МАЗАЛИ АНОР ШАРБАТЛАРИ
“Hamkorbank” АТБ Термиз минтақавий банк хизматлари офиси мижозлари орасида истиқболли лойиҳалари билан ривожланиб бораётган тадбиркорлик субъектлари талайгина. Албатта, уларнинг фаолиятида банкнинг молиявий кўмаги катта роль ўйнайди. Айни вақтда 5 турдаги табиий шарбатлари, газли ва газсиз сувлари билан ички бозорда ўз ўрнини эгаллаган “Brightly mega water” масъулияти чекланган жамияти ана шундай корхоналардан бири.

Тадбиркор Алимардон Каримов раҳбарлигидаги мазкур завод 2017 йилда ташкил этилган. Дастлаб 10 нафар ишчи билан ўз фаолиятини бошлаган корхонада сифат ва бозор талабига алоҳида эътибор қаратилди.Асосан табиий маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятининг асосини ташкил этди. Ўз ўрнида хориж тажрибасини ўрганиш, юқори сифат ва ортиқча харажатни олдини олиш билан маҳсулот таннархини арзонлаштириш учун замонавий технологиялар билан ишлаш бош мақсадга айланди.

Ҳозирда 32 нафар тажрибали мутахассислардан иборат жамоа ҳар ойда 12 минг дона шарбат ва 11 минг дона газли ва газсиз сув ишлаб чиқармоқда. Республикамизнинг барча вилоятларида маҳсулотлари харидоргир. Айниқса, анор шарбатларига кун сайин талаб ортиб бормоқда. Қадоқлашда катта ёшлилар билан бирга болалар учун кичик ҳажмдаги идишлардан ҳам фойдаланилаётгани эътиборли.
Ишлаб чиқариш ўсиш баробарида даромад ҳам ортиб бормоқда. Бунда иш юритувчи Исроилжон Каримов, операторлар Шаҳноза Бекмуродова ва Ғайрат Холбоев каби ишчиларнинг катта ҳиссаси бор. Ҳар чоракда ишловчиларнинг касбий маҳорати синовдан ўтказилади, янги иш бошлаганларга маҳорат дарслари ўтилади.
— Биз доим изланишдамиз, — дейди Алимардон Каримов. — Тадбиркорлик аслида ҳаракат ва янги лойиҳа дегани. Ҳозирда сут маҳсулотларини қайта ишлашга қаратилган янги лойиҳа устида ишлаяпмиз. Келгуси йилда лойиҳани амалга ошириш ҳисобига яна 20 та иш ўрни яратилади. Молиявий кўмакчимиз — Термиз минтақавий банк хизматлари бизни қўллаб-қувватламоқда. Амалдаги йилнинг ўзида берилган 100 минг АҚШ доллари ва 1 млрд. сўм кредит янги технологиялар сотиб олишга сарфланди.
Тадбиркор таъкидлаганидек, замонавий технологияларни амалиётга татбиқ этилиши малакали кадрларни талаб этади. Шу мақсадда ўз йўналишидан келиб чиқиб, ҳозирда хорижий давлатларда 5 нафар ёшлар корхона ҳисобидан ўқитилмоқда. Улар “Brightly mega water” МЧЖнинг келгусида янада ривожланишига замин демакдир.
А. Насирдинов.
Б. Баҳромов олган суратлар.