“НАМАНГАН САЙЁХ” ХОРИЖЛИКЛАРНИНГ ҲАМ ХИЗМАТИДА
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётимизнинг асосий бўғини. Кейинги йилларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, қўллаб-қувватлашга бўлган эътибор ташаббускорлар сафини кенгайтирмоқда. Айтиш мумкинки, Наманган вилоятида бу борада олиб борилаётган ишлар соҳа ривожи ва аҳоли турмуш фаровонлигининг ошишига хизмат қиляпти. Тижорат банклари томонидан уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кредитлар ажратилаётгани ҳам ижобий самара бермоқда.
Нанайлик тадбиркор Турғунбой Абдумажидов бу борада ўзига хос мактаб яратган, десак муболаға бўлмайди. У кўп йиллар «Кўксарой» дам олиш масканига раҳбарлик қилиш баробарида туризмни ривожлантириш, замонавий сервис хизматини йўлга қўйиш ҳаракатида бўлди. Водийликлардан ташқари қўшни вилоятларда яшовчилар ҳам тоғли ҳудудда жойлашган мазкур масканни яхши билади. Айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида бу ерга келувчилар кўпаяди.
Тадбиркор бошлаган ташаббуслар оилавий ишга айланди. Ота изидан борган Умиджон, Жасурбек ва Мунисахонлар тадбиркорликни танлади. Айни вақтда Умиджон «Кўксарой»ни янада обод қилиш, дам олувчиларга қулайликлар яратиш йўлида изланишда. Жасурбек эса меҳмонхона ва транспорт хизматини танлади. Мунисахон ҳам аёл тадбиркор сифатида кўзга кўринган.
— 2018 йили Наманган шаҳрида замонавий меҳмонхона қуришни режалаштиргандик, — дейди Жасурбек Абдумажидов. —Лойиҳамни дадам қўллаб-қувватладилар. Бу менга катта куч берди. “Наманган сайёҳ” МЧЖни ташкил қилиб, дуолари билан иш бошладим. Молиявий кўмакчи сифатида “Hamkorbank” АТБ Юксалиш универсал банк хизматлари офисини танладик. Банк томонидан берилган 600 миллион сўм кредит маблағи ишимизни тезлатди.
Ёш ишбилармоннинг изланишлари жуда тез кўзга ташланди. Қисқа вақтда “Кўксарой гранд” меҳмонхонаси хизмат кўрсатишни бошлади. Аввалига атиги 30 ўринли бўлган ушбу маскан эндиликда кенгайиб бормоқда. Хизмати ҳам кўнгилдагидек. Бу борада хориж тажрибаси ўрганилгани, тадбиркорнинг замонавий хизматлар устида ишлаши қўл келмоқда.
2022 йилда МЧЖ томонидан навбатдаги лойиҳа амалга оширилди. Нанай қишлоғида 100 ўринли ошхона, ресторан ва меҳмон уйи бунёд этилди. Бу гўзал табиати билан барчани ўзига ром этаётган тоғли ҳудудда барпо этилган биринчи меҳмон уйи. Унинг жойлашиши ва дизайни ҳам ўзига хос.

— Дугоналарим билан бу жойга иккинчи бор келишимиз, — дейди сирдарёлик Холидахон Аҳмедова. — Ҳавосигаку гап йўқ. Дам олувчиларга бўлган эътибор, тозалиги ва овқатлари ҳам бизга ёқди. Мароқли дам олиш учун муносиб жой танлашда адашмаган эканмиз.
Шу жойда бир неча хорижликларни ҳам учратдик. Савол назари билан тадбиркорга қараганимизда, у шундай деди:
— Навбатдаги лойиҳамиз хорижлик меҳмонларга хизмат кўрсатишга қаратилган. Тоғ ҳавосидан нафас олиб, дам олиш кимга ёқмайди? Яна уларни Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ҳам қизиқтиради. Айниқса, Самарқанд, Бухоро ва Қўқон. Шу сабаб транспорт хизматини йўлга қўйдик. Бу икки тараф учун ҳам фойдали. Шу йўналишда тажрибали мутахассисларни танлов асосида ишга олдик. Куни кеча 20 нафар дам олувчи Самарқандга саёҳат учун жўнаб кетди.
«Кўксарой» камондан ўқ отиш спорти билан шуғулланувчиларнинг ҳам севимли жойига айланиб улгурди. Икки ойдирки 20 нафар ёш спортчи шу жойда машғулотларини ўтказмоқда. Мураббийларнинг таъкидлашича, тоғ ҳавоси уларни чиниқтириш билан бир вақтда саломатликлари учун ҳам фойдали. Яна салқин жойда машғулотларга кўпроқ вақт ажратиш мумкин.
Ривожланиш йўлидаги дадил одимлар. Тадбиркорнинг замон билан ҳамнафаслиги ҳавас қилишга арзийди. Асосийси, ташаббуслар соҳа ривожига, даромаднинг ошишига хизмат қилмоқда. Буни “Наманган сайёҳ” нуқталарида бўлганлар ҳам эътироф этади.
Акбаржон НАЗАРОВ.
Бекзод Муталлибов олган суратлар.