Кўнгилга оққан кўз ёшлар…
Шогирдлар устозлари ҳақида ёзаверсинлару,
аммо устозлар шогирдлар қисмати
ҳақида қалам тебратмасин экан…
Муаллиф.
(Ҳикоя)
У райҳон бўйли эди. Ҳайрон бўлардим гоҳо. Уни инсон туққанми ё райҳон?! Бир куни ҳазил аралаш суҳбат асносида сўрадим:
– Ҳа, устоз, – деди мулойим кулиб, – чиллам чиққанда райҳон барглари солиб қайнатилган сувда чўмилтиришган экан. Балки шунгадир.
Ҳа, унга атирнинг ҳам, пардознинг ҳам кераги йўқ эди. Кўзлари шунақаям порлаб турардики… Шунақаям истарали эдики…
* * *
Аслида бизларни шеърият майдони таништирган. Чамаси, бундан қирқ йиллар олдин эди. Дарсларимни ўтиб бўлиб, ошхонада овқатланиб ўтиргандим. Бир маҳал қаршимда нозик қоматли, буғдой рангли, қўнғир сочларини чиройли қилиб турмаклаган, ҳаё ва ибода тенги йўқлиги сезилиб турган бир қиз пайдо бўлди.
– Сизнинг олдингизга келгандим, – деди у ийманиб салом бераркан, – шеър ёзишга қизиқаман.
Ўтиришга таклиф қилдим-да, қаердан, қайси мактабдан эканлигини сўрадим:
– Ҳ-ҳалиги, эшитган бўлсангиз керак. Лотерея билетига “Волга” ютиб олган қўшариқлик кишининг қизиман. Исмим Муборак.
– Ҳа, эшитганим бор.
– Андижон давлат педагогика институтининг филология факультети талабасиман. Биринчи курсда таҳсил оламан.
Унинг кўзларида гўё чўғ бор эди. Туб-тубида қатъиятлик акс этиб турарди.
– Газеталарда машқларим чиқиб туради.
– Ў-ў, – кулдим, – анча машҳур экансизу.
– Лекин ичим чиқмаяпти.
Унинг камтарона жавоблари ёқа бошлади. Ҳа, асл ижодкор ёзганларига ғурурланиб эмас, танқидий нуқтаи назардан қарайди. Ижодидан қониқмайди, қониққанда эса… У атрофга аланглаб қарар, ошхонага кириб чиқаётган ўқитувчиларга бир-бир назар ташлаб ўтирар, ора-сира кўз қирида мени ҳам кузатарди.
– Нега? – қизиқсиндим, – ахир пойтахт матбуоти нари-вери шеърларни чоп этмайди.
– Билмайман, нимагадир ёзганларимдан қониқмаяпман. Шунинг учун сизнинг олдингизга келдим.
Нигоҳимдан берадиган саволимни уқдими, ё…
– Сизни ўта қаттиққўл, ким бўлишингдан қатъи назар аямайди, деб айтишган эди.
У шошиб мулоҳазасини айтганиданми, ё ўзининг бу ҳолатини бетгачопарликка йўйганиданми, тилини тишлади ва қизариниб ерга қаради.
– Қани, машқларингиздан ўқинг-чи?
Ялт этиб қаради у. Хижолатдан қизарган юзларида ишонч пайдо бўлди.
-Ҳмм, ҳалиги, бироз ҳазилга мойил шеърим бор, ўқийми?
– Қани?
– Баҳор келди, чор атроф гулгун,
Қара, ининг турибди шундоқ.
Қалдирғочим, хуш келдинг бугун,
Полапонинг очавер бундоқ.
Жавдирама! Қўрқмагин мендан,
Мен сенинг дўстинг бўламан.
Ҳаётингга ким хавф туғдирса,
Томоғидан хиппа бўғаман…
Топилмалари янги, маъноли. Қофиялардаги баъзи камчиликларни ҳисобга олмаганда анчайин пишиқ ва тарбияласа бўлгудек… Келажакда шоира номига арзийдиган ижодкор бўлиб етишиши турган гап. Ҳафтанинг маълум бир кунида келиб, сабоқ олиб кетишини маслаҳат бердим. У кўзларини катта-катта очиб:
– Раҳмат устоз, – деди ўрнидан туриб, – инжиқликларига чидай олармикансан, дейишганди. Жа-а, унақага ўхшамас экансизу…
Юракдан, самимий айтилган гаплар менга бироз таъсир қилди. Унинг шаҳдам қадамлар ила ташқарига йўналганини нигоҳимда кузатиб қоларканман, чин дилдан қабул қилишимга сабаб ҳақида ўйлаб қолдим. Ҳа, у яратган жажжигина шеърлари мағзини олам ва одамлар ташкил этган бўлиб, маълум маънода фалсафиёна фикрлари ҳам сезиларди. Масалан, юқоридаги қалдирғоч ҳақидаги шеърида одамларнинг жонзотларга нисбатан муносабатини, меҳр кўрсатса меҳр, жабр қилса жабр тортиши ҳақида фикр юритган ҳамда қурби етганча тавсифлаган. Шу борада инсонларнинг борлиққа нисбатан муносабати, дўстлик туйғуларидан иборат мушоҳадалари диққатга сазовордир. Яна бир жиҳати, у рангин дунёни аниқ ва тиниқ кўрмоқликни умид қилади ва шеърларида уни теран маънода тавсифлашга ҳаракат қилади. Яна мени ўзига оҳанрабодай тортган қирраси, овози ширадор ва ёқимли эди. Қанча эшитсам ҳам тўймас эдим.
* * *
Муборак уч-тўрт йил қатнаб юрди. Бу орада ёзган шеърлари битта икки юз бетлик китоб қилса арзигулик даражага етди. Уни тез-тез мактаб, туман тадбирларида учратиб юрдим.
Cўнг бирданига кўринмай кетди. Матбуот орқали кузатдим, йўқ. Кейинчалик:
– Энг чекка туманлардан бирига келин бўлиб тушибди;
– Кетма-кет фарзандли бўлгани учун ижод қилолмаяптийкан;
– Камбағалроқ оила экан, турмушини ўнглайман деб, икки ставкалаб ишлаяптийкан, – дейилмиш узуқ-юлуқ гаплар эшитдим.
Бу орада ўқитувчиларнинг навбатдаги нуфузли анжуманига туман, вилоят саралаш босқичидан ўтиб, азиз авлиёлар макони бўлмиш Бухорои шарифда ўтадиган сўнгги синовга йўлландим. Барча фан ўқитувчиларининг ғолиблари йиғилган жойда Муборакни учратдим. Гул-гул яшнаган жувонлар олдида унинг либослари униққан, ранглари сўлғин, бир неча йиллар аввал порлаб турган кўзлари тубига ғам-алам чўккани шундоққина сезилиб турарди. Мени кўрибоқ олдимга чопқиллаб келди, келасолиб бўйнимдан қучиб, чуқур хўрсинди:
– Устоз, мени кечиринг?!
Ҳорғин, аламли эди овози. Йиғлоқи эди. Титроқ эди. Бағримдан бўшаб, кулиб қаради. Аслида кулиб қарашга мажбурлади ўзини. Кўзлари нам, юзлари сўлғин. Дийдам бўшаб кетди. Кўзларимга ёш сизиб келди. Нима деб овутай? Овутишнинг йўлларига бир-бир бўйладим. Лекин… Менинг ўйлаганларимнинг акси бўлса-чи? Ваниҳоят:
– Нима, ҳеч ким сенчалик фарзанд боқмабтими? – дедим қатъий туриб, – Саида опа, Ойдин опа, Ҳалима опалар ҳам бир қўлида бешик, бир қўлида қалам билан ижод қилганлар. Бу орада аёллик бурчини ҳам унутишмади. Кир-чир, қозон-товоқ дегандай… Қара-я, берган ваъдаларинг қайси кўчада сарсон? Сендан умидим катта эди.
– Шунақа бўп қолди.
У турмуш қурганини, кетма-кет фарзандли бўлганини, турмуш ўртоғи оилага сал бепарво эканини пардалаб сўзлади. Бу орада микрофон орқали гуруҳ раҳбаримизнинг овози жаранглади:
– Ҳаммангиз автобусга чиқиб, жой-жойингизни эгалланг?!
Халитдан бери икки ё уч кишилашиб суҳбатлашиб турганлар ҳаракатланди. Бири жомадонини, бири қўл сумкасини, бири… Хуллас, ҳар ким уйидан олиб келган ўзи учун керакли нарсаларини кўтариб, автобус томон йўналишди. Муборак ҳам оёғи остида турган қопчиқни кўтарди. Темирнинг аллақандай тарақ-туруқ овози қулоққа чалинди. Унга қараганимдан пайқади шекилли:
– Кетмон, теша, болта…, – деди у маъюс.
– Мавзуинг шуларга хосми?
– Йў-ўқ! – қопга қаради, – Бухорода бу буюмлар қиммат деб эшитдим, – шунга уч-тўрт сўм фойда қиларман деб…
Ичимда бир нарса чирс этиб узилгандай бўлди. Оҳ аёл-а?! Чумолидан қолишмас меҳнаткаш аёл-а?! Ҳозир чумолидан фарқинг қани? Топганингни оилага, бола-чақанг учун ташийсан. Атрофингдаги тенгдошларинг шўх-шодон сўзлашяпти. Аскиялар қилишяпти. Ҳар замон-ҳар замонда кичкина, қўл сумкасидан ойнагини олиб, пардозини текширяпти, бузилдими ё… Эртага бўладиган анжуманга ҳозирдан тайёргарлик кўряпти. Хаёлларида нелар бор? Бахтиёр чеҳраларидан кўриниб турибдики, улар бахтли, бахтиёр… Сен эса… Эҳ Мубор! Мубор! Орзулари бир олам Мубор! Нодираи даврон бўламан дер эдинг. Бу кетишда унинг биргина ғазалининг шуҳратига ҳам эришолмайсан. Шу пайт нимагадир сесканиб кетдим:
– Ишқилиб умринг ўхшамасин! – пичирлади лабларим. Ярим нафрат ва ярим ачиниш ҳисси оғушида демишларим ўрнини раҳмдиллик эгаллади. Нима бўлганда ҳам Нодирабегим каби ёш умрини хазон бўлишини истамасдим:
“Майли, буюк шоира бўлиб етишмасанг-да болаларинг бахтига соғ-омон бўл. Уларнинг бахту камолини, роҳатини кўр?!”
Барчамиз ғолибликни қўлга киритиб қайтдик. Шу жумладан Муборак ҳам! Унинг қувончдан юзларидан табассум аримас, кўзлари порлар эди:
– Устоз! Албатта, ёзганларимни тўплаб, сизнинг нигоҳингиздан ўтказаман-да, китоб қиламан. Қаршимасмисиз?
– Йўқ, тоқайта қувонаман. Кўряпсанми, биргина ғолиблик нашидаси қанчалар ўзгартириб юборди сени!
– Сездим.
– Китобинг нашр этилса бундан ҳам зиёда бўлади, унутма?!
– Хўп бўлади, устоз?!
