МУВАФФАҚИЯТЛАР ҲАМИША ҲАМРОҲИМИЗ! Бу Олмалиқ УБХО жамоасининг шиори
Олмалиқ универсал банк хизматлари офиси 22 йилдирки, халққа беминнат хизмат қилиб келмоқда. Мазкур молия муассасасига ташрифимиз кўнгилдагидек бошланди. Бизни илиқ кутиб олган ходимлар билан ишлаш менежери Ҳусниддин Ёдгоралиев ҳамроҳлигида хоналарни айланиб, ходимлар фаолияти билан танишар эканмиз, бу жойда ўз касбини севадиган инсонлар ишлашига гувоҳ бўлдик. Ҳусниддин жамоанинг фаолияти ва ходимлар тўғрисида фахр билан гапирди.
— Олмалиқликлар азалдан тадбиркор. Молия муассасалари уларнинг доимий ҳамкори. Тез ва сифатли хизмат кўрсатилгани учун ҳам кўпроқ бизнинг филиалимизга мурожаат қилишади. Шунингдек, Оҳангарон шаҳри марказида фаолият юритаётган яна бир муассаса — “Оҳангарон” банк хизматлари офисимиз мижозларнинг узоғини яқин қилиб, вақтни тежаш мақсадида ташкил этилган. УБХОда ўз касбига садоқатли, ғайрат-шижоатли инсонлар ишлайди. Сардорбек Умаров ҳамкасбларимнинг энг фаоли. У КХБ менежери, муассасамиз тенгдоши. Тажрибали ва мижозларни жалб қилишда ўзига хос услубга эга. Бу бўлимда ҳозирда 4 нафар ходим ишлайди. Ҳа, айтгандек, бир нафар иш ўрганаётган йигит айнан Сардор акага бириктирилган.
— Рақобат кучлилигига қарамасдан иқтисодий кўрсаткичлар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Бош банк томонидан жорий йил учун қўйилган режалар ортиғи билан бажариб келинмоқда. Кредит портфелидаги муаммоли кредитлар ҳам ўз вақтида ижобий якунланяпти, — дейди корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи Азизбек Қурбонов. — Албатта, юқоридаги муваффақиятлар ҳамкасбларимнинг ўз ишига масъулият билан ёндашишининг натижаси. Жамоага жонкуяр, ўз соҳасининг билимдон ва изланувчан мутахассислари ҳамда юраги ғайрат-шижоатга тўла ёшлар йиғилган.
Банкнинг муваффақиятлар омили шуки, барча бўлимларда мижозларга сифатли хизмат кўрсатиб келинмоқда. Ҳар бир бўлим ўзининг доимий мижозларига эга. Айниқса, жисмоний шахсларни кредитлаш йўналишида мижозлар оқими ортиб бораётганига гувоҳ бўласиз. Зеро жамоа аҳиллиги ва бирдамлиги билан яхши натижаларга эришяпти.

Сардобек УМАРОВ:
— Аввал “Халқ банки”да ишлардим. Тадбиркор синфдошим доим “Hamkorbank”ни мақтайверарди. Ўша синфдошимдан Олмалиқда банкнинг офиси очилганини эшитиб қолдим. Ҳеч иккиланмай ҳужжатларимни топширдим. Ва бу ердаги фаолиятимни чакана бўлимда — Зуҳра Мансурова устозлигида иш ўрганишдан бошладим. Шунга ҳам 6 йил бўлибди.
Айни пайтда юридик мижозлар билан ишлайман. Етти юзга яқин юридик ва якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланувчиларга хизмат кўрсатаман. Йил якунланмоқда, шу кунга қадар кўрсаткичларимиз ёмон эмас.
— Олмалиқда ишлаб чиқариш корхоналари ва конлар кўп. Аҳолиси ҳам асосан вилоятлардан келганлар. Шунинг учун бу ҳудудда турар-жойлар, автомобилларга эҳтиёж катта, — дейди ҳамроҳим. — Кўпчилик мижозларимиз ипотека кредитларидан фойдаланади.
Чакана бизнес бўлимида Дилшод Ҳайдаров, Лазиз Рашидов, Рустам Дедамирзаев, Салоҳиддин Муродов каби билимда, изланишда бир-биридан қолишмайдиган ходимлар жамланган.
Дилшод ҲАЙДАРОВ: — Ишимизнинг фахрланадиган жиҳати — халқимизга ёрдамимиз тегаётганида. Биз сабаб қанчадан-қанча фуқаро уйли, машинали бўляпти. Масалан, шу кунга қадар 20 киши ипотека кредити асосида уйли бўлди. Ойига 70 дан ортиқ инсонга автомашина учун кредит маблағлари ажратилишида ўзим хизмат кўрсатдим. Уларнинг хурсандчилиги менга куч беради, изланишга ундайди.

Лазиз РАШИДОВ: — Бизда жисмоний шахслар фойдаланадиган барча банк хизматлари мавжуд. Асосан микроқарз ҳамда автокредит чиқариш билан шуғулланаман. Ўтган ойда энг юқори кўрсаткичга эга бўлган ходим мен бўлдим.
— Банкда ишлаб хурмат қозониш осон эмас, дея суҳбатимизга қўшилди Рустам Дедамирзаев. — Унинг мураккабликлари ҳам бор. Масалан, ютуқлардан қувониш мароқли. Бироқ, муаммоли ҳолатлар ҳам бўладики, бу албатта, ёқимсиз. Уларни жорий тартиблар, қонунлар ва банк билан тузилган шартномалар ҳушёрликка чақиради.

Шермат АЗИМОВ: — Банк очилгандан буён мижозман. Бир неча бор истеъмол кредитидан фойдаландим, тўловларни ўз вақтида амалга оширдим. Энг намунали мижоз сифатида банк ишончига кирганман. Тўй қилиш ҳаракатидамиз, яна молиявий қўллаб-қувватлаб юборишар деб келдим.
Зоҳида КАЛИМБЕТОВА: — Уй қуришни мақсад қилдим. Бироқ, маблағим етмаслиги бироз дилимни хира қилди. Олмалиқ универсал банк хизматлари офисидан 100 миллион сўм кредит олиб, уйимни қуриб битказдик. Тўловларни вақтида амалга ошириб келяпман. Молиявий қўллаб-қувватлагани учун банк ходимларига миннатдорлигимни билдираман.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА

