МИЖОЗЛАР ХИЗМАТИДА
2019 йил “Hamkorbank” АТБнинг Қарши минтақавий филиали ўз фаолиятини бошлади. Бу қаршиликлар учун айни муддао бўлди. Жамоа дастлаб 9 нафар ходим билан иш бошлаган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 25 нафарга етди. Юридик мақомга эга мижозлар сони 270 дан ошди. Якка тартибдаги тадбиркорларнинг сафи ҳам кенгайиб бормоқда.

Замонавий услубдаги бинода Бизнес маркази ҳамда аҳоли ва юридик ташкилотлар учун барча турдаги банк хизматлари йўлга қўйилди. Филиалнинг чакана ва корпоратив бўлими, бек ҳамда мидл офислари жойлашди. Ҳудуддаги энг йирик мижоз бўлган “1-сон комплекс лойиҳа қурилиш ва монтаж” хусусий корхонаси 2020 йилдан филиал билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Корхона жамоаси шу кунга қадар 11 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига катта объектлар ва уй-жойлар қурмоқда.
Ҳозирда филиал раҳбарлиги Ўктам Исаев зиммасида. У билимли, қатъиятли. Тизимдаги янгиликларни амалиётда қўллашда ташаббускор. Ҳар бир сўзини ўйлаб гапиради, кўнгил олишни ва кадрлар билан ишлашни билади.
Филиалда устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилган. Янги иш бошлаган ҳар бир ходим Азаматжон Тангриев ва Жавлонжон Нормаматов сингари малакали мутахассислардан касб сирларини ўрганади. Ўз навбатида иқтидорли ёшлар қадрланадилар, дунёқараши, таклифлари инобатга олинади.

— Ҳар куни турли феъл-атворга эга мижозлар билан мулоқот қиламиз, хушмуомалада бўламиз. Илиқ муносабат, вазиятга тўғри ва холис қарашга ҳаракат қиламиз. Чунки банкимизда мижозларга илтифот қилиш ва уларнинг ҳамиша ҳақ эканликларини эътироф этиш тартиби мавжуд. Шунданми, бошқа банкларга нисбатан мижозларимиз кўп, — дейди корпоратив хизматлар бўлими етакчи менежери Мансурбек Давронов.
Қисқа муддатда ўз мижозларига эга бўлган филиалнинг кўрсаткичлари юқори. Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра жами кредит қўйилмалари 128 фоизга ўсди. Миллий сўмдаги омонатчилар 88 фоизга, АҚШ валютасидаги омонатчилар 92 фоизга ошди.
Жамоа аҳил-иноқликда, бир ёқадан бош чиқариб иш юритади. Ходимларнинг дўстона муносабатлари мустаҳкамлиги иш унумида ўз исботини топган. Бир-бирларидан ўрганишдан тўхтамайдилар, ёрдамини аямайди. Ҳамиша мижозлар кўнглига йўл топиб, беминнат ёрдам қўлини чўзишга, молиявий қўллашга интилаётган жамоада “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун” тамойили бош мақсадга айланган.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.

