НАВБАТДАГИ САЁҲАТИМИЗ — ПОЙТАХТГА
Ургутда билимли, изланувчан ва иқтидорли ёшлар жуда кўп. Мен ҳам улар қаторида эканлигимдан фахрланаман. Лицейда ўқиб юрган кезларимда ҳар йили математикадан фан олимпиадасида иштирок этардим. Аниқ фанларни севишим, аъло баҳоларга ўқиганим асқотди. 2004 йилда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти Банк-молия факультетида давлат гранти асосида ўқишга кирдим ва 2008 йилда муваффақиятли тамомладим. Дастлабки фаолиятим таҳсил олган лицейимда бошланди. Банк иши-ҳисоб-китоб жону дилим бўлгани боис банк соҳасида ишлаш ниятида эдим.
2010 йилнинг 17 октябри унутилмас кун бўлган. Замира Ўктамова бошчилигидаги ходимларнинг танлаш комиссияси томонидан ўтказилган тест ва суҳбатдан муваффақиятли ўтдим. Беш ой “Hamkorbank” АТБ Амалиёт бошқармасида иш ўрганувчилик курсида ўқидим. Мана шу давр ҳаётимда муҳим ўрин тутади. Ўрганганларим гўё тошга битилгандай муваффақиятлар эшигини очди. 2011 йилдан Самарқанд филиали Афсона мини банки кассири ва 2012 йилдан Ургут мини банкида микрокредит менежери лавозимида ишладим.
Дарвоқе, банк билан боғлиқ фаолиятимни ҳамкасбим Зафаржон Тилавқулов билан бошлаганмиз. Иш ўрганувчи давридан то бугунги кунга қадар бирга фаолият юритиб келяпмиз. Ургут мини банкида ҳам микрокредит йўналишида маслакдош бўлдик. Ўша даврда мини банк бошлиғи Исомиддин Дўстов, микрокредит менежери Зафаржон Тилавқулов ва бошқа ҳамкасбларимиз саъй-ҳаракатлари эвазига Ургут мини банки нафақат фойда режасини бажарди, балки, “Hamkorbank” тизимидаги энг кўп даромад берувчи мини банклар қаторидан ўрин олди. Кўрсаткичлар раҳбарият эътиборидан четда қолмади ва 2018 йилдан туманимизда Ургут филиали фаолият бошлади. Ҳозирда корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаяпман.
35 нафар ходим 3 йилдирки самарали фаолият юритиб келяпти. Банк филиаллари ўртасида ҳар чорак якуни бўйича ўтказиладиган “Энг яхши филиал” номинациясида 5-гуруҳ (янги очилган) филиаллар ўртасида, жорий йилнинг шу кунига қадар 3 марта ғолиб деб топилдик. Бош банк томонидан ҳар чорак якуни бўйича пул мукофоти билан тақдирландик. Моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш жамоамизга мотивация беряпти. 1-чорак якуни бўйича ажратилган пул мукофоти эвазига, тумандаги «Мингарча» дам олиш масканида ҳордиқ чиқариб қайтдик. 2-чорак якуни бўйича ажратилган пул мукофоти эвазига Бухорои шарифга саёҳат уюштирдик. Энди жамоамиз билан пойтахтга бормоқчимиз.
Ҳамкасбларимнинг кайфияти аъло. 4-чоракда ҳам ўз гуруҳимизда “Энг яхши филиал” номинациясини қўлга киритишга астойдил киришганмиз. Қишки сиҳатгоҳларнинг бирига саёҳатга чиқмоқчимиз. Ҳа, айтгандай, банк маъмурияти ҳамиша ёшларни қўллаб-қувватлайди, изланувчан, иқтидорлиларни қадрлайди. Яқинда Бош банк томонидан ташкил этилган танловдан муваффақиятли ўтиб, Банк — Молия Академиясининг Банк иши магистратура йўналиши талабаси бўлдим. Билим ва тажрибамни янада ошириб, банкимиз равнақига ўз ҳиссамни қўшсам дейман.
Эришаётган натижаларимизда ҳар бир ходимнинг ҳиссаси бор. Ҳар бирининг меҳнати қадрли.
Шариф МАХМАЕВ,
Ургут филиали бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси.

