КЎЧА ОВҚАТЛАРИ ХАВФЛИМИ?

Суҳбатдошимиз — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Илҳомиддин Сотволдиев.

— Юқоридаги савол кўпчиликни ўйлантирса керак. Кўчада овқатланиш оммавий тус олган бир пайтда чала пишган кабоб ёки гўштли таомлар инсон саломатлигига қандай зарар етказиши мумкин?

— Бундай ҳолатларда яхши пиширилмаган гўшт маҳсулотларидаги ҳар хил гижжа қуртлар, гельмент тухумлари инсон организмига ўтиб, юқумли ошқозон-ичак касаллик­ларини ривожлантиради. Ҳайвон гўштларидаги сальмонеллалар 80-90 даражадаги ҳароратда зарарсизланади. Шунда кабобларни 10 дақиқадан ортиқ пишириш талаб этилади. Овқат тайёрлаш технологиясига риоя қилинмадими, сифат  бузилаверади. Айниқса, жигар кабобидан эҳтиёт бўлиш лозим. Жигар гўштидаги эхинококк тухумлари  инсон организмига тушса, ногиронлик  даражасигача олиб боради. Бу турдаги қурт организмга бир марта ўрнашиб олса, қайта пайдо бўлаверади. Бошқа аъзоларга ҳам тарқалиш эҳтимоли бор. Шунинг учун ҳайвон жигарни истеъмол қилиш тавсия қилинмайди.

— Демак, ҳамма  турдаги гўшт маҳсулотларини ҳам  истеъмол қилиб бўлмас эканда.

— Қоидаги кўра, ҳайвонларнинг иккиламчи маҳсулотларини  истеъмол қилиш, бозор ҳудудида сотиш, тарқатиш ман этилган. Иккиламчи маҳсулотларга жигар, ўпка, қорин, ичак, буйрак, ошқозон, талоқ, калла-почалар каби аъзолар киради. Булар гўшт эмас, улар организмдаги маълум вазифаларни бажарадиган, зарарли моддаларни ўзида тўплайдиган аъзолар ҳисобланади.

— Умумий овқатланиш муассасаларининг барчасида ҳам идиш-товоқ, чойнак-пиёлалар санитария талабларига жавоб берадиган даражада тоза сақланмаса керак…

— Бу тўғри. Одатда умумий овқатланиш муассасаларидаги идишлар белгиланган санитария-гигиена талаблари асосида зарарсизлантириб турилиши керак. Чала ювилиш оқибатида қолиб кетган касаллик келтириб чиқарувчи микроорганизмлар бошқаларга  юқиши мумкин. Ёки оддийгина идиш ювадиган ишчи дизентерия касаллиги билан оғриган бўлса ҳам шунинг ўзи етарли бўлади.

Яна бир ҳолат, гўштга ҳам бошқа маҳсулотларга ҳам битта пичоқ ёки битта тахтачанинг ишлатилиши. Бунда сўзсиз бактериал инфекция­лар пичоқ орқали бир егуликдан иккинчисига ўтади. 

— Кузатсак, озиқ-овқат маҳсулот­ларининг аксарияти очиқ ҳудудларда усти очиқ ҳолда сотилади. Бу ҳолатдаги маҳсулотлар истеъмол учун яроқли бўладими?

— Йўқ, албатта. Усти очиқ маҳсулотларга ҳаводаги чанглар тушади.  Чанг  таркибида эса спора ҳолатидаги бактериялар бўлади. Улар озиқ-овқат орқали инсон организмига тушади. Қулай муҳитда спора яшовчанлик ҳолатига ўтади.   

— Қайси таомлар ёки озиқ-овқат маҳсулотлари  энг катта хавф гуруҳига киради?

— Қайта-қайта қовурил­ган ёғда пишган таомлар. Яъни пирожка, гуммалар. Ёғга тушган ун бўлаклари куйиб, токсинга айланади ва истеъмол натижасида жигарни зарарлайди. Бундан ташқари, қизилўнгач саратонига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Фаст-фудларда ишлатиладиган соус, майонезлар ҳам энг хавфли егуликлар сирасига киради. Ушбу маҳсулотларни ишлатиш ва сақлаш қоида­ларига амал қилинмаган ҳолларда бактериал инфекция­ларнинг ривожланиши учун жуда қулай муҳит мавжуд юзага келади.

Музқаймоқ, торт каби ширин­лик­лар  ҳам тез бузилувчи маҳсулот ҳисобланади. Кремли егулик­ларда сальмонеллалар тез ривожланади. Шу боис музқаймоқни — 24 даражада музлаткичларда сақлаш, турғун савдо дўконларида сотиш талаб  этилади. Очиқликда сотилаётган қуйма ҳамда пўкак қутилардаги музқаймоқлар санитария талабларига мутлақо зид. 

— Айтиб ўтилган ҳолатлардан шундай хулоса чиқяптики, бу муаммоларнинг ортида санитария-гигиена қоидаларининг назорат қилинмаслиги ётибди.

— Ҳа, шундай. Амалдаги қонунчиликка асосан, хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан олиб бориладиган муқобил текширувлар ва режадан ташқари текширувларнинг барча турлари бекор қилинди. Буни айримлар тўғри қабул қилмаётгани бор гап. 

“Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинмаган ҳар қандай текширув ноқонуний ҳисоб­ланади. Жараённинг бу тарзда мураккаблашганлиги санитария-эпидемиология ходимларининг назоратчилик функциясини пасайтириб юборди. Натижасини мана кўриб турибмиз: тадбиркорлар томонидан санитария қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари кўпайиб кетмоқда. Аксарияти фақат даромадни кўзлаб, давлат томонидан берилган ишонч ва имкониятларни суиистеъмол қил­моқда.

Бу муаммоларни бартараф қилиш учун эса аввало, тадбиркорнинг ўзида виждон уйғоқлиги, масъулият бўлиши керак. Кейин эса ишни тўғри ва тоза ташкил қилинишини назорат қилувчи ташкилотларнинг ваколатини кучайтириш зарур. Ана шунда  тадбиркорнинг луқмаси ҳалол, хўранданинг эса ҳалқуми тоза бўлади.

Н. ТЎХТАМАТОВА суҳбатлашди.