НАТИЖАЛАР ҚУВОНАРЛИ, ВАЗИФАЛАР КАТТА

Яна бир йил якунланди. Тарихга айланган бу давр ўз натижалари билан ёдда қолади. “Hamkorbank” АТБ жамоаси учун ҳам  2025 йил ютуқларга бой бўлди, белгиланган режалар ортиғи билан бажарилди. Бу иқтисодий юксалишга, даромаднинг ошишига хизмат қилди.

2025 йил якунлари ва 2026 йил учун белгиланган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда юқоридагилар тўғрисида сўз борди. Унда онлайн тарзда барча ходимлар иштирок этди.

Йиғилишни банк бошқаруви раиси Бахтиёржон Жўраев очиб,  2025 йил мураккаб йиллардан бири бўлгани, шундай даврда жамоанинг кучи ва банкнинг барқарорлиги намоён бўлганини таъкидлади. Эришилган натижалар ва эътирофлар, йўл қўйилган камчиликлар тўғрисида тўхталди. Ҳар бир ходим сарҳисобдан ўзига етарли хулоса чиқариши ва бошланган йилда масъулият билан ишлаши лозимлигини билдирди.

Кўрсатиб ўтилганидек, ҳисобот даврида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, тезкорлик ва янги маҳсулотлар билан мижозларга қулайликлар яратишга асосий вазифа сифатида қаралди. Бу банкнинг молия бозоридаги ўрнининг янада мустаҳкамланиши ва ҳамкорлар сафининг кенгайишига хизмат қилди.

Банк амалдаги кредит шартномалари бўйича 16 та халқаро молия институтлари томонидан белгиланган молиявий ковенантларга риоя қилган ҳолда фаолият олиб борди. Шартномаларга риоя қилишга алоҳида эътибор қаратилгани натижасида қоидабузарлик ҳолатлари аниқланмади.

Эришилган ютуқлар билан бир қаторда олдинда турган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Замонавий банк тизимидаги янгилик­ларни ҳар бир йўналишда амалиётга тадбиқ этиш бош вазифа сифатида белгиланди. Стратегия ва  трансформация масаласи асосий эътиборда бўлди. Банк стратегия­си асосида иккита асосий вазифа белгиланди. Биринчиси — трансформация. Бу шунчаки алоҳида лойиҳалар эмас, балки тизимли ўзгаришлардир. Янги жараёнлар, янги технологиялар ва мижозлар билан ишлашда мутлақо янгича ёндашувлар. Иккинчиси — барқарор ўсиш. Бизнес ҳажми, даромад ва мижозлар базаси бўйича ўсиш. Бу бошқариладиган тарзда сифатни йўқотмасдан ва ортиқча харажатларсиз амалга оширилади.

Трансформация шунчаки мақсад эмас, балки воситадир. У банкнинг тез, самарали ишлашга ва ўзгарувчан муҳитда барқарорлигини сақлашига ёрдам беради. 2026 йил ва ундан кейинги барча лойиҳалар айнан шу мантиққа асосланган.

Сарҳисоб йиғилишда йўналишлар кесимида амал­га оширилган ишларга ҳам эътибор қаратилди. Масъулларнинг ҳисобот маърузалари тингланди.

Йиғилишда банк Кенгаши раиси И.Ибрагимов иштирок этди ва олдинда турган вазифаларни белгилаб берди.

Анъанавий тарзда йил якуни бўйича рейтинг натижаларига кўра тақдирлаш ва энг фаол ходимларни эълон қилиш ўзига хос тантанага айланди. Меҳнатининг эътирофи, берилган юксак баҳо иштирокчиларга янги куч,  янгича руҳ берди.

2025 йилда “Hamkorbank”:

* Исломий банк маҳсулотлари бўйича бўлим қайтадан тузилиб, алоҳида хизмат ташкил қилинди.

* Халқаро миқёсдаги «SME Banking Agency» томонидан Ўзбекистонда «Кичик бизнес йўналишидаги энг яхши банк», деб эътироф этилди.

* ЕТТБ томонидан Ўзбекистондаги аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар эътироф этилиб,  «Women in business Exellent Awards» мукофотига сазовор бўлди.

* Ўзбекистон Респуб­ликаси банк тизимида кичик бизнес субъектларини молиялаш­тириш йўналишида  ТОП-3 таликка кирди.

(Ўз мухбиримиз)