МАЪНАВИЙ КАМОЛОТГА ЕТГАН ТАДБИРКОР
Ўн саккиз йилдан буён “Akfa” компаниясининг Андижон вилоятидаги расмий дилери сифатида фаолият юритиб келаётган Бобурбек Содиқов профил савдо йўналишида 5 та филиал хизматини йўлга қўйди. Шунингдек, “Artel”, “Royal”, “Crafers” каби 10 дан ортиқ бренд маҳсулотларини етказиб беришда ўз мавқеига эга бўлди. 2016 йилда “Ўзим мустақил равишда фабрика очсам, халқимга янада кўпроқ нафим тегарди”, деб ўйлаб юрган кезларда Андижон шаҳридаги собиқ “Машзавод” биносининг бир қисми сотилади», деган хабарни эшитиб қолди. Иқтисодчи эмасми, режани пишиқ-пухта қилиб, билимларига таяниб, ташландиқ жойнинг 2,35 гектар жойини сотиб олди. 6 минг квадрат метрли эски бинони замон талабларига мослаб таъмирлади.
Пандемия бошланган кезлар эди. Эндигина тетапоя бўлаётган корхона бирдан тўхтаб қоладигандек. Бироқ, шунга қарамай, изланишда давом этди. Унга отаси Авазбек ака ёрдам берди. Чунки у иқтисодчи тадбиркор сифатида катта тажрибага эга. Вилоятда илк қурувчилик ташкилотини очиб, бизнесга қўл урган.
Ёш тадбиркор Бобурбек Содиқов тиниб-тинчимас йигит. Бўш майдонга яна 7 минг кв. метрли қўшимча бино қуришни режалаштириб юрган кезлар маблағ масаласи бироз муаммо бўлиб қолди. Ечимини эса “Hamkorbank”дан топди. 2022 йилда банкнинг Нодирабегим универсал банк хизматлари офисидан 1 миллион 700 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиб, қурилишни бошлади. Бинонинг 1-қаватини ишлаб чиқариш фабрикаси ва базага, 2-қаватини офислар учун мўлжаллади. Ҳудуди кенгайгани яхши, албатта. Техник жиҳозлар, хомашёлар сиғими ортди. Тадбиркор айни пайтда учта йўналишда: савдо, ишлаб чиқариш ҳамда қурилиш йўналишида фаолият олиб бормоқда. Ўз мавқеига эга бўлган “Imzo” эшик-ром фабрикасининг республикада биринчи бўлиб Андижон вилоятида “франшиза” йўналишида фаолиятини йўлга қўйди, янги иш ўринлари яратди ва ички бозорни эгаллади.
Бобурбек Содиқов таъсисчилигида ҳозирда 11 та масъулияти чекланган жамияти бўлиб, ҳар бирининг ўз йўналиши бор. Масалан, қурилиш йўналишида Шаҳрихон туманида 25 та кўп қаватли турар-жой биноси қуриб фойдаланишга топшириш режаси тузилган. Иқтисодий кўмакчи сифатида яна “Hamkorbank”. Бу молия ташкилотини танлаб адашмаган экан. Унинг қўллаб-қувватлаши туфайли ҳозирда туман марказида бу жараён жадаллик билан амалга оширилмоқда.
Тадбиркор бугунги кун талабларидан келиб чиқиб тезкорглаз ойналарининг 20дан ортиқ турини, ром ва эшик конструкцияларининг машҳур моделларини ишлаб чиқаришга киришди. Техник жиҳозларнинг янги, замонавийлари Хитой, Туркия ва Италия давлатларидан келтирилди. Сифатли маҳсулотларга ортиб бораётган талабни тўлиқ қоплайдиган фабриканинг ишга туширилиши 300дан ортиқ йигит-қизни иш билан таъминлади.
— Халқимиз илгари фақат ёғоч эшик-ромлардан фойдаланиб келган. Ҳозирда янада қулай ва фойдали томонларини ўйлаб замонавий эшик-ромларга алмаштиришяпти. Шовқиндан асраш, иссиқ-совуқни ўтказмаслик, анъанавий ва замонавий, ҳамёнбоп, истагидек ранг, сифат ва стандарт ўлчамли, қўйингки, ҳар томонларини ҳисобга олиб «Imzo» компанияси маҳсулотларидан фойдаланишни афзал билаётган юртдошларимиз кун сайин кўпаймоқда, — дейди корхона таъсисчиси Бобурбек Содиқов.
Дурбек Содиқов ишлаб чиқариш фабрикасини юритса, Сардорбек Мадаминов “Artel” савдо йўналишини, Исломжон Юсуфжонов эса бозор маҳсулотларини назорат қилади. Қатъий ўрнатилган тартиб-интизом ҳар бир ишчи-хизматчи учун муҳим. Интизом бўлмаган жойда иш унумдорлиги бўлмайди. Бошқарув салоҳиятига эга ишчи-хизматчилар тажрибаси, билим ва технологиялари ёшларга ўргатиляпти. Заводда тайёрланаётган эшиклар, энг сўнгги намунадаги энергия тежовчи ромлар, ойна саноатининг сўнгги ишланмалари каби кўп турдаги маҳсулотлар тақдим этилмоқда. Буюртмачилар ранги ва дизайнини танласа бас, қолгани усталар маҳоратига боғлиқ. Кафолатга эга маҳсулотлар айтилган манзилга тез фурсатларда бепул етказиб берилади.
Одамлар ишончини оқлаш, унга муносиб бўлиш – энг улуғ бахт. Бобурбек бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Андижон вилояти ҳамда Шаҳрихон тумани Кенгаши депутати сифатида халқ хизматига камарбаста. Ўзига талабчан, масъулиятли. Ҳар бир ишни сидқидилдан бажаради. «Ҳаракатдаги киши бой бўлади», дея бежизга айтишмас экан. Бобурбек Содиқов иқтисодий бақувватликни меҳнатдан топди, шак-шубҳасиз маънавий камолотга етди. Инсонийлик ва одамийлик каби фазилатлар қонига сингди, мурувватли инсон сифатида шаклланди. Эшитганим бор — у кам таъминланган, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган оилалар учун уй-жойлар ажратиш, қийналганларга кўмак бериш каби хизматларни беминнат амалга оширар экан. Халқимизнинг “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин” деган иборасига амал қилишини бу борада сўзламаганидан англаш қийин эмас. У 2023 йилда Юртбошимиз томонидан таъсис этилган “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган. Бу каби муваффақиятлари кўп, лекин алоҳида таъкидлашни хоҳламади.
Н. Иброҳимова