МУАММОНИНГ ОЛДИНИ ОЛАМИЗ

Феруз Воҳидов,
“Йилнинг энг яхши ундирув хизмати бошлиғи”
номинацияси ғолиби.

Инсон ҳаёт йўли ва бир касбни танлашда кимгадир ҳавас қилиши, эргашиши аниқ. Мен ҳам болалигимда банкда ишлайдиган қўшнимизга ҳавас қилардим. Самимий, очиқ кўнгил ва тартибли эди. Бу касбни унчалик тушунмасамда шу инсон сабаб банк ходими бўлишни орзу қилардим.
Ҳар бир касбнинг ўзига яраша қийин томонлари бор. Бизнинг ишимиз ҳам ташқаридан қараганда осондек кўринсада, масъулияти катта. Мижоз билан тўғри муносабат, мавжуд хизматларни етказа билиш, ҳисоб-китобда адашмаслик ва яна қатор вазифалар зиммамизда. Агар озгина ўз устингизда ишламасангиз, тизимдаги ўзгаришлардан ортда қоласиз. Натижада сизга бўлган ишонч сусайиши мумкин.
Фаолиятимни 2010 йил шу банкда бошлаганман. Орадан ўтган вақт давомида бир қатор вазифаларда ишладим. Ҳаммасининг ўзига яраша масъулияти бор. 2020 йилдан Самарқанд минтақавий банк хизматлари офиси ундирув хизмати бошлиғи вазифасидаман.
Қарздор мижозлар билан ишлашнинг ўзи бўлмайди. Шунга қарамай бу борада устозлар тажрибасини ўргандим. Ундирувни амалга ошириш учун биринчи навбатда унинг сабабларини ўрганиш зарур. Мижозга тўғри муносабатда бўлиш ҳам катта аҳамиятга эга. Акс ҳолда мақсадга эришиб бўлмайди.
Пандемия даврида юзага келган қарздорликларда ҳамма мижозни ҳам айблаш қийин. Аксарияти имкони бўлса тўлашни истайдиган, маҳсулоти сотилмай, иши ортга кетган субъектлар. Бундайлар билан муаммодан чиқиш йўлини биргаликда қидирдик. Натижада кўпчилиги ўз йўлини топди, қарздорлик бартараф этилди. 2023 йилда муаммоли активлар сони кескин камайди. Бу борада МБХО раҳбари, ҳуқуқшуносимиздан тортиб барча ходимларнинг кўмаги катта бўлди. Ундирув хизмати ходимлари Диёр Йўлдошев ва Фахриддин Турдиев­лар билан тинимсиз меҳнат қилдик.
Йил якуни билан менга берил­ган баҳо жамоамизни қувонтирди. Бунда ҳар бир ҳамкасбимнинг ҳиссаси бор, албатта. Бизнинг эндиги вазифамиз юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишдан иборат.