ОБУНАЧИЛАР БИЛАН МУЛОҚОТЛАР

Газетамизга 2025 йил учун обуна давом этмоқда. Бу борада бизга яқиндан ёрдам бераётган “Hamkorbank” ходимларига раҳмат деймиз. Улар ўз вазифаларидан ортиб, газетанинг кенг ўқувчилар оммасига етиб бориши учун обуна жараёнларини ташкиллаштиришда фаол иштирок этмоқда.
Жойларда обуначилар билан ўтказилаётган учрашувларда газетхонларнинг фаоллиги, ОАВ билан ҳамнафаслиги кўзга ташланяпти. Уларнинг таклифлари келгуси йилда газетамизни янада ранг-баранг бўлишига хизмат қилади.

Нукусликлар доим биз билан


“Hamkorbank”нинг Нукус минтақа­вий банк хизматлари офиси жамоаси газетамиз билан доим ҳамнафас. Банк ҳаёти ва мижозлар фаолиятини ёритиб боришимизда Абубакир Жолдасбаев ва Рустамжон Атажанов жамоатчи мухбир сифатида сафимиз­да. Газетанинг ҳар бир сонини кузатиб бориб, ўз таклифларини ҳам билдириб борадилар.
Қорақалпоқ элида обуначилар билан ўтказилган мулоқотлар кутганимизданда фаоллик остида ўтди. “Hamkor press”да берилаётган материаллар, янги лойиҳалар уларни бефарқ қолдирмаётганидан қувондик. Китобга ошно Абубакир Жолдасбаев бир неча йилдан буён газетамизни шахсий кутубхонасида тахламини ҳам сақлаётганини айтди. Унинг ҳамроҳлигида банк мижози бўлган обуначилар билан учрашувларимиз самарали кечди. Айримларнинг бугун одамлар газета ўқимайди, деган фикри ўринсиз эканлиги ўз тасдиғини топди.
— Тадбиркор сифатида банкдан ўрганганларим кўп, — дейди Нигора Қиличева. — Унинг кўзгуси бўлган газетани ҳам кузатиб бораман. Биз учун тажриба мактаби вазифасини бажаради. Иқтисодий мавзудаги мақолалар билимларимизни оширмоқда. Маънавият рукнидаги чиқишлар ҳам менга ёқади.
Учрашувлар якунида Нукус МБХО жамоаси ва энг фаол обуначиларга таҳририятнинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари тақдим этилди.


ЭНГ ЯХШИ МУШТАРИЙЛАР ЧИНОБОДДА


Чинобод универсал банк хизматлари офиси ходимлари “Hamkor press”нинг фаол ўқувчиларидан. Уларнинг орасида нашрнинг ҳар бир сонини интиқлик билан кутадиганлари бор. Биз бунга банк офисига ташриф буюриб, ходимлар билан суҳбатлашиш асносида гувоҳ бўлдик. Офисда иш қизғин. Мижозларнинг қадами узилмайди. Кимдир пул алмаштирмоқчи, кимдир четдан келган жўнатма учун навбат кутяпти. Мана шу тиғиз жараёндан вақт орттириб, газета билан танишишга улгураётган банк ходимлари ҳақида фақат илиқ фикр билдириш мумкин.
Банкда жами 65 нафар ходим фаолият юритади. “Hamkor press” офисга етказиб берилиши билан ресепшн­ томонидан ҳар бирига алоҳида тарқатиб чиқилади. Газетани биринчилардан бўлиб бош бухгалтер Азизбек Собиров, корпоратив хизматлар бўлими биринчи тоифали оммавий сотиш менежери Бобомурод Маҳмудовлар қизиқиш билан варақлаб чиқади. Улар ашаддий мутолаа ишқибозлари. Бобомуроднинг ҳақиқатан мухлис эканлигини бизни табассум билан қарши олганидан пайқадик. “Hamkor press” саҳифаларига меҳр билан тикилишидан эса кечинмаларини англаб олиш қийин эмас эди.


Кадрлар билан ишлаш менежери Марғубахон Даминованинг фикрлари диққатимизни тортди. — “Газетани мунтазам кузатиб бораман. Ҳар бир сонида ё ишимиз ёки ҳаётимиз учун керакли нимадир оламиз. Масалан, Қўрғонтепа УБХО кадрлар билан ишлаш менежери Маъмурахон Ҳайитбоеванинг интервьюсидаги фикрлари кўпчилигимизга ёқди. Ҳаётий ҳикоялар, афоризм, фойдали маслаҳатларни ҳам қизиқиб ўқийман. Менимча, газетага яқин инсон кам бўлмайди.
Ишга бўлган иштиёқни банкнинг мижозларида ҳам кузатдик. Чинобод билан ажралмас, бир бутун ҳамкорга айланиб улгурган “Муҳаммадазиз ёрқин келажаги” МЧЖ раҳбари Назокатхон Жалолованинг амалга ошираётган бизнес лойиҳалари, мижоз сифатидаги масъулияти бизга маъқул бўлди. Шу боис тадбиркор опага таҳририятимизнинг махсус совғасини топширдик.

“ОҚ СУВ” ДОИМГИДЕК ЕТАКЧИ


Қўрғонтепа УБХО корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи Ўткирбек Маҳкамбоев мижозларни обунага жалб қилишга катта ҳисса қўшяпти. Банкнинг намунали мижозларидан ҳисобланган “Оқ сув” фермер хўжалиги биринчилардан бўлиб, “Hamkor press”га обуна бўлди.
Республикада ўзининг бренд маҳсулотлари билан танилган “Оқ сув”ни истеъмолчилар яхши билади. У қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш билан машҳур. Қўрғонтепа УБХО билан 15 йилдан ортиқ вақт мобайнида ҳамкорлик қилиб келмоқда. “Hamkorbank”нинг энг ишонган бизнес ҳамкорларидан. Ушбу мижознинг нафақат банкка, балки, унинг анъаналарига ҳам ҳурмат кўзи билан қараши таҳсинга лойиқ. Шу ўринда “Hamkor press” газетасига бўлган эътибор ва қизиқишини ҳам алоҳида эътироф этган ҳолда, таҳририятимиз номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.


Газетамиз ўқувчилари билан учрашувлар доирасида Самарқанд МБХО ва Каттақўрғон УБХОларга қилинган ташрифлар ўзига хос таассуротларга бой бўлди. “Hamkor press”нинг обуначилари ҳисобланган мазкур тармоқларнинг ходимлари ва мижозлари томонидан билдирил­ган таклиф-мулоҳазалар бизга маъқул тушди. Келгуси фаолиятимизда муштарийларимизнинг барча фикрларини инобатга олган ҳолда уларга мазмундор, сифатли газета маҳсулотини етказиб беришга ваъда қилдик.

Акбаржон Назаров,
Нигора Тўхтаматова
Б. МУТАЛЛИБОВ олган суратлар