутиб бўлмайди. Аниқ фактларга таяниш банкни иқтисодий юксалтирса, мижозни молиявий қўллаб-қувватлашга, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига хизмат қилади. Яна хусусий уй-жой қуриш, таъмирлаш ёки янги уй сотиб олиш имконини беради. Хўш, муаммо нимада?
Муаммо масъулиятда. Фаолиятимиз мижозлар, яъни оддий фуқародан тортиб йирик тадбиркорлик субъектлари, ташкилотлар ва корхоналар билан боғлиқ. Банк ходимлари ва мижозлар ўртасидаги муносабатлар амалдаги қонун ҳужжатлари ва банкнинг корпоратив этика қоидаларига риоя қилган ҳолда ўзаро ҳурмат асосида йўлга қўйилган. Мижозларимизнинг кўплиги яхши, албатта. Бироқ, банк билан ўзаро муносабатларда вужудга келган муаммоли вазиятлар бироз ёқимсиз. Бу борада ҳамкорларимиз учун ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилади. Уларга шартнома интизомига риоя қилмасликнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилади.
Юқоридаги каби тарғибот ишларимизнинг самараси ўлароқ йил сайин муаммоли активлар камайиб бормоқда. Жумладан, Ҳазорасп универсал банк хизматлари офисида банк ва мижозларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­лари, қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш борасида адолат­ли тизим яратилган. Бу тизимнинг яратилишида банк Кенгаши ва Бошқарув аъзолари ҳамда юридик хизмат ходимларининг хизмати катта.
Банк мижози қачон муаммоли кредиторга айланади? Аввало, тўлови кечиктирилган кредитлар эвазига ҳамкорлик қоидалари бузилади. Бу ўз-ўзидан муаммо туғилишига сабаб бўлади. Масалан, 2023 йилда мижозларимиздан бири кредит эвазига гаровга қўйилган “SPARK” русумли авто транспорт воситасини оғзаки келишув асосида сотиб юборган. Ваҳоланки, машинанинг сотиш ва сотиб олиш функция­лари бажарилиши тақиқланган. Сотиб олувчи бу мумкин эмаслигини билсада, машинани яшириб қўйган. Бу оддий эътиборсизликми ёки банкни чалғитиш. Наҳотки тўловлардан қочиб бўлмас­лигини билмаса? Ҳар икки томонга қилмишларининг ҳуқуқий оқибатлари турли хил юридик жавобгарликларга сабаб бўлишини тушунтириш орқали, гаров мулки эгасига қайтарилди, муаммоли кредит маблағлари тўлиқ сўндирилди.
Яна бир мисол: микроқарз олган фуқаро вақтида кредит тўловларини амалга оширмаганлиги учун банк кафилнинг маблағларидан фойдаланган. Тўғрироғи, унинг пулларини пластик картасидан ечиб олган. Кафил ва кредит олувчи ўртасида келишмовчилик юзага келиб, муаммо банкгача етиб келган. Бу борада ҳам кафилнинг, ҳам кредит олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шартлари тушунтирилди ва ечим топилди.
Тизимда мана шу каби муаммолар тез-тез учраб туради. Гоҳида мижоз чалғитишга уринади. Оқибатда хато туфайли боши берк кўчага кириб қолади. Ачинарлиси, айрим фуқароларнинг тартибларимизни билиб билмасликка олишлари, қонунни писанд қилмасликлари, масъулиятсизлиги.
Касбимни севганлигим туфайли бу ишлар мени чарчатмайди. Ҳуқуқшунос бўлиб ишлаётганимдан афсусланмайман, аксинча, фахрланса арзигулик банк, касб ва лавозимда фаолият юритаётганимдан хурсандман. Самарали меҳнат қилиб, юридик экспертиза, суд ва даъво ишлари, ходимлар ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ишларини сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтариш, банкимизнинг янада ривожланишига ўз ҳиссамни қўшиш бош мақсадим.

Олимбой МАШАРИПОВ.