МИЖОЗЛАР ИШОНЧИ ОРТМОҚДА
Чортоқ тумани аҳолиси тадбиркорлик ва ишбилармонликда нафақат Наманган, балки, республикада илғорлардан. “Hamkorbank”нинг Чортоқ банк хизматлари офиси Чортоқ шаҳар маркази — деҳқон ҳамда буюм бозорларига яқинлиги, қўшни Янгиқўрғон тумани йўналишида жойлашуви тадбиркорларнинг иқтисодий юксалишига кўмаклашиш ва уларни қўллаб-қувватлаш учун қулай. Банк хизматлари кўрсатишда икки туман аҳолисини қамраб олишга эришилган.
Айниқса, халқаро пул ўтказмалари, банкомат орқали пластик карта маблағларини нақдлаштиришда фойда тушуми юқори.
“Hamkorbank”нинг БХОлари функцияси бир хил бўлса-да, кўрсаткичларида катта фарқ бор. Жумладан, Чортоқ БХО айрим МБХО ёки УБХОларга тенглаша олади. Нега ишонч билан айтяпман? Сабаби, юқорида таъкидлаганимдек, БХОнинг жойлашув ҳудуди, аҳолининг ижтимоий юксаклиги биз билан ҳамкорликда аксини топган. Рейтинг баҳолари, банкларнинг активлари, депозит базаси ва устав капитали бўйича баҳо бериладиган бўлса, Чортоқ “Энг ишончли БХО”лар каторига киради. Унинг тарихига назар ташлайлик: дастлабки фаолиятини 2010 йилда Наманган филиали қошида мини банк сифатида бошлаган. 2018 йилдан филиал номи “Юксалиш” деб аталди. Биз айни пайтда “Юксалиш” УБХО таркибидамиз.
Фаолиятимизнинг илк даврларида халқаро пул ўтказмалари, жисмоний шахсларга хизмат кўрсатишдангина иборат ҳаракатлар бўлгани учун икки киши ишлаган. Лекин ўша пайтдаям Намангандаги энг кўзга кўринган микромолиявий ташкилотлар қаторига кирган. Чунки биргина четдан келадиган пул ҳажми бошқа шаҳар ва туманлардаги мини банкларга нисбатан анча кўп бўлган. Ҳозирги кунда ҳам худди мана шу хизмат бўйича Юксалиш УБХОдан кейин, айрим ҳолларда ундан ҳам олдинда турамиз.
Мен бу жамоага 2022 йил қўшилдим. 2024 йил йирик мижозларни жалб қилишда омадли бўлди. “Техно қурилиш 889” МЧЖ, “Чортоқ идеал комфорт”, “Чортоқ роял сарпо”, “Кароскон қурилиш инвест” каби йирик ҳамкорларимиз юқори даромад келтирмоқда. Жорий йилда янги кредит паспортлари бўйича бир нечта юқори суммадаги лойиҳаларни ажратиш имкониятига эга бўлдик. “Зоҳиджон транс логистик” МЧЖ айнан бизнинг молиявий кўмагимиз билан қаддини ростлаб олди. Асосийси, мижозларни бизга бўлган ишончи ортмоқда.
Ҳамкасбларим билимли ёшлар. Саидислом Муталов кассир сифатида қунтли, сабрли йигит. Келажакда банкнинг бошқа йўналишда ҳам ишлаш нияти бор. Суҳроб Садриддинов универсал менежер. Ҳар бир ишни сидқидилдан бажаради. Абдурасул Гавҳаров жисмоний шахсларга кредитлаш менежери сифатида мижозлар билан энг кўп мулоқот қиладиган ходим. Биз бир жамоамиз. Ва мақсадларимиз ҳам бир — юртимизнинг иқтисодий юксалишига ҳамда халқимиз фаровон турмушига ҳисса қўшиш.
Нурмуҳаммад ҲАСАНОВ,
Чортоқ БХО бошлиғи

