«МУАММОНИ ҲАЛ ҚИЛАДИГАН ЭРКАКЛАРИМИЗ БОР»

Маҳаллада фаолият юритаётган вақтимда кўп бора уйма-уй юриб, аҳолининг муаммоларини ўрганишга тўғри келди. Мана шу жараённинг навбатдагисида ҳокимият томонидан “Ичимлик суви, йўл таъмири, табиий газ каби ижтимоий масалаларни сўраманглар, фақат хонадоннинг ўзига тегишли масала ўрганилсин”, деган топшириқ берилди.

Хонадонлардан бирига кирдик. Бу уйда 6 киши истиқомат қилади: ота-она, ўғил, келин ва икки нафар набира. Оила бекаси бизни очиқ чеҳра билан қарши олди.
— Опа, саломатмисиз? Нима муаммолар бор? Қўлдан келганча ечишга ҳаракат қиламиз.
Аёлнинг истара ёғилган чеҳрасида табассум порлади:
— Раҳмат, шунчалик ҳол сўраганинглар учун. Аммо бизда ҳеч қанақа муаммо йўқ. Агар бўлса ҳам ҳал қиладиган оиламизнинг эркаклари бор.
Опанинг жавобидан қалбим жунбушга келди. Шу икки оғиз жумла бу оиладаги муҳитни, шу муҳитда яшаётган аёлнинг ҳис-туйғуларини яққол ифода этди назаримда. Фикрим­ча, бу аёл хотиржам ва бахтли эди. Нимадан? Оиласидаги бекаму кўстликдан. Турмуш ўртоғи ва ёлғиз ўғил фарзандига суяна олиши, ишона олишидан. Демак, бу хонадоннинг эркаклари вазифасини ўз ўрнида бажаради ва оила аёлларининг шикоятига ўрин қолдирмайди, муаммоларга ўралашиб қолишига йўл қўймайди. Шубҳасиз, бу уйдаги гаплар ҳам девор ошиб кўча кезмайди. Оиланинг ҳақиқий эркаклари ҳукмрон жойда шукроналик ҳисси кезиб юришига яна бир бор амин бўлдим.

Осиё