МИЖОЗЛАР БИЛАН МУНОСАБАТДА ШАФФОФ, АДОЛАТЛИ
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун банк маҳсулотлари ва хизматларидан кенг фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида 2006 йилнинг ноябрида Қарши универсал банк хизматлари офиси очилган. Мазкур молия муассасаси замонавий кўринишда бўлиб, барча шароитларга эга. Жисмоний ва юридик шахслар ҳисоб-касса хизматлари, аҳоли ва бизнес субъектлари учун кредитлар, омонат ва депозитлар, халқаро пул ўтказмалари, халқаро ва миллий тўлов тизимлари пластик карталари, банкоматлар ва бошқа банк хизматларидан фойдаланишлари мумкин. УБХОга “Насаф” “Эски бозор”, “Косон” ва “Ерқўрғон” БХОлар кўмакчи.
Банкни ҳаракатлантирувчи ва равнақ топишининг омили мижоз ҳисобланади. Уларни жалб қилиш ва сонини ошириш банк тараққиётини белгилаши шубҳасиз. Бу борада қаршиликлар ўзига хос малака ва тажрибага эга. Ходимлар энг аввало, ҳамкорларга банкнинг афзалликларини кўрсатишади. Қолаверса, сифатли хизмат, тезкорлик, хушмуомалалик, бошқа банкларга нисбатан яратилган қулай шароитлар, енгилликлар мижоз эътиборини тортади.
“Vodiy taraqqiyot mikromoliya tashkiloti” масъулияти чекланган жамияти 2014 йилда ташкил топган. Корхона директори Қодиржон Исмоилов банкнинг энг намунали ҳамкорларидан. Фаолият тури ҳам муштарак, банк каби айрим хизмат турлари, яъни, жисмоний ва юридик шахсларга микроқарз, микрокредит ва микролизинг ажратиш фаолияти билан шуғулланади.
— Ҳамкорлигимиз 2022 йилда бошланган. Шундан буён биргамиз. Мижоз бўлишимизга сабаб бошқа банкларга нисбатан тез, қулай ва сифатли хизмат кўрсатишидир. Иқтисодий билимга эга ходимлар маслаҳат ва янги таклифлар беришади, ҳар бир ишда тўғри йўналтиришади, -дейди корхона раҳбари.
Ҳозирда “Vodiy taraqqiyot mikromoliya tashkiloti” МЧЖда 30 нафар йигит-қиз иш билан таъминланган. Улар орасида тажрибалилари ёшларга соҳа сирларини ўргатишади. Элёржон Тожиев мониторинг, Санжарбек Муҳаммаджонов эса кредитлашда, Маҳмутали Муҳаммаджонов бухгалтерия ҳисобида фаол.

Банкнинг яна бир мижози тадбиркор Дилшод Ҳаитов ишнинг кўзини биладиганлардан. 2018 йилда “Avangard Oil Trans Trade” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилган. Фаолияти суюлтирилган газ импорти ва экспорти ҳамда хизмат кўрсатишдан иборат. 20 миллиард сўмдан ортиқ айланма маблағига эга. Россия давлати ва Қозоғистон Республикасидан суюлтирилган газ сотиб олиб, асосан Афғонистонга экспорт қилади ҳамда Ўзбекистон ички бозорида маҳсулотлар таъминотини йўлга қўйган.
Дилшод Ҳаитов бир иш билангина кифояланиб қолмай, хусусий клиника очишни режалаштиради ва бу мақсадини 2023 йилда амалга оширади. Тадбиркор 200 иш ўрни яратишни кўзлаб, “Кардиомед” МЧЖни ташкил қилгач, Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келган беморларга шифо улашиш, кардиожарроҳлик йўналишида янгилик яратиш ҳаракатини бошлади. Ҳозирда 1 миллион 500 минг доллар сармоя киритилган. Унинг 2024 йилдаги режалари билан қизиқдик.
— Ўзбекистон — Ибн Сино юрти. Ҳар бир гиёҳи, суви, ҳавоси… барчаси шифобахш. Яна бир янги “Shahrisabz med servis” хусусий клиника фаолиятини йўлга қўйиш ниятидамиз. Унда нафақат республикамиз аҳолиси, балки, хориж давлатларидан ҳам беморлар келиб даволанишлари мумкин. 30 миллиард сўмлик хизмат кўрсатиш хизмати кўзда тутилган, — деди тадбиркор.
2018 йилда мижозлар сафига қўшилган тадбиркор иқтисодий ривожланишини банк ҳамкорлиги, кўмагида деб билади. Уч бора молиявий қўллаб-қувватланиши сабаб ишларини йўлга қўйиб олди. Олинган кредитларни вақтида, баъзан эса муддатидан олдин сўндириб, банк ишончини қозонди. Ўзаро ишонч устига қурилган ҳамкорликдан ҳар икки томон манфаатдор.
— Фаолиятимиз давомида Трастбанк, Инфинбанк ва бошқа банклар билан ишладик. Бироқ, «Hamkorbank»нинг Қарши УБХО жамоаси мижозлар билан муносабатда шаффоф, адолатли йўл тутиши билан меҳримизни қозонди. Баҳром Оромов, Бекзод Жонқобилов каби ходимлар бизга доим суянч. Улардан миннатдормиз.
Қарши УБХО ҳамда унинг ҳаракатчан, изланувчан ва тиниб-тинчимас ходимлари ҳақида яна кўп гапириш мумкин. Банк операцияларининг барчасини бажариб, мижозлар кўнглига йўл топаётган жамоанинг ишларига муваффақиятлар тилаймиз.
Нилуфар Йўлдошева

