МЕҲНАТ — ЭНГ ТЎFРИ ЙЎЛ
Маҳмуджон Нурматовнинг ота-онаси бозорда электротехника маҳсулотларини сотишарди. Болалик хотирасида бозорнинг қоидаси ҳалол меҳнат билан бойиш экани улар тимсолида онгу-шуурига синганини кўп эслайди. Отаси “Фозилжон Муҳаммадюсуф ривожи” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, ўша ҳудудда илк якка тартибдаги тадбиркор сифатида танилган. Уяли алоқа воситалари, турли аксессуарлар сотиш, пайнет хизматлари кўрсатиш каби бир нечта йўналишдаги фаолиятини йўлга қўйиб, фарзандларини вақтини бекор кетишини истамади, бандлигини таъминлади, Шу билан бирга дилбандларини суягини меҳнатда қотирди. Икки ўғил — Фарҳоджон ва Маҳмуджон тадбиркорлик соҳасини танлашди. Ишбилармон ака-укаси қаторига Гулнозахон ҳам қўшилади. У бугунги кунда “Гулноза ширинликлари” оилавий корхонасини юритиб келмоқда.
— Дастлаб отам билан бирга электротехника маҳсулотлари савдоси билан шуғулландим. Ўша кезларда ўзимнинг савдо дўконларим бўлишини истаганман. Мактабни тамомлагач, иқтисодий билимларимни оширдим. Бошланишида яқинларим, айниқса, акам қўллаб-қувватлаб турди, — дейди ёш тадбиркор Маҳмуджон Нурматов.
2020 йилда фаолиятини кенгайтириб, акаси берган ғоялар асосида тадбиркорлигини йўлга қўйди. Ўзи туғилиб ўсган қишлоғида “Dif imkon” савдо дўконини очиб, 80 турдан ортиқ маиший техника ҳамда юмшоқ мебеллар сотувини ташкил қилди. Шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида муддатли тўловлар ҳам жорий қилинди.
“Dif imkon” номи остида 2 та савдо дўкони мавжуд бўлиб, 10 та иш ўрни яратилди. Бундан ташқари ишлаб чиқариш, қурилиш материаллари дўконлари ҳам мавжуд. Хорижий давлатлардан, асосан Хитойдан буюртма асосида маҳсулот етказиб бериш йўлга қўйилган.
Маҳмуджон молиявий қўллаб турувчи ҳамкори — “Hamkobank”нинг Жалақудуқ универсал банк хизматлари офиси мижози.
— “Golden gyotee SSS” фирмамиз орқали карго хизматимиз бор. Унинг ҳисоб рақами “Hamkobank”нинг Қўқон УБХОсида, — деди ходимлардан миннатдор эканини таъкидлаган қаҳрамонимиз. — Бу молия ташкилоти янги ва замонавий банк маҳсулотларини таклиф қилиш ҳамда иқтисодий, молиявий билимлари ва маслаҳатлари билан доим илғор, кредит ажратишда адолатли. Мижозларни хурмат қилади, тез ва сифатли хизмат кўрсатишади.
Маҳмуджон улар кўмагига таяниб собитқадам бўлди. Акаси Фарҳоджоннинг “Ҳар қандай тадбиркорлик жиддий тайёргарликни талаб қилади. Орзуингни рўёбга чиқариш учун сен барча хатарларни (рискларни), меҳнат қийинчиликлари ва вақт ресурсларини баҳолашинг, шунингдек, барча мажбурий харажатларни ҳисоблашинг керак. Ўз тадбиркорлигингни очишга қарор қилган бўлсанг, мен ҳамиша ёнингдаман”, дея қанот бўлди.
Нафақат Андижон, балки, Фарғонаю Тошкент томонларда тадбиркорлик тармоғини ривожлантираётган йигитларни гўё қулочини кенг ёяётган чинорга ўхшатдик.
— Нокамтарликка йўйманг-у, тадбиркор сифатида шаклланишим ва оёққа туришимда ўз устимда тинмай ишлаш ва изланишларимнинг таъсири катта бўлди. Кимдир тасодифан бойиб кетиши мумкин. Лекин мен бу қаторга кирмайман ва тасодифий бойишнинг охири кўпинча яхши тугамаслигини яхши тушунаман. Бу йўлда меҳнат — энг тўғри йўл.
Нега баъзи одамлар бутун умр моддий қийинчиликлар ичида яшайди-ю, баъзиларнинг омади чопаверади? Нима, улар нарсаларни пулга айлантириш хусусиятига эгами ёки қаердандир хазина топиб олганми? Менимча, ундай эмас. Муваффақиятли одамларнинг сири бошқалардан фарқли фикрлаши, ҳеч ким эътибор қилмаган жойда имкониятлар эшигини кўриши, ўз устида тинимсиз ишлаши ва ҳаракатдан тўхтамаслигидадир. Маҳмуджон ана шундайлардан.
Н. Тўрақулова