* * *
У яна қорасини кўрсатмай кетди. Уч-тўрт ой ўтгач, яшаш манзилига излаб бордим. Ота-онасини кўргани кетибди. Яна шунча муддат ўтказиб, уни кўрмоққа ошиқдим. Бу гал маҳалла қўмитаси раисасининг аллақандай топшириғи билан Тошкентга кетибди. Сўнг ўзини кутдим. Ахир излаб борганларимни эшитгач, ўзи келса керак энди деган илинжда кутдим. Йўқ! Қораси экан, ҳатто телефонда ҳам бир оғиз сўз демади: “Ахир номеримни бериб келганман-ку қизингга! – жаҳлландим, кейин, – бас! Лоқайд, масъулиятсиз экансан. Буни кеч англадим. Энди сен билан ишим йўқ!” У билан мутлақо юз кўрмас даражасига етганимизни кейинчалик англадим. Ҳар замонда бир ёдимга тушганда унинг ноёб қобилиятини ўйлаб, ичим туздай ачишар, бир иқтидор эгасининг турмуш ташвишлари бағрида қурбон бўлганини сезганимда эса дилим аламларга тўлар эди, наилож!!!
* * *
Бу орада Андижоннинг олис ҳудудларида яшаб, ижод қилаётган бир гуруҳ ижодкорларнинг истак-хоҳишлари билан гап-тўгарак ташкил қилдик. Гап-тўгарак дейилишининг сабаби, бир пиёла чойи ҳам бор. Бундан кўзланган мақсад, янги ёзилганлардан намуналар ўқилиб, фикр-мулоҳазалар билдирилар эди. Аввалига ўн кишини ташкил этган аъзолар сони икки ой ўтар-ўтмас ўн беш кишига етди. Ҳаммаси ҳар турли касб эгаси. Шу жумладан, Ойдин исмли шамолдай қизимизнинг китоб дўкони бор, Эски шаҳарда. Унинг бир тарафида андижонлик ижодкорларнинг асарлари ҳамда бутун водий, воҳалик ёзувчи-шоирларнинг китоблари ўрин олган. Бир тарафда эса “Жаҳон адабиёти дурдоналари” жойлашган.
Хуллас, пойтахтнинг менман деган китоб дўконларидан қолишмайдиган бу илмгоҳга кунларнинг бирида Муборак кириб келади ва менинг асарларимдан бир нусхадан сотиб олади.
– Ҳазрат Жалолиддин Румий ҳақида ёзилган китоблардан ҳам олинг ва ўқинг, доғда қолмайсиз, – дея таклиф қилади Ойдин унинг қизиқишини кўриб.
– Келаси сафар, – Муборак маъюс жилмаяди, – аввал устозимнинг сўнгги йилларда ёзган романларини ўқиб олай, сўнг…
– Вой, буни қаранг, устозингиз раҳбарлигида тўгарагимиз бор, хабарингиз йўқми?
– Шунақами, мен ҳам қатнашсам қабул қилармикинлар?
– Нега қабул қилмасин, эскитдан таниш экансизлар. Буни қаранг, навбатдаги йиғилишимиз устозимизникида экан, албатта келинг.
Ойдин менинг уйимга келиш йўлларни уқтирган.
Энди тўпланиб, гурунг бошлаганимизда кириб келди у. Кўзларимга ишонмасдим. Шунақаям севиндимки… Чунки нодир қобилият эгаси сафимизга келиб қўшилган эди. У мендан сал нарида ўтирар, кўзларимиз тўқнашганда эса ҳорғин жилмайиб қўярди. “Сени бунчалар чарчатган нима?” саволим туғиларди бу пайтда. Бир-икки пиёла чой ўтгач, шеърхонлик бошланди. Навбат унга келганда кўнглим йиғлади. Кўзларим ёшсиз йиғлади. Чунки бундан бир неча йиллар олдинги навниҳол, шижоатли қизнинг эмас, алам, дард, қайғу изтироблари оғушидаги қалби вайрон аёлнинг кечинмалари эди қораламалари. Ҳамма жим. Назаримда, борлиққа сукунат чўккан.
– Ижодкорларимиз шеърларида айрилиқ дардини бу қадар жонли ва таъсирли чиққанини ҳис қилмаганман, – бироздан сўнг яна бир Муборак исмли телемухбир қизимиз сўз бошлади, – ким билади, турмуш ўртоғимдан эрта жудо бўлганимгами? – хомуш тортди, – барибир, қаламингиз ўткир экан. Жонли, таъсирли деталларни ишлатар экансиз. Бу – маҳорат!
– Топилмаларингиз янги, ғоянгиз кучли, – яна бир маданиятлик шоира қизимиз Муборак суҳбатга қўшилди, – лекин бироз пессимистик кайфиятгга эгалиги ёқмади менга.
– Буни қаранглар, – ҳар доим суҳбат асоси жиддий тус ола бошлаганда, чалғитиш учун дилкашона сўзлари билан кўнгилларни кўтарувчи Ойдин шўх-шодон кулиб деди, – сафимизда энди учта Муборак бўпти. Бунда бир ҳикмат боров!!
Тўгаракни маълум маънода жонланишига туртки берган Муборакнинг иқтидоридан хурсанд ҳолда жимгина яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Унинг шеърлари баъзи таскин излаганларга малҳамдай ёқишини ҳам сездим, ғурурландим. Баҳс-мунозара чунонам қизидики, ҳар ким ўз билими доирасида фикр билдирар, айтилаётган мулоҳазалар ўзаги ечим томон бораётгани қувонарли ҳол эди. Буни қарангки, аср шомга ўз ўрнини бўшатаётганини ҳам сезмай қолибмиз. Хуллас, ошга сувни меъёридан ортиқ қуйса шавлага айланганидек, бизлар ҳам шу кўйда эмасмизми деган хулоса билан якунланган мажлис, келгусида қаерда ва кимникида ўтиш куни белгиланди-да тарқалишди.
* * *
Зулфияхоннинг таваллуд куни муносабати билан “Чинор” ресторанининг махсус хонасидамиз. Ҳазил-мутойибалар оғушида шеърхонлик ҳам ўзини кўрсатди. Топган гул, топмаган бир бош пиёз деганларидай, ҳар ким ўз ижоди ҳосилидан баҳраманд этди. Муборакнинг бу галги ўқиган “Мерос” шеъри ҳам фалсафий аҳамиятга эга бўлиб, ундаги ҳар бир нарса аввалдан бўлганини ва бизларга мерослиги тавсифланган эди. Табрикларга кўмилди у. Мароқли ўтган йиғилиш таъсиридан барча мамнун эканини ҳис қилиб ўтирган эдим:
– Устоз, бироз ўтирасизми? – сўради қаршимга келиб ийманиброқ.
– Ҳмм, ўғлим келгунича…
Гоҳ-гоҳида гаплар бир-бирига шунақа илашиб кетадики… Ҳозир ҳам шундай бўлди. Бир неча йиллар олдин Бухорога сотиш учун олиб борган буюмлари кўз олдимга келди. Пардалаб сўрадим. Ўша жавоб. Турмуш камчилиги ташвиши.
– Эрингиз борми?
– Ҳа, сиртқи у. Устоз, сизламанг мени, илтимос? – айбдор боладай ерга қаради у.
Ҳайратим ошди. Шу вақтгача эрларга нисбатан сиртқи сўзининг қўлланишини энди эшитиб турган эдим.
– Русчасига заочний, – деди, сўнг, – биз севишиб турмуш қурган эдик. Лекин у овсинимга уйланиб олган.
– Нима?! – қулоқларимга ишонмас эдим, – овсинимга? Наҳотки? Ахир!?
– Ҳмм…, – мадори йўқ бемордай бош ликиллатиб қўйди.
Менда эса навбатдаги саволни топиб беришга миям ишдан чиққандай гунг ва лол эдим. Кўнглимда нималар кечганини бир Худо, бир ўзим биламан.
– Шунинг учун бироз ўтирасизми дея сўрагандим. Кўнгил сиримни бир сизга айтиш ниятим бор эди.
– Унда эртагами, ё индинга бироз ҳолироқ жойда…
– Бугун бироз ёрилмасам бўлмайди, ичим тўлиб кетди.
Мен розилик бердим.
– Мени келин қилиб олгандан сўнг қайнонам қайноғам билан овсинимни шаҳарга яқин жойдан участка сотиб олди-да чиқарди. Қайнонамнинг қизиқ феъли бор эди. Бизларни бирга юришга, бирга тунашга қўймас эди. Эрим бошқа, мен эса бошқа уйда… У тўй-тўркунга кетса ё бирор маъракагами кетганда, кундузи ишдан вақт топиб келса учрашардик. Кейинчалик овсинимнинг айтишича уларга ҳам шундай муносабатда бўлган экан. Остонамда тунар эди, деб кулган эди бояқиш.
– Унда ўғилларини уйламасин эди?!
– Шуни айтинг. Ҳайронман, шунақа тоифадаги қайноналар яна бормикин, ё фақат бизларники…
– Энди сендан эшитиб турибман.
– Демак, деярли йўқ. Хуллас, фарзандларимнинг ҳаммаси ҳуфиёна учрашувлар меваси бўлиб дунёга келди. Шундай кунларнинг бирида қайноғам оғир дардга гирифтор бўлди. На ўтиради, на юради. Тўшакка михланган.
У бир нуқтага тикилганича жимиб қолди, сўнг:
– Оҳ, чарчадим, – деди ғамгин, – ўзимдан чарчадим. Бу ҳаётимда учраган энг оғир зарбалардан чарчадим. Палағда ниятли одамлар томонидан берилган зарбалардан! Қалб ўғрилари, кўнгил жаллодлари томонидан қилинган хиёнатлардан чарчадим. Агар сизга бугун бироз ёрилмасам ўлиб қоламан, ҳмм, ўлиб қоламан.
У яна сукутга толди. Бу орада хизматдаги аёл эшикдан бош суқиб, ўғлим келганини айтди.
– Малол келмаса, бу ерга чақириб юборинг, – илтимос қилдим.
Зум ўтмай қораси кўринган ўғлим Саиджонга бирор ҳолироқ жойга олиб боришини, зарур иши бўлса бажариб, сўнг келишини айтдим. У рози бўлди ва бизларни “Навоий” боғидаги қатор жойлашган ўриндиқлардан хилватроқ жойга қўйилганига жойлаштириб, сал наридаги будкадан музқаймоқ ва салқин ичимлик олиб келиб:
– Суҳбатингларни мазали ўтишига ёрдам беради, – деди-да, икки соатлардан сўнг келишини айтиб узоқлашди.
– Дуо қилинг устоз, – кўзларига ёш олди Муборак, – бир донагина ўғлим бор. Сизнинг Саиджонингизга ўхшаб меҳрибон ва мурувватли бўлсин.
– Иншооллоҳ! Ҳавас қилсанг ниятингга етасан.
– Омин! Хуллас, қайноғамни кўрсатмаган табиб, қаратмаган дўхтир қолмади. Охири ҳаммамиз тақдирга тан бердик.
– Чет эллик дўхтирларга-чи?
– У вақтда ҳозиргидек алоқалар йўқ эди. Хуллас, акамнинг ўғли ёш деб авваллари кунда бориб қарашиб турди. Сўнг кечалари аям қийналяпти деб тунлари ҳам қоладиган одат чиқарди. Қайнонам хурсанд. Ҳам ўғлининг меҳр-оқибатидан, ҳам қоровулликдан қутулганига.
– Товба! – энсам қотди, – ўғлини уйласин-да, эшигининг тагида пойлоқчилик қилсин, товба! Бу қанақа аёл-а?!
– Кунлар ўтиб, кундузлари келиб турадиган эрим аста-аста бизларни унутгандай, ўн-ўн беш кунда бир келадиган бўлди. Мен уни шу қадар севардимки… Уни менга Худо ато этган тақдир туҳфаси дея алқар эдим, ҳатто унга боққан ўз кўзларимдан ҳам қизғанардим.
Мен унинг униққан либосига, ғамгин чеҳрасига, музқаймоқ ушлаган қўлларининг сезилар-сезилмас титрашларига қараганча ўйга толган эдим: “Шунинг учун ҳам қайнонангнинг ит феълларига чидагансан-да Мубош!?” Хаёлим поёнига етмай у ҳикоясини давом эттирди.
– Унингсиз нафас олсам юрагим оғрир эди. Юз машаққатни енгган тоғ бардошим бора-бора ундан айрилаётганимни сезгач, енгишим осон кечмади. Ишқ дарди менинг жонимни суғуриб олаётгандай, қароғимга қора булутлар қўнаётгандай, орзуларим ғунчалари очилмай сўлаётгандай, бу аҳволимга қарға-зоғлар кулаётгандай, муҳаббат мамлакатининг сўнгги шоҳи ўлаётгандай эди гўё… Бу тилдан қолгунча сўзланадиган ҳикоя эмас, аксинча, эгасини топиб гапириладиган воқеа, ғамгин эртак каби, устоз.
У “ҳикоямнинг эгаси сизсиз” дегандай маъноли қаради. Унинг сўзларидан бахти куйганлигини ҳис этиш қийин эмас эди. Қаршимда оламлардан юраги, қалби куйиб адо бўлган аёлни кўриб турардим.
– Сирни сақлаш ўзини ҳимоя қилишликни сиз мендан яхши биласиз, устоз. Шу кунгача ҳеч кимга тиш ёрмадим. Фақат сизга айтгим келарди. Иттифоқо Ойдиндан бу тўгаракни эшитиб, қанот боғлаб учиб келдим. Чунки сиз борсиз-да…
У шу топда қора булутдан ҳам ғамгин эдики… Ҳа, ичида ёмғиргина эмас, дўллар ҳам ёғар эди.
– Мен ҳақиқат билан хиёнат ўртасида қолиб яшаяпман. Севгим, умидларим чилпарчин бўлган, орзуларим эса кишанланган.
У шунчаки қиз бўлиб яратилганлар хилидан эмас, кўп нарсани нозик ҳис қила оладиганлар тоифасидан эди.
– Унинг кўзларини парда босган, мени кўрмас, фақат у томонга талпинарди. Кўнглим бир кўнгилсизликни сезса ҳам негадир ишонмас, ишонишни истамас эдим. Ҳа, устоз, шодликларим қулоч ёзиб, бахт сурури мени қучган-да…
Унинг кўзларидан сизиб оққан ёш томчилари хиёл ажин тушган юзларига думалаб туша бошлади. Лекин тезда ўзини қўлга олди-да, хиёл жилмайганча сўзида давом этди:
– Шаббоданинг сочларида атиргуллар ифори анқиб турган баҳор палласи эди. Фарёд уриб келди овсиним уйимизга. Кейинчалик англасам, хиёнат отлиқ қассоб ҳам бирга кириб келган экан уйимизга. Қайнонам ҳангу-манг, бизлар эса тошдек қотганмиз. Тиллар калимага келмас, гунг ва лол эдик. Қайнонам ўзини тутиб, сўради. Эрининг касаллиги ҳақида дод-вой…
У билан она-бола бирга кетишди. Кечга яқин тарвузи қўлтиғидан тушиб, қайтиб келишди. Нигоҳларим саволига қисқа жавоб олдим:
– Касалхонага ётқиздик…
* * *
– Юқорида айтганимдек, чиқмаган жондан умид дея қаерда табиб, қаерда дўхтир бор экан дейишса кўрсатдик. Йўқ! Фойдасиз! Биласиз, бу ҳаракатлар, кўрсатишлар, дори-дармонлар тагида пул деган балои азим туради. Ётиб еганга тоғ ҳам нурайди. Қайнонам пенсасини, эрим эса маошини аямай сарфлашди. Оилани эса мен тебратиб турдим. Охири бўлмади. Овсиним яккаю ягона ўғлини мактабни битиришига чет давлатга ишга жўнатди. Энди англашимча, мусибат отлиқ ғам карвони мени ўша пайтдан бошлаб ўз сафига олган экан. Сезмабман, акасининг хотини билан…, умуман, хаёлимга ҳам келмабди. Ҳозиргача саволлар дарёсида сузаман. Саволлар соясида ухлайман. Баъзида воқеалар гирдобида қолиб, мени заҳарлаб ўлдиришгандан кўра уларни ҳам бирга ўлдирсин дея қасдландим, аммо қўлимдан келмади, ҳа, қўлимдан келмади. Айтинг?! Қандай қилиб одамнинг қалби бунчалар қора бўлиши мумкин?! Қандай қилиб юмшоққина юрак тошга айланиши мумкин?! Эвоҳ! Ичим аламга тўлган, лекин ташқарига чиқаролмас эдим. Оилам шаънини, қизларим, якка-ю ягона ўғлимнинг ҳаётини, диллари ўксик, қалби вайрон бўлмаслигини ўйлар эдим. Оёғим остига дунё молини пояндоз қилсалар-да кўнглимдаги садоқатга, ичимдаги ишончга пичоқ уролмас эдим. Ҳа, чунки у менинг кўнглим, қалбим ичида эди. Аммо унга дарз кетди, садоқатнинг ишончига дарз кетди. Шундай эса-да, дилим қулф эди, тилим қулф эди. Аста-секин у ичимда емирила бошлади. Таърифлаб бўлмас ожизлик ичида қолдим. Ҳа, ожизлик мени ютаётган эди. Бахтимга Оллоҳ сизни яна менга рўбарў қилди.
