МИЖОЗЛАРНИ ИНТИЗОМЛИ ТЎЛОВЧИ ҚИЛИБ ТАРБИЯЛАЙМИЗ
“Hamkorbank”да гаров мулкларини банк балансига олиш ва сотиш вазифасида ишлаб келаётган Ҳусанбой Турсунов фаолияти давомида кўплаб воқеаларга дуч келди. Унинг ана шу фаолият билан боғлиқ “ҳаёти” ва болалик хотиралари билан танишамиз.
Ҳусанбой Олтинкўл туманидаги 40-мактабда 8–синфгача ўқиди. Иқтидори ва аниқ фанларга қизиқишини кузатган отаси Абдуҳалим ака уни Шаҳрихон туманидаги 22-аниқ фанларга ихтисослашган лицейга олиб боради. 1999 йилда лицейни имтиёзли тамомлагач, давлат гранти асосида Андижон муҳандислик ва иқтисодиёт институтининг молия факультетига ўқишга кирди. Ўшанда ота фарзандидан фахрланди. Қаҳрамонимиз олийгоҳни битиргач, магистратура йўналишида ҳам аълочилар қаторида таҳсил олди.
— Ўқишни тамомлаш арафасида диплом ҳимоямизга банк мутахассислари келиб, иқтидорлиларни саралаб олишган. Кейин Маъруф ака Расуловдек кучли иқтисодчининг суҳбатидан ўтганмиз. Ўша вақтда ўнлаб битирувчилар қаторида Азизбек Қаюмов (маркетинг бошқармаси бошлиғи), Шерзод Йўлдошев (корпоратив йўналиши бўйича ундирув хизмати бўлими бошлиғи), Абдуғулом Валиев (корпоратив бизнес департаменти бошқарма бошлиғи) ва мен бўлганман. Биз бир вақтда “Hamkorbank”га қабул қилинганмиз, — дея эслайди Ҳусанбой Турсунов.
Фаолияти Амалиёт бўлимида (ҳозирги Шокир Иброҳим минтақавий банк хизматлари офиси) Шуҳрат Усмоновдан кредит хизматларини ўрганишдан бошлаган Ҳусанбой устозидан миннатдорлигини айтди.
— Шуҳрат ака табиатан юмшоқ инсон бўлса-да, жуда талабчан эди. У кишидан банк тизимидаги барча ресурсларни ўрганганман. Банк этикаси, хизмат сифатини ошириш борасидаги ўгитлари ҳамон асқатмоқда.
2006 йилда Бош банкнинг истеъмол ва ипотека кредитлари секторига мутахассис бўлиб ўтган Ҳусанбой ташаббускорлиги, ишга масъулият билан ёндашиши туфайли сектор бошлиғи лавозимига қадар кўтарилади, раҳбарият эътиборига тушади. 2012 йилда Жалақудуқ филиалига раҳбар этиб тайинланади. Ўша пайтларда режа кўрсаткичларини бажара олмаётган жамоа икки йил кетма-кет фойда режасини ортиғи билан бажаришга эришади. Йил якунлари бўйича муваффақиятга эришган филиал сифатида эътироф этилади.
Нодирабегим филиали ва Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган кезларида ҳам иқтисодий салоҳиятини кўрсата олган Ҳусанбой Турсунов 2020 йилда Бош банкнинг “Муаммоли активлар билан ишлаш ва ундирув” департаментига ўтказилди. Айни вақтда бош мутахассис вазифасида хизмат кўрсатмоқда.
— Мулкни тортиб олиш охирги чора. Мижоз кредит олаётганда шартнома ҳужжатлари билан танишади, ақл-идрокига таяниб тўлай олмаган маблағ эвазига мулки банк балансига ўтишини билиб, рози бўлиб келишув имзосини қўяди. Биз ҳам тўғридан-тўғри мижоз мулкини тортиб олмаймиз, мажбур бўламиз. Ёқимсиз бироқ масъулиятли вазифа. Мақсадимиз фуқаролар мулкини тортиб олиш эмас, ўзларига буюрсин. Уларни вақтида тўловни амалга оширишини таъминлаш, интизомли тўловчи қилиб тарбиялаш.
Фарзандлар ютуғи, камолидан фахрланиш ота-она учун фахр.
— Ҳусанбойни иқтисодчи ёки банк ходими бўлишини истагандик. Шукрки, кўрдик. Ҳаётда ўз ўрнини топганидан хурсандмиз, — дейди Абдуҳалим ота.
Ота-она дуоси ижобатини кўрсатди. Муваффақиятлари қаторига 2025 йил якунлари бўйича банк балансидаги мол-мулклар қолдиғи йил бошига нисбатан қарийб икки баробарга камайтиришга эришган ходим сифатида “Йилнинг энг яхши ходими номинацияси” (йўналишлар бўйича) ғолиби деб топилди.
“Жамоадаги ҳамжиҳатлик, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, фаол ходимларни рағбатлантириш — уларнинг барчаси “Hamkorbank”да мужассам”. Қаҳрамонимиз Ҳусанбой Турсуновнинг хулосалари шундай.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА

