МОДДИЙЛИК ОРТИДАН ҚУВАВЕРМАЙЛИК
Бундан 30 йиллар аввал инсонларни қадрлаш ва баҳолаш мезонлари мутлақо ўзгача эди. Аслида 30 йил жуда кичик фурсат, аммо шу қисқа давр катта ўзгаришларга сабаб бўла олди.
Тан оламизми, йўқми, бугунги кун одамларининг ўй-хаёлларида кўпроқ моддийлик истаги ҳукмрон. Моддийликдан иборат ҳою-ҳаваслар сабаб қадриятлар унутилаётгани ҳам бор гап. Данғиллама уй қуриш, қимматбаҳо машина олиш, тўйма-тўй, чойхонама-чойхона юриш орзусида ҳаёт кечираётганлар кўпчиликни ташкил этади. Келажак ҳақида ўйловчи, маънавий қашшоқликдан ташвиш чекувчилар, афсуски, жуда озчилик.
Узоқни гапирмайлик, йигирма йил олдинги ёшларнинг мақсад-маслаги олий ўқув юртига кириб, маълум бир мутахассисликни эгаллаш орқали эл-юртда қадр топиш, жамиятга хизмат қилиш эди. Шу боис ўша даврда халқаро тиллар, журналистика, педагогика, фалсафа, ҳуқуқшунослик, иқтисодиёт, тиббиёт каби соҳаларнинг нуфузи баланд бўлган.
Бугун эса касблар жамиятга керакли бўлиши учун эмас, келтирадиган фойда-нафига қараб танланади. Масалан, шу касб орқали келажакда қанча ишлаб топиш мумкин? Шундай фикрлаш сабаб бугун адабиёт, тилшунослик, ҳуқуқ, тарих, биология, кимё, география каби инсон ҳаётининг пойдевори ҳисобланган соҳаларга қизиқиш пасайди. Аксинча, халқаро иқтисодиёт, информацион технология, халқаро бизнес каби пултопар йўналишларга нисбатан талаб ортди. Аслида бу нотўғри ёки хато танлов эмас. Аммо эртанги кун пойдевори фақат моддийлик асосига қурилмайди. Энг аввало, тинч, тартибли, онгли, ахлоқли ҳаётдагина инсонлар топган бойликларидан ҳузурланиб яшайди. Аввал маънан бой, илмли бўлсак, кейин моддий бойликларни асрай оламиз, улардан унумли ва тўғри мақсадда фойдаланамиз.
Авваллари ёшларнинг кумири Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек каби даҳолар бўлган бўлса, бугун бизнесмен, тадбиркорлар, интернет орқали катта даромад топувчи ишбилармон, блогер, вайнерларга ҳавас қилиш кучайди. Интернетдаги мазмунсиз чиқишлари билан фалон минг доллар топаётган блогерларга шогирд тушиш истагида юрганлар ҳам оз эмас. Маънавий таназзул урчиётган, моддийлик биринчи ўринга чиққан жамиятда ривожланиш ортга чекинишини яхши биламиз. Ривожланмаган жамият қашшоқликка, қулликка мубтало бўлишини ҳам. Шундай экан, ҳадеб мол-дунё орттиришга интилавермай, эртанги кунимиз ҳақида ҳам қайғурайлик.
Бизнинг фақат илм ортидан қувадиган, ўта масъулиятли, интизомли японлардан ёки бўлмаса кеча-кундуз хаёли тараққиётга хизмат қилувчи режалар билан банд меҳнаткаш хитойлардан қаеримиз кам? Таълимга ҳиндлар каби талабчан бўла олмаймизми, француз ёки немислар каби ўқитувчи-мураббийларни қадрлаш қўлимиздан келмайдими? Сўзсиз келади. Бунинг учун энг биринчи навбатда фарзандларимизнинг таълим олишини назорат қилиб, уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтирсак, қўлидан телефонини олиб қўйиб, мақсадни тўғри тушунтирсак, шунинг ўзи етади.
Ўзимиз эса катта ихтиролар қилмасак ҳам, завод-фабрикалар қурмасак ҳам, оддийгина кўчаларимизни обод қилиб, атрофни чиқиндилардан тозалаб, дарахт экиб, сув чиқарсак, атрофимиздаги нохуш ҳолатларга бефарқ бўлмасак, бир болага етти маҳалла қўшилиб ота-оналик қилсак, Ватанимиз ривожига қўшган ҳиссамиз шу бўлади.
Нигора МИРОЛИМ қизи