У оний лаҳза жим қолди. Салқин ичимликдан симирди. Ҳа, шу онда унинг ичи, нафақат ичи, бутун борлиғи ёнаётган эди. Энди унинг кўзларидаги ғазаб ва нафрат учқунлари юрагимда ваҳима уйғотди. Қалбини тегирмон тошидай эзғилаётган хиёнатга нисбатан ғазабли, ё оилага нисбатан содиқлик учқунларими бу, ажрата олмай гарангсидим. Ҳатто унга нисбатан ҳеч бир сўз айтолмадим. Далда беришга куч тополмадим. Тезкор сув ҳеч кимни аямагани каби у ҳам нафрат туғёни оғушида шундай сўзларни айта бошладики…
– Бир куни кечга яқин кенжа қизимнинг иситмаси кўтарилди. “Тез ёрдам” чақирдим. Муолажа қилиб кетишди. Икки соатлар ўтгач, иситмаси яна кўтарилди. Ангинаси йиринглаб кетган экан, бу гал касалхонага ётқизишди. Операция қилишди. Бир ҳафта деганда касалхонадан чиқдик. Шу орада бирон марта хабар олмаганидан эмас, бошимда эгам бўла туриб, ўзгалардан қарз-қавала олиб, шифохона харажатини тўлаб чиққаним обдан алам қилди менга. Овсинимникига тўнғич қизимни жўнатдим. Келди. Юзларида фарзандининг соғлигидан хавотирни эмас, қандайдир хотиржамлик, мамнунлик ифодасини уқдим. Ҳайрон қолдим. Воажаб! Шу он унинг кўзларининг ичида севгини кўрдим. Ўзгага нисбатан севгини, ҳа, ишонаверинг, севгини…
Муомалалари шунчаки… Сохта бўлиб сохта, чин бўлиб чин эмас. Касалхонага кетган харажатни берди-да, уйда нима камчилик бор, болларинг билан нима еб, нима ичяпсан, демай, ҳаётимизга сокин мусиқадай кириб келди-да, ўшандай ҳолатда чиқиб кетди. Ўша паллада бир силкитиб қўймоқчи бўлдим, лекин қурбим етмади. Чунки ичимдаги ишонч бунга йўл бермади. Ортимдан биров бўғаётгандай нафас ололмай қолдим. Тилини ютиб юборган одамдай на бир сас чиқардим, на бир садо… Карахтлигимча бир неча кун, сўнг ҳафталарни ўтказдим. Биров мени кишанлаб ташлагандек ҳаракатсиз ва оёқсизга айландим, гўё илонга айлангандим. Судралиб юриб юмушларни бажарар, “Наҳотки, овсиним, йўғ-э, балки бошқаси биландир?” деган саволлар гирдобида ақлим кирланган эди. Ақлдан озган каби гапларим, кулгуларим ҳам маънисиздек эди. Болаларим ёш бўлгани боис бунинг фарқига бормас, шунчаки чарчаган деган ўйда эдилар. Менга эса хаёллар оғушида турли хил саволлар ҳужум қилар, тинчлик бермас эди. Ичимдаги шайтон уйғонган эди. Бир гал, “Бор, овсинингни маҳалласида шармандаи шармисор қилиб кел”, деса, янаги сафар, “Номуссизларга ҳаёт бериб, мазза қилиб яшашига имкон беряпсанми?” дер, яна бир гал эса, “Овсинингни чалажон қилиб ур-да, эрингни олдингга солиб кел”, дер эди. Раҳмон эса, “Фақат бу шаштингдан қайт”, дер эди. Бу қарама-қаршиликлар ўртасида топилган жавобларнинг маъноси эса битта: бу озган замонда ҳақиқий севгини топиш жуда қийин. Чунки севгини уйғотиб бўлмайди, у эгасини топганда ўзи уйғонади. Менинг севгим шу тарзда уйғонган эди, лекин уники-чи? Шулар ҳақида ўйлаб, ечимини топгандай эдим. Шунинг учун унга нисбатан қилт этган ноўрин ҳаракат қилолмас эдим, қилолмадим.
Шундай эса-да, охирги умид эшигини тақиллатиш мақсади пайдо бўлди менда. Ноумид шайтон дея, бир куни хуфтондан сўнг тўнғич қизимга укаларига кўз-қулоқ бўлишини тайинлаб йўлга тушдим. Ҳа, овсинимникига олиб борадиган йўлга. Ҳайтовур дарвозасини очиш қийин бўлмади. Эшик қияси орқали ички илгакни тушириб, ихчамгина райҳону атиргуллар ифорига тўла ҳовлига кириб бордим. Ҳаммаёқ жимжит. Фақат айвон чироғи ёниқ, холос. Аста чап томондаги хона эшигини очдим. Қўланса ҳид димоғимга урилди. Оппоқ чойшабга ранг-туси уйқашган қайноғам ухлаб ётарди. Жуссаси тордек, очиқ турган қўл билаклари теша сопидай нозиклашган эди: “Қандай паҳлавон эди-я. Оллоҳим дардниям давоси билан берсин экан…” Кўнглим бузилди. Яхши инсон эди. Бироз ҳавоси янгилансин деб, эшикни қия ҳолда қолдириб, бошқа бир эшикка юзландим. Чунки эримни қидираётган эдим-да… Оҳиста очдим. Очдиму борлиғим мум каби эриб кетгандай, оёқларим тошдек қотгандай, кўз олдим қоронғилашгандай ҳис қилдим ўзимни. Эримнинг кўксига бошини қўйганча ухлаб ётган овсинимни кўрдим. На ичкарига кириш, на орқага қайтиш хоҳиши туғилди. Ишончга ўт тушди, куйди, кул бўлди. Қаранг-а, эрим шу вақтгача ножоиз ишлар ортида турган экан. Сездирмаганини кўринг. Ичимга дод-фарёдлар, аламлар тўлди. Ўзга бир аёл билан кўрганимда бунчалар куймасмидим, келиб-келиб овсиним билан, жигаргўшасининг аёли билан… Оғир дард билан олишиб ётган акасига шундай қабоҳатни раво кўриш… Ақлга сиғдиролмасдим. Шунчалар ҳам разилмиди эрим. Шу қадар шармисорлик… Шу топда гўё булутлар қуёшнинг заррин нурлари юзини тўсиб, рутубатли кунларни раво кўраётган эди менга. Бир вақт эрим унинг бошини кўксидан олди-да, болишга қўйди ва ўзи уни ит боласини ялагандек ялаб-юлқаб, қучиб олди:
– Жо-о-оним! – ҳириллади овози унинг. Овози ҳам бу тубанликларига қарши эди гўё.
