МАҲАЛЛА БИЛАН ҲАМКОРЛИК
жамоатчиликнинг ишончини оширмоқда
“Hamkorbank” АТБнинг Тошкент филиали тўнғич банк муассасаларидан. Пойтахтда банклар орасида ўз ўрнини топиш, мижозлар ишончини қозонишнинг ўзи бўлмайди. Мазкур филиал жамоаси бу борада доим изланишда. Тизимдаги янгиликларни амалиётга татбиқ этиш, хизмат сифатини ошириш ва мижозларга қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу сабаб ҳамкорлар сафи ортиб бормоқда.
Айни вақтда Элдорбек Ҳамроқулов раҳбарлигидаги жамоа йирик мижозлар билан ишлаш баробарида якка тартибдаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, аҳолига молиявий кўмак кўрсатиш борасида ўзига хос тажриба мактабини яратган. Маҳаллалар билан ҳамкорлик биргина молиявий ёрдам бериш билан чекланмай, фуқароларнинг 8 та муаммосига ечим топишда кўмакчи бўлди, яна бир бор ишонч ошди.

— Чилонзор туманидаги 5 та МФЙ бизга бириктирилган. Ҳар бир тадбиркорлик субъекти, ҳар бир хонадон биз учун таниш, — дейди Бек офис мутахассиси Давронбек Юсупов. — Тадбиркорликни ривожлантириш, фуқаролар бандлигини таъминлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, коммунал хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, қўйингки, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлидаги ҳаракатларни биргаликда амалга оширамиз. Одамлар бунга ўрганган. Агар бирон муаммо юзага келса, энг аввал бизга мурожаат қиладилар.
Ёшлар масаласи алоҳида эътиборда. Жиноятчилик ва қонунбузилишлар асосан бекорчиликдан келиб чиқади. Шу сабаб уларнинг бандлигини таъминлаш, касбга йўналтириш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб бориляпти.
Биргина Катта Олмазор МФЙда йилнинг ўтган даврида ёшларни қийнаётган 92 та муаммо ечимини топди, 24 нафарининг олий таълим муассасаларида ўқишлари учун контракт тўловлари ҳал этилди. Вақтинча ишсиз бўлган 13 нафар йигит-қиз касбга йўналтирилди, 26 нафари ишга жойлаштирилди.
Ҳумоюн Тиллабоев ёш тадбиркор, билимли, изланувчи йигит. Тенгдошларига ҳунар ўргатиш истагида эди-ю, маблағдан қийналаётганди. Берилган 50 миллион сўм кредит эвазига фойдаланилмаётган жойда ўқув курси очди. Яна бир изланувчан Шаҳбоз Адҳамжонов эса спорт клуби ташкил этди. Ҳар икки лойиҳа банк ходимларининг назоратида.

— “Маҳаллабай” тизимида талай ишлар амалга ошириляпти. 1197 та оилани банк ходимлари ўз жамоаси деб қабул қилган. Ободонлаштиришдан тортиб барча масалалар биргаликда ҳал этилади, — дейди МФЙ раиси Алишер Умаров. — Йил бошида “Темир дафтар”га киритилган 16 та оилага алоҳида эътибор қаратилгани боис уларнинг турмуш даражаси яхшиланди.
Кунора маҳалла кезаётган ”ҳамкорбанкчилар” Чилонзор туманида янги ҳамкорларини топмоқда. Зеро астойдил қилинган ҳар бир ҳаракатнинг истиқболи бор.
Акбаржон НАЗАРОВ.
Бекзод МУТАЛЛИБОВ (фото).
Андижон-Тошкент-Андижон.