МАҚСАД ЙЎЛИДА ҲАРАКАТ ВА НАТИЖА

2024 йил омадли келиб, “Йилнинг энг яхши информацион технологиялар мутахассиси” номинацияси ғолиби бўлдим. Ҳали ёш бўлсам-да, ишончнинг асосий бўғини мақсад эканлигини тушуниб етдим. Чунки ҳеч бир инсон мақсадсиз яшай олмайди. Мақсади аниқ бўлмаган одам онг остининг англанмаган ҳақиқатлари билан банд бўлиб қолади.

Болаликдан техника оламига қизиқишим келажакдаги мақсадларимни белгилаб берди. Орзуларим шунга ҳамоҳанг яралди ва Тошкент ахборот технологиялари университети сари етаклади. Талаба бўлдим, яна янги мақсадлар пайдо бўлди. Ўқиб-ўрганиш, изланиш имконини қўлга киритдим.
2018 йилда университетни тамомлаб, “Hamkorbank” сайти орқали резюме топширдим. Банк маъмурияти суҳбатга чақирди. Босқичма — босқич жараёнлардан ўтдим ва банкнинг Юнусобод универсал банк хизматлари офиси жамоасига қўшилдим. Алоҳида таъкидлашни истардимки, биринчи хулосамдаёқ адашмадим — қулай шароит, ёқимли муҳит. Жамоа аҳил, ёш, навқирон ходимлардан ташкил топган. Бир оила сифатида келишиб фаолият юритамиз. Бир-биримизни яхши тушунамиз. Замон технология­ларни пухта билишни талаб этаётган экан, биз доим изланишдамиз.
Фаолиятим давомида, бу жойда ягона мутахассис бўлганлигим сабабли, Бош банк ходимларидан иш ўргандим ва тажриба орттирдим. Уларнинг барчаси саволларимга тўлиқ жавоб бериб, соҳанинг етук мутахассиси бўлишимга кўмаклашдилар. Юнусобод УБХОнинг биринчи технолог мутахассиси сифатида ўзимни омадли деб биламан. Айни пайтда ушбу йўналишда бир неча ёшларга иш ўргатяпман.
Номинация ғолиби бўлишимда ҳам жамоанинг катта ҳиссаси бор. Доимо банк томонидан яратилган янгиликларни, янги чиққан дастурларни биринчилардан бўлиб ўзимизда ўрнатиш ва синаб кўриш жуда ҳам мароқли. Мен ва барча ҳамкасбларим ҳар қандай янгиликларга очиқ ҳаракатларимиз натижасида мижозларга ҳам бир қатор қулайликлар яратдик.
Охирги уч йил банкнинг энг яхши мутахассиси бўлиш йўлида ҳаракат қилган эдим — эришдим.

Ж. ОЛИМОВ,
Юнусобод УБХО маъмурият бўлими етакчи мутахассиси