“МЕН “HAMKOR PRESS”НИ ЎҚИЙМАН”

Обуна-2026

Бугун юртдошларимиз кўпроқ интернет тармоқлари билан “дўст” тутинишаётгани сир эмас. Шунга қарамай республикамизда мунтазам чоп этилаётган газеталар талайгина. Улар орасида “Hamkorbank” АТБ нашри бўлган “Hamkor press”нинг борлиги қувонарли, албатта.   

Ҳар йилдаги каби бу йил ҳам “Hamkor press” газетасига обуна мавсуми уюшқоқлик билан давом этмоқда. Ушбу паллада таҳририят ходимлари томониддан банк хизматлари офисларида ходимлар ва мижозлар билан учрашувлар ташкил қиляпти. Учрашувлардан нашримизни мунтазам кузатиб борадиган мухлисларнинг илиқ фикрлари бизни руҳлантиради, янада ижод қилишга ундайди.

Хусусан, Марғилон банк хизматлари офисининг доимий мижозлари орасида чинакам мухлисларимиз борлигига гувоҳ бўлдик. Мансурхон Эргашев ана шулардан бири. Уни УБХО фаолияти билан танишиб қайтаётганимизда учратдик. Аниқроғи, банк эшиги олдида унинг ўзи бизни тўхтатди. “Сизларми, газетадан келган мухбирлар? Мен “Hamkor press”нинг  ҳар бир сонини қолдирмай ўқийман. Нега бизни ходимлар ҳақида кам ёзасизлар?  Улар “зўр” ишлашади-ку, — деди бироз хафа бўлгандай”.

Бу инсон УБХОнинг 15 йиллик содиқ мижози бўлиб, ҳар йили обуна бўлишни канда қилмас экан.

— Адашмасам ўтган йили октябрь ёки ноябрда ушбу банк фаолияти ҳақида ёзгандиларинг, роса хурсанд бўлгандим, -дея суҳбатини давом эттирди Мансурхон ака. — Банк ҳам бор бўлсин, 4 та фирмамнинг ҳисоб-китобини юритади. Халқаро йўналишда транспорт хизматини кўрсатаман. 10 мартадан ортиқ кредит олганман. Уларнинг молиявий кўмаги билан 200 дан ортиқ иш ўрни яратдим. Агар янги сонида филиал фаолияти ҳақида мақола чиқмас экан газетангизга обуна бўлмайман.

Мансурхон аканинг бу гаплари бироз эриш туюлса-да, бизга ёқди. Чиндан ҳам газетамизни қолдирмай ўқир экан. Мавзулар борасида фикрларини билдирди, таклифларини берди, бундан хурсанд бўлдик.

Н. ЙЎЛДОШЕВА.