Кўпроқ Туркияга борамиз, чунки…
Транспорт логистикаси тобора ривожланиб бораётган соҳа. Бу соҳанинг келажагини англаб етган ҳолда 2012 йилда “Қўнғирот халқаро транс” корхонасини ташкил қилдим. Ўзим шу йўналишда узоқ йиллар ҳайдовчилик билан шуғулланиб, тажриба орттиришга муваффақ бўлганман. 1998 йилдан олис масофаларга юк ташиб, топган даромадимдан машинамни иккита қилдим. 2012 йилгача кредит ёрдамида машиналар сонини еттитага етказдим. 2017 йилда корхонамиз номини “PROVED TRANS” дея ўзгартирдик.
Ҳозирда МЧЖмизга қарашли 30 та “фура” бор. Улар асосан Туркия, Латвия, Литва, Польша, Белоруссия мамлакатларига қатнайди. У ерларга кўпроқ трикотаж маҳсулотлари, хўл ва қуруқ мевалар олиб борамиз. Айниқса, Туркияда трикотаж гранулаларига талаб катта. Маҳсулотларни мижозларимизнинг ўзлари қабул қилиб олишади. Ишимизнинг ривожига жаннатмакон юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавотларга бошқа юртлардаги эҳтиёжнинг юқорилиги ҳам сабаб бўлмоқда.
Кейинги йилларда кўпчилик транспорт логистикасига қизиқиб, шу соҳага ихтисослашган марказлар очишни мақсад қилмоқда. Тўғри, дунё бўйлаб савдо-сотиқ муносабатлари ривожланаётган, алоқалар фаоллашаётган бир даврда яшаяпмиз. Лекин ҳеч бир бизнес муаммосиз кечмайди. Бизнинг ишимизда ҳам ўзимизга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар учраб туради. Масалан, йўлда машина бузилиб қолиши оқибатида маҳсулотнинг сифатига путур етиши ёки мижоз фириб йўлига ўтиб, пулни бермай қўйиши мумкин. Тадбиркор шу каби муаммоларга тайёр туриши, камомадни қоплаш чораларини кўриб қўйиши керак.
Ҳайдовчилик билан шуғулланган пайтларимда Европанинг деярли барча давлатларида бўлдим. Шукрки, бизда бошқаларда учрамайдиган меҳр-оқибат тушунчаси кучли. Оқибатли, меҳри дарё халқмиз.
Мен ҳам юртимизда яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда тадбиркорликка қўл уриб ёмон бўлмадим. Ишхонам бор, 1,5 гектар ерда транспорт паркини ташкил қилганман. 40 нафар юртдошимизнинг бандлигини таъминлаганмиз.
Дастлаб бизнесни бошлаганимда “Xalq banki”, сўнгра “Kapitalbank” билан ҳамкорликни йўлга қўйдим. 2018 йилда “Hamkorbank”даги имкониятлар манфаатларимга кўпроқ мос келишини билгач, мижоз бўлиб ўтдим. Сўнгги тўрт йил ичида бизнесимиз ривожи учун Бухоро минтақавий банк хизматлари офиси жами 1 миллион евродан ортиқ кредит ажратди. Мақсадларимиз муштараклиги ҳамиша сезилиб туради. Бирон ёрдам сўрасак, ҳеч қачон рад қилмайди. Биз ҳам бу муносабатга яраша бўлиш, ишончни оқлаш ниятида кредитларни ўз вақтида тўлаяпмиз.
Абдурашид УСМОНОВ,
Бухоро вилоятидаги “PROVED TRANS” МЧЖ раҳбари