МЕҲНАТ КОДЕКСИ: ЯТТЛАР ҲАМ УНГА АМАЛ ҚИЛАДИМИ?
Бу бугунги кунда хусусий секторда ишловчиларни қийнайдиган савол. Чиндан ҳам Меҳнат кодексида белгиланган тартибга ЯТТларда ҳам амал қилинадими?
Агар Якка тартибдаги тадбиркорлар ўз ходимлари билан меҳнат муносабатларини расман расмийлаштирган бўлса, уларга нисбатан қонун нормалари тўлиқ татбиқ этилади.
Меҳнат кодексининг 509-моддасида Якка тартибдаги тадбиркор ва ходим ўртасида меҳнат таътили, дам олиш кунлари ва иш режимини белгилаш келишув асосида амалга оширилади. Бироқ, бу келишувда қонун билан белгиланган энг кам меҳнат таътили муддатига риоя қилиниши шарт экани кўрсатилган.
Шунингдек, кодекснинг 217-моддасида эса ҳар бир ходимга йилига камида 21 календарь кун меҳнат таътили берилиши кераклиги белгиланган. Яъни, ЯТТ ва ходим ўртасида шартнома бўлса, таътил бериш мажбурийдир.
Якка тартибдаги тадбиркорларнинг “ходимга таътил шарт эмас” деган қараши қонун талабларига зид. Агар ходим расмий ишга олинган бўлса, у ҳам бошқа корхонадаги ишчи каби барча меҳнат ҳуқуқларига эга, шу жумладан ҳар йиллик меҳнат таътилига ҳам.
Ушбу материаллар Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг грант лойиҳаси асосида тайёрланди.

