НАТИЖАЛАР ҚУВОНАРЛИ, РЕЖАЛАР КАТТА

Якунланган 2021 йилда “Hamkorbank” АТБ қандай натижаларга эришди? Иқтисодий соҳадаги ислоҳотларда иштироки қандай? Амалдаги йилга мўлжалланган устувор вазифалар нималардан иборат? Банк бошқаруви томонидан видеоконференция шаклида ўтказилган йиғилишда айни шу масалаларга эътибор қаратилди.
Йиғилишни Банк Бошқаруви раиси Бахтиёржон Жўраев очди. У мамлакатимиздаги иқтисодий жараён, “Hamkorbank”АТБда эришилган ютуқлар, банк ташкил топганининг 30 йиллиги муносабати билан бир қатор акциялар ўтказилгани, мижозлар билан ишлашга бўлган эътибор, филиаллар сони яна 1 тага кўпайгани ва тизимда амалга оширилган қатор тадбирларга йиғилганлар эътиборини қаратди. Кадрлар билан ишлаш ва рағбатлантириш ютуқлар омили эканлигини таъкидлади.
Бир йил давомида иштиёқ билан ишлаш­га ундаган, сабрсизлик биан кутилган ҳаяжонли онлар ниҳоясига етди ва икки кун давом этган якуний йиғилиш кўп нарсага ойдинлик киритди. Аввало, мақсад 2021 йилдаги натижаларни таҳлил қилишга қаратилди, ундан кейин эса келгусидаги фаолият режалар белгилаб олинди.

Йиғилиш мазмунан қандай кечди? Ундаги эътиборни жалб қилган ҳолатлар нимада бўлди? Келинг, шулар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

  • Банк ходимларининг барчасида кўтаринки кайфият ҳукмрон эди. Айниқса, бутун йиғилиш давомида қувноқ табассум билан ўтирган Чирчиқ ва Юнусобод филиали ходимлари диққатимизни тортди.
  • 2022 йилда автокредитларга жиддий эътибор қаратиш лозим. Негаки, бундай хизмат турлари микроқарзларга қараганда муаммоси камлиги билан банкка кўпроқ фойда келтиради.
  • 2021 йилдаги кўрсаткич­лар таҳлили бўйича Навоий, Бухоро, Хоразм минтақавий, Ҳазорасп филиаллари корпоратив йўналишда, Урганч, Амалиёт, Хоразм минтақавий, Каттақўрғон филиаллари эса чакана йўналишда энг яхши натижаларни қўлга киритди.
  • 2022 йилда кредит соҳасида ихтисослашувга алоҳида эътибор қаратилади. Яъни оммавий менежер микрокредит, ўрта менежер кичик ва ўрта кредит, КХБ бошлиқлари фақат йирик кредит ажратади.
  • Таваккалчиликни бошқариш департаменти ҳисоботида айтилишича, 2021 йилда олдинги йилларга қараганда муаммоли кредитлар сони анча камайган.
  • “Нamkorbank” 1600 дан ортиқ сотиш бўлимларига эга эканлиги тилга олинди. 2021 йилда тизимдаги БХОлар сони янада кўпайди ва уларни таъмирлаш учун 17,5 миллиард сўм сарфланган. Бу турдаги тармоқлар орасида Балиқчи БХО даромадлилиги жиҳатидан етакчи бўлди.
  • Банк Кенгаши раиси Икром Ибрагимов соҳадаги улкан тажрибасидан келиб чиқиб, йиғилишда кўрилган барча масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Айрим масалаларга алоҳида тўхталиб, муҳим тавсия ва маслаҳатлар берди. У барчани ҳамжиҳатликда, масъулият билан ишлашга чақирди. Шу йилдан банкнинг келгуси 5 йиллик бизнес режасини тузиб олиш зарурлигини таъкидлади.
    Кенгаш раиси йиғилиш қатнашчиларига юқори мотивация улашар экан 2022 йилда тизимда жуда яхши янгиликлар кутиб турганини, ишлаган, натижа кўрсатган ходим, албатта, рағбатлантирилишини ваъда қилди.

  • • Йиғилишнинг энг ҳаяжонли қисми — 2021 йил якунлари бўйича ғолибларни эълон қилиш ва тақдирлаш маросимига навбат келди. Натижаларга кўра, 1-гуруҳ филиаллари орасида Тошкент, 2-гуруҳда Навоий, 3-гуруҳда Истиқбол, 4-гуруҳда Ҳазорасп, 5-гуруҳда Ургут филиаллари биринчи ўринни қўлга киритди.
  • (Ўз мухбиримиз).