Қулоқларим том битди. Ичимдаги шайтон илкис бош кўтарди. Қаттиқ шамол ҳаммаёқни вайрон қилганидек, у ҳам тўс-тўполон кўтар, уларни бир-биридан озор-безор қил, қўлингдаги телефонга жирканч қиёфаларини тушир, аввал қайноғангга, сўнг маҳалла оқсоқолига, сўнгра эса уларнинг фахш ботқоғига ботган башараларини кўрсат-да, шармандаларча фош қил, дер эди. Янаям даҳшатлиси, шайтон пичоқ, ё болта топ-да чавақлаб ташла, дўзахи, йў-ўқ, дўзах ҳам улардан покдир, покизадир, ҳа, дўзахи таналарини итларга емиш қил, дея ундар эди. Қасос ўти мени ҳар кўйга соларди шу пайтда. Ҳа, ўтдан олиб, чўққа отарди, тинмай миямни пармаларди. Шу топда ташқарида нимадир тарақлади, кучли тарақлади. Сесканиб кетдим. Ўзимга келиб, ҳолимга разм солдим. Улар эса ҳеч нарсани сезмас, бир-бирини қучганича фахшиёна роҳат оғушида эдилар. Эшикни оҳиста ёпдим. Шайтон яна қутқу солди кўнглимга: “Ҳеч йўғи башараларига тупур! Ҳақорат қил! Ҳа, куракда тургисиз гаплар билан ҳақорат қил!” Борлиғим жунбишга келди. Қўлларим муштга айланди… Аммо… Оилам шаъни-чи? Фарзандларим тақдири-чи? Қайноғамнинг ўғил-қизи-чи? Улар эл – олам олдида қандай қилиб бош кўтариб юришади? Тенгдошлари олдида диллари ўксик ҳолда бошлари эгилмайдими? Бу иснод, бу шармандалик етти ҳеш-хишти тақдирига тамға бўлиб босилмайдими? Ахир оила деб аталмиш қўрғон нима учун керак! У бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳис-туйғуларини англаш, дардига дармон бўлиш, бошга кулфат тушганда бир-бирига суянчиқ бўлиш учун эмасми? Ўша қўрғон ичида содир бўлган хатоларни ташқарига олиб чиқиш оила бўйнига умрбод тавқи-лаънат тошини илиш эмасми? Ўйлаб кўр! Ўзингга ҳам ўша лаънатнинг бир учи келиб тегмайдими? Бундай ҳолларда бахт юзини ўгиришини, абадий сендан воз кечишини ҳис қиляпсанми? Ўғил-қизларингга тагли-тугли оилалар оғиз очмаслигини англаяпсанми? Бу томошагоҳ дунёда яна битта томошагоҳ очмоқчимисан?..
Ҳа, устоз! Уларнинг энг оғир гуноҳи соясида титрар эдим, безгак тутган одамдай дағ-дағ қалтирар эдим. Изтироб оташида кулга айланиб бораётганимни сездим. Ичкари кириб, ичимдаги аламни уларнинг башарасига тупурмоқчи бўлдим, аммо уддалай олмадим. Негаки, онамнинг ҳар доим айтгувчи гапи қулоқларим остида жаранглади шу онда: “Кун келиб шоҳ ҳам, гадо ҳам ер билан биттадир. Биласанми, қизим? Ҳаёт бизга нималарни ўргатади? Ибрат олишга ва ибратли бўлишга даъват қилади. Шунинг учун бу талотўп замонда ибратли бўлиб яшашга ҳаракат қил. Ҳаргиз ўз думининг кетидан қувлайдиган кўппакнинг ишини қилма-ки, шунда сен чин инсон бўласан. Шунда ютасан!” Тақдир қандай воқеа-ҳодисаларга дучор қилмайдия бизларни. Аста-аста ўт кетган уй ёниб битгани каби, менинг ичимдаги олов шашти ҳам секинлик билан сўна бошлади: “Ғишт қолипдан кўчиб бўпти. Энди уринишларинг бефойда, Муборак! Яхшиси, уларни жазолашни Оллоҳнинг ўзига қўйиб бер-да, болаларинг келажаги учун ҳаракатлан! Ҳа, уларнинг тақдирини ўйла! Оллоҳдан уларга покиза тақдир ато этишини сўра!”
Оёқ учида юриб ортимга қайтдим. Дилимда умид яшарди. У ҳам ҳозирнинг ўзида сўнди. Биргина номус ва орни фахш ботқоғига ботирган эр ҳаётингдан чиқиб кетса нима бўпти? Осмон узилиб ерга тушармиди? Тоқайта ҳаётинг покланади. Оилангнинг ҳавоси тозаради. Иқболингни қара-ки, онанг сени бу ёруғ оламга покиза ҳадя этибди. Овсинингнинг онасидек фоҳишани эмас, оламни ҳиди билан булғайдиган жирканч фоҳишани эмас… Йўқса, эрининг укаси билан… Тилим бормайди номини айтишга. Бу воқеалар танамда йиринг пайдо қилмаслиги керак. Акс ҳолда у қонни заҳарлайди, охири эса ҳалокат. Мубор, сен ўзингни ҳалок қилма! Аксинча, уларнинг олдида соф севгинг ва пок ҳаётинг билан яшагинки, улар ўз қилмишлари туфайли барпо этган фахш балчиғида чириб битсинлар! Бўғилиб ўлсинлар! Шу ондан бошлаб дил жароҳатим, калб ярам устига умид малҳамини қўйишга интила бошладим…
Хиёнат остида эзилган вужудим аста-аста кўча томон қадам ташлади. Оҳ! Тун сирлари ажойиб-да! Унинг сокинлиги оғушида уйим томон борарканман, онда-сонда ғизиллаб ўтган “Дамас”, “Тико”ларга ҳам парво қилмас, фақат қалбим овозига қулоқ солиб борардим. Истар-истамас юлдузлари бодроқдай сочилган чароғон осмонга тикилдим. Шу онда баланд жойдан туриб, юлдузлар билан суҳбатлашгим келар, аммо бу истакни амалга ошмаслигини, бу фақат орзу эканини кўнглим сезиб турар эди. Бир вақт бир олапар ит олдимни кесиб ўтди. Ногаҳоний бу тўқнашувдан қалбим ларзага келди: “Ортига қайтиб, мени қувлаб қолса-чи? Эй Худо?! Ўзинг асра!” Товба! Ичим тўла алам, юрагимни қамраб олган ғам-ғусса қаерга кетди? Лаҳза ўтмай яна беш-олтита ит унинг ортидан акиллаганича чопиб ўтди: “Овсиним, ҳа, овсинимга ўхшаш олапарнинг ортидан қувлаяпти бу тўда итлар, – истеҳзоли қарадим кетидан, – уларнинг истаклари олапар билан…” Итдан фарқинг қолмабди-ку, овсинжон?!
Товба! Мана шу биргина кинояли фикр мени тошдай эзиб келаётган алам юкидан халос этди. Ҳар қандай вайрон бўлган қалб малҳамсиз бўлмайди, деганларидек, шу биргина киноя эзилиб оқаётган қалбимга малҳам бўлган эди.
– Сен ўзингдан қочолмаслигингни биласан, – дедим унинг хаёлга толганини кўриб, – билсанг-да билмаган ҳолда гуноҳ қилиб қўйма?! Агар бунга йўл берсанг, виждонга тинчлик бермай қўясан-да, хаёлларинг қатини титкилайверасан. Шундан қоч!
– Сабр ва бардош бир кун келиб ўз мевасини бераркан! Шунга ҳаракат қиляпман, устоз! Лекин шунча хўрликлар кўрсам-да, ҳаётимнинг ҳар бир онига, ҳар бир дақиқасига шукрлар айтаман. Чунки у менга бир-биридан ширин неъмат бўлмиш фарзандларни ато этди. Нега энди шукрлар айтишимга сабабчи бўлган отасини ёмонотлиққа чиқарай, дея ўзимни овутаман гоҳида…
Унинг бағри кенглиги лол қолдирди мени. Теран фикрлари лол қолдирди мени…
Суҳбатимиз шу ерга келганда ўғлим келди ва вақт хуфтонга яқинлашганини айтиб, ўрнимиздан қўзғатди.
– Устоз, бошимдан ўтганларни “Кундалик”ка ёзиб борганман. Сизга берсам, бирор ҳикоями, қиссами қоралайсизми? Мабодо, қўлингиз бўш бўлса!, – ортидан хижолатомуз таъкидлаб қўйди.
– Кўрамиз…
* * *
Шогирдим сўзлаб берган ўтмиш таассуротлари оғушида қачон уйқуга кетганимни билмайман. Туш кўрибман. Тонг саҳар бир қучоқ ҳар турли гуллар дастасини бағрига босиб кириб келди ва уни менга узатаркан:
– Албатта мен ҳақимда ёзинг-а, устоз?! – деди эркаланиб, сўнг чиқиб кетди…
Шу пайт телефон овози уйқумни бузди. Ундан:
– Алло! Устоз! Муборак опам бизни ташлаб кетибди! – деган овозга қўшилган аламли фарёд эшитилди.
– Нима-а? Қаерга кетибди? – уйқусирардим.
– Арши аълога!!
– Нима-а?!
– Ўтиб қопти, устоз!
– Ахир ҳозиргина менга гулдаста… – титрардим, тилим калимага келмас, туш билан ҳаёт ҳақиқати оралиғида қолгандим, – адашиб…
– Йў-ўқ устоз, ҳозир қизи телефон қилиб айтди.
Нохуш, карахт ҳолда қанча ўтирганимни билмайман: “Тушимми ё ўнгимми? Ахир қанақасига? Боғда суҳбатлашиб ўтирган эдик-ку?! Қачон? Ҳозирргина гулдаста… Унда гулдаста қани?..” Мен тушим билан борлиғим уйғунлигидан халос бўлмай туриб, телефон яна жиринглади:
– Устоз, ҳаммамиз Пойтуғ йўли бошидаги бекатда йиғиладиган бўлдик…
– Хўп!
“Ё автоҳалокатга учрадимикин? Ё бир тўда итмижоз дайди хулиганлар…” Тилимгача музлаб кетдим… Унинг ғамгин чеҳраси хаёлимни бир зум тарк этмас, кўз олдимдан кетмас эди…
Омина ТОЖИБОЕВА.
Тамом.

