МЕҲНАТЛАР САМАРАСИ МУВАФФАҚИЯТЛАРДА АКСИНИ ТОПДИ
“Hamkorbank” АТБда ўзига хос анъана бор. Йил сарҳисоби, меҳнатлар самараси ютуқлар салмоғи, ғолиблар, тақдирловлар…
2024 йил якунлари ва 2025 йилга белгиланган устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Барча ходимлар йиғилишни онлайн тарзда кузатиб борди. Орзиқиб кутилган ва йилнинг сарҳисобини аниқ рақамлар асосида кўрсатиб берадиган йиғилиш аввалида банкнинг йил давомида эришган ютуқлари, камчилик ва улгурилмаган ишлар ҳақида маърузалар тингланди, умумий кўрсаткичлар таҳлил қилинди. Келгуси режалар белгилаб олинди.
Газетамиз мухбирлари йиғилиш давомида иштирокчилар билан мулоқотни йўлга қўйиб турди.
— Бугун бу йиғилишга кўтаринки руҳ билан келдим, ўз гуруҳимизда биринчи ўринни оламиз, — деди ишонч билан Шаҳрихон УБХО бошқарувчиси Зиёдулло Усмонов.
— Чаканада 12 та кўрсаткичнинг 8 тасини бажардик. Демак, самарали хизмат қилдик. Менимча, албатта, рағбатлантириламиз, — деди Пойтахт УБХО ЧББ бошлиғи Аброрбек Абдукаримов.
Самарқанд МБХО чакана хизматлар бўлими бошлиғи Асрор Эгамов ҳам ўтган йилдаги хизматлари учун мукофот, янги йил учун янги топшириқлар кутаётганини айтди.
— Муваффақиятли ўринни кутяпман. “Бирлик” БХО раҳбари сифатида фахрий ёрлиғни қўлга киритдим, яқинда чакана бўлимга ўтдим. Ўтган йил яхши натижаларга эришдим, — деди Яккасарой УБХО чакана бизнес бўлими бошлиғи Ҳусанбой Файзуллаев.
Бу банк ходимларининг йиғилиш аввалида қилаётган меҳнатлари учун билдирган яхши ниятлари.
“Кофе брейк” пайтида
Корпоратив, чакана ва маркетинг департаментларининг ҳисоботлари билан ўтган йиғилишнинг биринчи қисмидан сўнг қатнашчилар “Кофе брейк”ка таклиф этилди. Енгил тамадди баҳона фикр алмашиш ва ўзаро қизғин суҳбат кетаётган бир пайтда бошқарувчиларнинг айримларини суҳбатга тортдик.
— Йиғилишда айтилган гаплардан янги йилда банкимизда шиддатли ўзгаришлар бўлишини ва бунга тайёр ҳолда қаттиқ ишлашимиз зарурлигини англадим, — деди Қўрғонтепа УБХО бошқарувчиси Ўткирбек Тожибоев.
— Бутун дунёда иқтисодиётнинг шакл-шамойили ўзгармоқда, рақамли иқтисодиёт айни кун талаби. Бугунги кўтарилган масалалардан хулоса шуки, 2025 йилда даромадимиз ўтган йилга нисбатан икки баробар ошади. Кейинги 5 йил ичида банкимиз дунёга чиқишни режалаштирмоқда. Бунинг учун рақамлаштиришни такомиллаштиришимиз ва рақобатбардош бўлишимиз керак. Чет элларда тармоқ очсак, кадрларнинг ҳам малакаси ошади, иқтисодиётимиз ҳам ривожланади, — дея ўз фикрларини баён қилди «Пойтахт» УБХО бошқарувчиси
Шароф Азимов.
— Кайфиятимиз аъло. Чунки кўрсаткичларимиз юқори. Чакана бизнес йўналиши бўйича илғорликни бизнинг жамоамиз — Андижон МБХО қўлга киритишини истардим, — дея яхши ният қилди Қудратжон Исраилов.
— Ўтган 2024 йилдан Трансформация лойиҳаси бўйича янги маҳсулотлар, жумладан, онлайн маҳсулотларни жорий қилиш ва ривожлантиришга киришилди. Бу йил уни ривожлантириш, келгуси йилда эса натижалар бўлишига ишонаман, — деди яна бир иштирокчи Илёсбек Туратов.
Галдаги суҳбатдошим Ҳамидулло Норматов: “Тест, пилот маҳсулотлари дастлаб “Нодирабегим” универсал банк хизматлари офиси ходимлари томонидан қўлланилди ва қўлланилиб келинмоқда. Янгиликлар яратишга иштиёқи баланд ҳамкасбларим борки, улар йил сайин тажрибасини ошириб, замон билан ҳамнафас ҳаракатда. Бу йилги кўзланган катта ўзгаришларга жамоамиз билан хайрихоҳмиз.

Қаршидан салом!
Тадбирда онлайн иштирок этаётган Қарши УБХО ходимлари ҳамкасблари — Жаҳонгир Очилов, Дилшод Кенжаев, Жаҳонгир Рўзиқуловларга омадлар тилашди.
Тошкент МБХО ўз вакилларини қўллаб-қувватлади
“Ассалому алайкум. Биз раҳбарият томонидан қўйилаётган вазифаларни қўллаб-қувватлаймиз ва уларни бажаришга шаймиз. Тан олиш керак, “Hamkorbank”да ходимларга берилаётган эътибор ва имкониятлар бошқа молиявий ташкилотларда мавжуд эмас. Биз ёшлар яратилган имкониятлардан руҳланган ҳолда фақат олға қадам ташлаймиз. 2025 йил учун қўйилган янги вазифаларни бажаришга ҳар томонлама салоҳиятимиз етади. Бошқарувчимиз Элдор Ҳамракулов, КХБ бошлиғи Шарофиддин Ражабов, ЧББ бошлиғи Фирузшо Борунов йиғилишда иштирок этмоқда. Биз уларга ишонамиз. Ютуқлар билан қайтишсин”.

Йиғилиш сўнггида…
Ўтган 2024 йил якунлари ва 2025 йилга белгиланган устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ниҳоясига етди. Унда айтиб ўтилган ҳисоботлар ва янги устувор вазифалардан барча ўзига керакли хулоса чиқарди. Асосийси, “Hamkorbank” ривожланишда давом этиши ва барча бир мақсад йўлида бирлашиши керак.
Энг ҳаяжонли кечган якуний қисмда 2024 йилдаги кўрсаткичлари учун ғолиб деб эълон қилинган жамоалар ва ходимлар ҳамда фидокорона меҳнатларининг рағбати сифатида бериладиган пул мукофотлари иштирокчиларда кўтаринки кайфият уйғотди.