ОБУНАЧИЛАР БИЗ БИЛАН БИРГА
Кейинги йилларда ҳар бир йўналишда ўзгариш, ҳаётимизга янги техника-ю технологиялар кириб келмоқда. Бунинг натижасида бир қарашда эскилари кераксиздек туюлади. Жумладан, интернетнинг чекланмаган имкониятлари газетани “кераксиз”га чиқаргани ҳақида кўпчилик гапираётгани сир эмас. Шунга қарамай ҳар қанча муқобили топилмасин, газетанинг ўрнини ҳеч бир нарса босолмайди. Маълум бир воқеликни виртуал ойна орқали кузатишдан кўра, қўлингизда турган аниқ предмет, яъни, газета ёрдамида ҳис этишнинг таъсири, завқи бошқача.
2004 йилдан буён нашр этиб келинаётган “Hamkor рress” газетаси ҳам бу борада ўз овозига эга. Иқтисодий-ижтимоий мавзулар таҳлили билан бир вақтда ўқувчилар талабидан келиб чиқиб бошқа мавзуларни ҳам кенг қамраб олишга, ютуқ ва муаммоларни жамоатчиликка етказишга ҳаракат қилаётган ижодий жамоа доимо ўқувчилари билан бирга. Таҳририят идорасидан чиқиб, жойларда ижодий учрашувлар ўтказишда ҳам айни шу мақсад кўзда тутилган.

Навбатдаги ана шундай учрашув манзили Наманганнинг Чуст тумани бўлди. “Hamkorbank” АТБ Чуст универсал банк хизматлари офиси ва ишлаб чиқариш корхоналарида дастлаб газета, маънавият ва сўз эркинлиги хусусида сўз юритилди. ОАВ жамоатчиликнинг эркин сўз айтиш минбари эканлиги таъкидланди. Ўз ўрнида нашрдаги янги лойиҳалар, берилаётган материалларга тўхталинди. Қарангки, учрашувлар қизғин тус олди. Газетамизнинг ҳар бир сонини синчковлик билан кузатиб борувчи муштарийлар ўз фикрларини айтди.
Саиджон Содиқов, “Hamkorbank” АТБ Чуст универсал банк хизматлари офиси бошқарувчиси:
— Газета бугунги кун ҳарорати ва масъулиятини тўла намоён этиб, амалга оширилаётган ислоҳотлар, жамиятимиз ҳаётидаги янгиланишлар борасида ўз сўзини айтмоқда. Маънавиятимизнинг юксалишида ҳам алоҳида ўрни бор. Иқтисодий мавзулардаги чиқишлар, банк тизимидаги ўзгаришлар ва ҳамкасбларимиз фаолиятининг ёритилиши ўзига хос бир мактаб. Буларни бошқаларга ҳам илиниб турамиз. Умуман олганда, газета билан ҳамнафас бўлган инсон ютқазмайди.
Улуғбек Каримов, банк ходими:
— Тўғри, ижтимоий тармоқлар орқали янгиликлардан тез хабардор бўламиз. Бироқ, уларда таҳлил камлик қилади, маълумотларни тўла ишончли деб айтиб бўлмайди. Газетани қўлингизга олганда ўзингизда ҳам масъулият бўлади. Шахсан мен бўш вақтим бўлди, газета варақлайман. “Hamkor рress”ни оиламдагиларга ҳам олиб бораман. Таклифим — банк тизими билан боғлиқ қонунчиликдаги ўзгаришлар кенгроқ ёритиб борилса.
Сардор Лотинбоев, тадбиркор:
— Айримлар тадбиркорларни фақат иш билан банд, пулни ортидан қувийдиган инсонлар, дея баҳо беради. Йўқ, ундай эмас. Тадбиркор ўқийди, изланади. Малакасини ошириш учун ОАВга юзланади. Демак, газета билан бирга. Мен доим бунга амал қиламан…
Кайковус ўзининг “Қобуснома” асарида “Сўзингизга харидор борми, бор бўлса, сўзланг!”, дейди. Газета ҳам юксак минбар. Унда муносиб сўз топиб айтиш ҳам шарафли, ҳам масъулиятли. Асосийси, ёзганларимиз ўқувчига манзур бўлса бундан хурсандмиз.
Тадбир доирасида энг фаол обуначилар таҳририятнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Н.Эшонова.
Б. Муталлибов олган суратлар.