МЕНИ ЖОЙИМ — “HAMKORBANK”ДА

“Ўз ишининг устаси, фидойи ходим”. Бу таърифлар Қўрғонтепа универсал банк хизматлари офиси чакана бизнес бўлими етакчи менежери Муаттархон Латиповага нисбатан ҳамкасблари томонидан берилган таъриф. Албатта, бундай мақтовга ҳамма ҳам эришавермайди.
У Наманганнинг Чуст шаҳрида туғилган. Чустлик қизлар ўз гўзалликлари, лутфининг ширинлиги, латофату қатъиятлиликлари билан таърифланишади. Қўрғонтепага келин бўлиб тушгач Муаттар, энг аввал, оиласида юқоридаги ҳурматни топди. Кейин қишлоғи, ишлаган жойларида шундай эътирофга сазовор бўлди.
М.Латипова 2017 йилда “Hamkorbank”нинг Қўғонтепа универсал банк хизматлари офисига ишга қабул қилингунга қадар бу соҳани обдон ўрганган. Самарали меҳнатлари туфайли қадр топган қаҳрамонимизнинг 2022 йилги муваффақиятлари “кумуш танга” олиб келган бўлса, 2023 йилда “Энг яхши ЧББ менежери” номинация ғолиби сифатида баҳоланди.
— Дастлаб ассистент-менежер лавозимига қабул қилинганман. Олти йил давомида банкнинг турли бўлимларида фаолият юритдим. Ҳозирда чакана бизнес бўлими етакчи менежериман. Асосан жисмоний шахсларга хизмат кўрсатаман. Бизга келган ҳар бир мижознинг хизматимиздан мамнун бўлишини истайман, -дейди Муаттархон.
Жамоа катта, аҳил-иноқ. Билмаганни ўргатиш, иқтидорлиларни рағбатлантириш “Hamkorbank”га хос анъана. Қаҳрамонимиз касбини севади, ҳар бир вазифани сидқидилдан бажаради. Муваффақиятларини севимли жамоасининг аҳиллиги ва оиласининг тинчлиги билан баҳолайди.
— Мени қўллаб-қувватлаётган жамоам, ўрганишим мумкин бўлган тажрибали устозлар ва албатта, ишлашимга шароит яратиб берган, маслаҳатлашадиган, фикр алмашадиган оилам бор. Турмуш ўртоғимнинг ҳам шу тизимда фаолият юритиши бир-биримизни маънавий жиҳатдан тўлдиради.
Бахт насимлари эсаётган хонадонда улғайган фарзандлар оиласига, жамиятга нафи тегадиган инсон бўлиб шаклланади. Муаттархоннинг уч ўғли бор. Уларни ана шундай руҳда тарбиялашмоқда. У умрини ҳамиша ҳаёт қайнаб турадиган ташкилот — “Hamkorbank”да деб билади ва бундан фахрланишини айтди.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА