ОДАМЛАРГА НАФИМ ТЕГСА БАС

Инсон  ёқтирган иши билан машғул бўлса, ўзини бахтиёр ҳис этади. Ўтган вақтига ачинмайди. Зилола Исматова ўз касбини севган ва вазифасини сидқидилдан бажарадиган ходимлардан. Болаликдаги орзуларини банк ҳаётида акс этишини истади. Мактабни “аъло” баҳоларга тугатиб, бухгалтерия ҳисоби ва аудит, банк иши ҳамда техник иқтисодиёт йўналишида таҳсил олди. У билан суҳбатимиз мароқли ўтди.
— 15 йилдан буён “Hamkorbank”да фаолият юритаман. 2009 йилда янги очил­ган Навоий УБХОда касса мудири вазифасида иш бошлаганман. Кейин Миробод минтақавий БХОнинг илк кунидан бошлаб шу вазифада фаолият юритиб келяпман.

— Банкда ишлаш истаги қачон пайдо бўлган? 
— Болалик орзуларимдан бири эди банкда ишлаш. Талабалик давримда ушбу соҳанинг назарий томонини ўрганган бўлсам, ишлаш жараёнида билимларимни амалиётга татбиқ этиб, тизимнинг ичига кириб бордим. Кассирлик оғир ва машаққатли касб бўлса-да ўзимга ёқади. 2003 йилдан буён одамлар билан гавжум ҳаёт уммонида сузаман, ташвишларни унутаман.
— Пул жигардан бўлган, деган таъриф сиз учун…
— Кўп бор дуч келдим бу ҳолатга. Одамлар ўзларидан кўпроқ севадилар пулни. Бу албатта, ижобий маънода. Меҳнат қилиб унинг роҳатини кўриш истагида бўлган ҳар қандай инсон фаровон турмуш кечиришни истайди. Тўкис ҳаёт, қувончли онлар, албатта, иқтисодиётга бориб тақалади. Ке­йин эшитганим бор: “пулни қанчалик ҳурмат қилсанг, севсанг у сенга интилади”. Мажозий маънода қўлланилган бу ибораларни меҳнат, интилиш ва серғайратлик каби ҳаракатлар билан боғлайман. Машаққат билан топил­ган даромадни эҳтиётлаб, авайлаб, режа-режа билан ишлатилишига ишора бу ибора.
— Ҳаётда ўрнингизни топишда ота-онангизнинг роли…
— Менга ҳаёт бағишлаган ота-онамдан миннатдорман. Гарчи қўлимдан етаклаб “Hamkorbank”га олиб кириб қўйишмаган бўлса-да, билим билан орзулар ушалишини қон-қонимга сингдирганлар. Такрор бўлса-да айтаман, меҳнат туфайли ҳар қандай манзилга етиш мумкинлигини тушунтирганлар. Қаттиққўллик, бироқ меҳр билан ўстирган ота-онам инсонийлик туйғуларини руҳиятимга сингдирганлар.
— Касса мудири вазифасидан бошқа ишга ўтишни ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
— Кассирлик жуда оғир ва масъулиятли касб. Банкнинг юраги дейиш ҳам мумкин бу жойни. Илгари солиқ бошқармаси, Ипотека ҳамда Агробанк филиалларида ҳам шу вазифани бажарганим учун менга унча қийинчилик туғдирмади. Ишим ўзимга ёққани учунми бошқа бўлимга ўтишни ўйлаб кўрмаган эканман. Мақсадим аниқ-ку, қайси вазифада бўлса ҳам одамларга нафим тегса бас.
— Аёл киши учун банкда ишлаш оғир эмасми?
— Агар ҳар бир кунингизни режалаб олсангиз, ҳеч бир иш қийинчилик туғдирмайди. Мен шундай қилганман. Иш, уй, рўзғор, болаларга ажратадиган вақтим ҳамма-ҳаммаси ипга тизилгандай. Айни пайт­да фарзандларим катта бўлиб қолишган. Барчаси шифокор бўлиб ишлайди. Олдингидан-да кўпроқ вазифамга меҳрим ошган, сидқидилдан бажаряпман.  
— Бўш вақтларингизни қандай ўтказасиз?
— Оилам даврасида ўтказишни, саёҳатга чиқишни, Тошкент паркларини айланишни ёқтираман. Икки набирам жонимнинг роҳати — уларни бағримга босиб роҳатланаман.
Биласизми, жуда бахтли аёлман, деб айтоламан ўзимни. Орзуларимнинг ҳаммаси амалга ошяпти. Турмуш ўртоғим билан яхши кунларга етказганига шукур келтираман. Севимли жамоам, яхши кўрган касбим, оилам, яқинларим тинчлиги, саломатлик, қўйингки, инсон учун нимаики керак бўлса — барчаси бор. Ҳозир ҳам меҳнат қилиш, атрофимдагиларга ёрдам бериш имконим мавжуд. Дўстларим кўп. Мана шу бўлса керак ҳаёт гўзаллиги.
— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур!

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА суҳбатлашди.